«BIZNESTRENER.UZ» бу – мамлакатимиз тадбиркор ва фермерлари ютуқларини кўрсатувчи кўзгу, «BIZNESTRENER.UZ» бу – хорижлик ишбилармонлар тажрибалари билан таништирувчи минбар, «BIZNESTRENER.UZ» бу – бой бўлишни истаганлар учун супер портал, «BIZNESTRENER.UZ» бу – тадбиркорлар ва инвесторларни боғлаб турувчи кўприк

biznestrener.uz » Ёш тадбиркорлар » Оилавий бизнесни нолдан бошлаб ривожлантириш учун 10 маслаҳат
Янгилик маълумоти
  • Кўрилди: 3243
  • Муаллий: Admin
  • Вақти: 3-07-2014, 01:34
3-07-2014, 01:34

Оилавий бизнесни нолдан бошлаб ривожлантириш учун 10 маслаҳат

Йўналиши: Ёш тадбиркорлар, Тадбиркорлик фаолияти

 
Оилавий бизнесда сиз билан ҳамкорлик қилаётган одамнинг ким бўлиши – эр ёки хотин, ака ёки опалигидан қатъий назар, компаниянинг тараққиёт йўлида баъзи муаммоларга дуч келиш эҳтимолдан ҳоли эмас. Зеро, маълумотларга кўра, оилавий корхоналарнинг фақат учдан биригина 10 йилдан кейин ҳам фаолиятини давом эттирар экан холос.

Бизнес нолдан бошланаётган илк босқичда муваффақиятсизликлар эҳтимоли ҳам жуда юқори бўлади. Кўпинча бизнесни ривожлантиришда оила аъзоларининг ўзига ишончи унча катта бўлмайди, баъзан улар корхонадаги ўз мавқеларини аниқ белгилаб олишмаган бўлади. Агар оилангиз жуда қалтис аҳволдаги компанияни "оёққа турғазишга” қарор қилган бўлса, таъсисчилар билан бирга фирмани ривожлантиришнинг бир неча захира услублари,  эҳтимолий салбий вазиятлардан чиқиб кетиш режалари ва бошқа майда деталларни муҳокама қилиб олиш зарур. Акс ҳолда олди олинмаган муаммолар боис корхонангиз худди "Титаник” каби чўкиб кетиши мумкин.

Ўтказилган кўплаб тадқиқотлар натижасида бошловчи оилавий бизнес эгалари учун зарур 10 та энг муҳим қоидаларни аниқлаб олдик. Улар корхонада тўғри мувозанатни шакллантириб, оилавий бизнесни муаммоларсиз ривожлантириш имконини беради. Шундай қилиб:

  1. Фаолиятни аниқ чегаралаб олинг. Бизнес – ўз йўлига. Оила – ўз йўлига. Уларни уйғунликда, бирга олиб боришга уриниш пировардида салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Иш юзасидан муҳокамаларни фақат офисда ўтказиш лозим. Ҳар доим ҳам бунинг уддасидан чиқиш қийин бўлса-да, ташқарига фойдали маълумот чиқиб кетишининг олди олинади.

  2. Рол ва мажбуриятларни тақсимланг. Айрим оила аъзолари бир вақтнинг ўзида бир нечта вазифани бажаришларига қарамасдан, ходимларнинг мажбуриятларини таснифлаб қўйган маъқул. Бу турли можаролар ва нохуш ҳолатлар рўй беришига тўсқинлик қилади. Ўта муҳим қарорлар бир неча ходимлар билан ҳамкорликда чиқарилса-да, арзимаган нарсаларни ҳам жамоа иштирокида муҳокама қилиш корхонанинг ўз ташвишлари билан ўралашиб қолиши, пировардида эса ишнинг тўхтаб қолишига олиб келиши мумкин.

  3. Бизнес учун кўпроқ вақт ажратинг. Оилавий қадриятлар учун кўпроқ вақт ажратилиб, иш жараёнига ва бизнес ривожига жиддий эътиборсиз қараш кенг тарқалган хатолардан бири ҳисобланади. Оилавий ҳаёт ва бизнесни ҳар доим ҳам бир хилда олиб бориш қийинлиги табиий. Шу боис компания рисоладагидек фаолият кўрсатиши учун баъзан оила учун ажратиладиган вақтни бироз қисқартиришга тўғри келади.

