«BIZNESTRENER.UZ» бу – мамлакатимиз тадбиркор ва фермерлари ютуқларини кўрсатувчи кўзгу, «BIZNESTRENER.UZ» бу – хорижлик ишбилармонлар тажрибалари билан таништирувчи минбар, «BIZNESTRENER.UZ» бу – бой бўлишни истаганлар учун супер портал, «BIZNESTRENER.UZ» бу – тадбиркорлар ва инвесторларни боғлаб турувчи кўприк

biznestrener.uz » Ёш тадбиркорлар » Бугуннинг “хазинабон”и у қандай хислатларга эга бўлиши керак?
Янгилик маълумоти
  • Кўрилди: 1361
  • Муаллий: Admin
  • Вақти: 3-07-2014, 01:06
3-07-2014, 01:06

Бугуннинг “хазинабон”и у қандай хислатларга эга бўлиши керак?

Йўналиши: Ёш тадбиркорлар

Бугунги мавзу барчани бирдек қизиқтириши тайин. Нега деганда, пул ҳаммага керак ва у ҳеч қачон, ҳеч кимга ортиқчалик қилмаган. Фаҳмлаганингиздек, ўз меҳнатимиз билан ишлаб топганимизни қандай қилиб жамғариш мумкинлиги ҳақида би-ир бош қотириб кўрмоқчимиз. Оила, бола-чақа, тўй-ҳашам-у меҳмон-мезбончиликдан орттириш осон эмас, дейсизми? Ҳақсиз. Зеро, ҳар биримиз неча бор ўзимизга ваъда берганмиз – бўлди, тамом, пулни тежайман, орттираман, йиғаман, деб. Аммо мана, неча йилдирки, бу фақат хаёлда, ҳаётда эса...
Тўғри, пул тўплаш, оилавий жамғармани бойитиш, йиғиниш сабаб кўпгина орзу-истаклардан воз кечиш кишидан хў-ўп сабр-тоқат талаб қилади. Хўш, бугунги кунда буни уддалай олган одамнинг ўзи борми? Қуйидаги кичик тадқиқотимиз бу саволга ойдинлик киритса, ажаб эмас.
Феруза Зоҳидова, журналист:
– Ишлаб топган пулимиз дарров жойини топиб кетади. Чунки шунга ўрганиб қолганмиз. Минг даромад ортмасин, шунга яраша чиқимлар, харажатлар ҳам кўпаяверади. Масалан, мен бир пайтлар худди шундай эдим. Кейин ўйлаб қарасам, маош ва қалам ҳақи ҳисобига бир ойда ўртача 850-900 минг сўм пул топарканману унинг бир сўмини ҳам қолдирмай, керак-кераксиз буюмлар, қимматбаҳо атир-упалар, йиллаб жавонда осиғлиқ турганича оҳори тўкиладиган либослар сотиб олаверибман. Бу қандай бедодлик, дедим, ўзимга-ўзим! Рўзғор кам-кўстини турмуш ўртоғинг тўлдирса, коммунал хизмат ҳақию боланинг боғчаси харажатларини ҳам у тўласа... Бир ўзимнинг кийинишим, ювиниб-таранишим, тушлигу йўл кирамга шунча сарфлайманми?! Эртага яна ўзимиздан кўпайишсак, бир хонали уй торлик қилиб қолиши аниқ. Пулни тежаб, йиғсам ва қўлга тутгудек бўлганида турмуш ўртоғимга кўрсатсам, у ҳам хонадонимизни кенгайтириш ҳаракатига тушмайдими?.. Шуларни ўйлаб, ошхонамиздаги жавон тепасида турган бир қутига ҳар ойда юз минг сўмдан йиға бошладим. Ҳозир маош олган куним қутига пул қўяману у ҳақида "унутаман”. Минг зарур бўлмасин, пулим худди йўқдек юз сўмини ҳам ишлатмайман. Даромад йиғилгани сайин ойига юз минг эмас, ундан ҳам кўпроқ орттиришга ҳаракат қилар экан, одам. Мана, икки йил ичида 3,5 миллион сўм жамғариб қўйдим. Буни оилабошимизга кўрсатсам, ўзида йўқ хурсанд бўлиб, дарров икки хонали уй қидиришга тушиши, шубҳасиз.
Диёр Азизов, шифокор:
– Мен учун пул йиғишга жўяли бир сабаб керак. Масалан, бундан уч-тўрт йил аввал ўзим учун ноутбук сотиб олишни ният қилиб, ойлигимдан оз-оз миқдорда жамғара бошладим. Ишхонадаги темир жавонда сақлаган пулларимни бир неча ой ўтиб, санаб кўрсам, ноутбукдан бемалол ортиб қоладиган бўлиб йиғилибди. Худди биров бергандек, севиндим. Техника дўконига бориб, энг яхши ноутбуклардан бирини харид қилдим-да, ортиб қолган 400 минг сўмни қайтадан темир жавонга солиб қўйдим. Жамғарган пулинг бўлса, яхши экан, ахир, бу ҳаёт, иссиқ жонмиз, ҳар не бўлиши мумкин. Бир кунимизга ярайди-да...