  4. Оилавий ходимларни қадрланг. Гарчи айрим мутахассислар қариндошларни ишга олишни мақсадга мувофиқ деб топишмаса-да, оилавий бизнеснинг ушбу энг асосий афзаллигидан воз кечиб бўлмайди. Сон-саноқсиз майда корхоналарни хонавайрон бўлиб кетишдан асраб турган нарсалардан бири - уларда қариндошларнинг оилавий бизнес тараққиёти учун фидокорона кураш олиб боришлари билан боғлиқ. Керакли мутахассисликка эга оила аъзолари бизнесни йўлга қўйиб олишда жуда катта роль ўйнашади. Энг асосийси, барча жабҳада меъёрни билиб иш олиб бориш керак. Ойлик маош, мансабдан-мансабга кўтариш, иш режими, мақтов ва танқид борасида оддий ва оила аъзоларидан иборат ходимлар ўртасида тенглик ўрнатилмоғи лозим. "Бегоналар”ни нисбатан қаттиқроқ тергаш ва уларга ўгай кўз билан қарашнинг келажаги йўқ.

  5. Иш муносабатларини ёзма равишда олиб боринг. Ишга оид муносабатларни режалаштириш эндигина иш бошлаган оила аъзолари учун унча қийин кечмайди. Иш жараёнида тушунмовчилик ёки салбий кайфият юзага келишининг олдини олиш учун, одатда, компенсация, улушга оид тўлов ва турли йиғимларни расмийлаштириб бориш талаб этилади.

  6. Иш жараёнида қариндош ва яқинларингизга ортиқча меҳр кўрсатманг. Ходимларнинг билим ва маҳоратидан унумли фойдаланиш, уларни меҳнатга ва жараёнга қўшадиган ҳиссасидан келиб чиққан ҳолда рағбатлантириш лозим.

  7. Аниқ бошқарувни режалаштириб олинг. Бизнесга салмоқли ҳисса қўшган айрим оила аъзолари бошқа ходимларга дакки беришга ўзларини ҳақли деб ҳисоблашади, кўпинча. "Жабрланганлар” эса турли сабабларга кўра раҳбариятга бу ҳақда шикоят қилишдан ийманишади. Бундай вазият ишчиларнинг маънавий руҳияти ва ишчанлигига путур етказиб, уларда норозилик ва ғазаб туйғуларини шакллантиради.

  8. Ташқаридан маслаҳат олишга интилинг. Ривожланиб бораётган оилавий бизнесда қарорлар қабул қилиш жараёни баъзан мураккаблашиб кетиши мумкин. Оилавий бизнеснинг янги ғоялари ва ижодий тафаккур айрим оилавий қадриятлар туфайли салбий натижаларга йўл қўйилмайди. Бизнес самарадорлигини ошириш йўлларидан бири – сизга қариндош бўлмаган профессионаллар билан маслаҳатлашиб туришда кўринади. Оилавий бизнесни нолдан бошлаган компаниялар учун бу, айниқса, муҳимдир.

  9. Босқичма-босқич фаолият режасини ишлаб чиқинг. Режа ва дастурсиз йўлга қўйилган бизнес ҳалокатга юз тутиши мумкин. Режада бизнесни ривожлантириш масаласи аниқ ишлаб чиқилган бўлиши мақсадга мувофиқ. Бундан ташқари, унда молиявий масалалар батафсил очиб берилган бўлиши лозим. Маслаҳатлар берувчи компаниялар, айниқса, режа тузиб олишга қаттиқ эътибор қаратишади.

  10. Ташқаридан тажриба ўрганинг. Агар фарзандларингиз бирга ишлаб, бизнесни  умумийлаштирмоқчи бўлишса, улар бошқа соҳаларда камида уч-тўрт йил ишлаб тажриба орттиришгани маъқул. Энг мақбули, бирлашаётган компаниялар бир-бирига боғлиқ бўлмаган соҳаларда фаолият олиб боришгани дуруст. Бу уларга келажакда фойдали истиқболга эришиш ва оиладан ташқарида бизнес олами қандай ишлашини англашларига ёрдам беради.

        Бизга маълумки, оилавий бизнес ўз рақобатчилари олдида катта афзалликларга эга: бизнесдаги кўпгина рақиблар қариндош ва яқинларингизнинг саъй-ҳаракатлари туфайли анча ортда қолиб кетишади. Агар сиз эндигина оилавий бизнесга қўл урган бўлсангиз, аввалдан тегишли қоидаларга амал қилганингиз маъқул. Хуллас, ёқимли иш муҳитини яратинг ва тажрибали тадбиркорларнинг маслаҳатига қулоқ тутинг.

Ҳурматли мехмон, Сиз рўйхатдан ўтмасдан сайтимизга кирдингиз.
Лекин ўз фикр ва изоҳларингизни рўйхатдан ўтмасдан ҳам қолдиришингиз мумкин.