Шу ўринда бир маълумот. Айтишларича, америкалик ёзувчи ва журналист Колин Биван "Тежамкорликни ўрганиш сири” номли китобини ёзиш учун ўз оиласида бир йил тажриба ўтказган экан. Мана унинг бу борадаги сўзлари:
"Мен ёзаётган ҳар бир сатримга ўқувчини ишонтиришни истайман. Ишонч қозониш эса осон эмас. Шуни билганим ҳолда кўпчиликнинг долзарб муаммоси бўлмиш мазкур мавзуга қўл уришдан аввал тежамкорликни, энг аввало, ўзимга ўргатдим. Бунинг учун кўпгина одатларни ўзгартиришга тўғри келди. Масалан, ишхонага автомобилда эмас, велосипедда борадиган бўлдим. Бунинг нимаси ёмон? Пулни тежаш билан бирга экологияни асрашга ҳисса қўшаяпман, ахир! Аста-секин тушлик, футбол баҳона дўстлар билан "ювди-ювди”лар, уйга ортиқча ҳашам бериш, музлатгичда қолиб ачийдиган егуликлар сотиб олиш... кабилар ҳақида ҳам жиддий ўйлаб кўриб, харажатларни тенг ярмига қисқартирдим. Шуни айтишим керакки, бу билан ҳеч нарса йўқотмадим. Балки ҳаётим янада кўпроқ мазмун билан бойиди”
Дилноза Оқилова, банк мутахассиси:
– Уззукун офисда ўтириб ишлаганим боис ниҳоятда зерикар, юргим, дунё кўргим, саёҳат қилгим келарди. Аммо бунинг учун ортиқча маблағ қаерда, дейсиз. Ана шундай зерикарли кунларнинг бирида туғилган санамни нишонладим. Ўша куни отам кўнглимга манзур бирор нима олишимни истаб, 300 минг сўм берди. Ишхонамиз жамоасидан ҳам шунча миқдорда конвертга ўралган пул олдим. Ҳамкасбларим: "Дилнозахон, мана, энди бемалол Париж саёҳатига отлансангиз бўлади!”, дейишди ҳазиллашиб. Кулиб қўйдим-у, ичимда ўйладим. Қўлимда оз эмас, кўп эмас, 600 минг сўм бор, уни ҳеч нимага ишлатмай, бир йил давомида йиғсам, неча йиллик орзуим ушалади – Европа саёҳатига бораман! Шундай ширин хаёлда ойига икки юз минг сўмни тежаб, уни энг ишончли одамимга бериб қўядиган бўлдим. Саёҳатга эса бир ярим йилдан сўнг отам иккимиз бордик.
Ҳозир оналик таътилидаман, уйда ўтирибман. Зериккан пайтларим Парижда тушган суратларимга боқсам, ўша бахтиёр кунларга қайтгандек бўламан. Насиб этса, ўз оилам билан ҳам жаҳоннинг энг гўзал шаҳарларига саёҳат қилиш ниятим бор!
Гўзал Султонова, руҳшунос:
– Пул жамғаришда шошқалоқлик ярамайди. Зеро, тежамкор тутум хасисликка айланиб кетмаслиги керак. Қолаверса, тезроқ ва кўпроқ пул йиғаман, деб ўзимизни қийнаб қўйишимиз ҳам тўғри эмас. Жаҳондаги кўплаб молия мутахассисларининг таъкидлашича, ҳар ойда орттирилаётган даромаднинг 10 фоизини жамғариб бориш жоиз экан. Ана шунда ҳаётий зарур харажатларимизни сезиларли даражада қисқартириб, машаққат билан пул йиғишимизга тўғри келмайди.
Руҳшуноснинг фикрича, эртанги кунини ўйлаб пул жамғараётган киши психологик нуқтаи назардан ўз-ўзини тежамкорликка ўргатиши учун қуйидаги "кичик ҳийла”лардан фойдаланиши керак:
* Ҳамёнда ортиқча пул олиб юрмаслик. Бозор ёки савдо дўконига бораётганда аниқ ёзма рўйхат тузиб олиб, шу асосдагина харид қилиш.
* Пластик карточкани имкон қадар кўпроқ уйда қолдириш. Айниқса, дам олиш кунлари.
* Нимадир сотиб олиш истаги туғилган пайтда харидга шошилмаслик. (Бунда киши вақт ўтиб, ўткинчи орзу-ҳавасларга берилмай ҳам яшаш мумкинлигини англайди ва кўп ҳолларда фикридан қайтади).
*"Ишхона бизнеси” билан шуғулланувчи ҳамкасблар (айниқса, аёлларга дахлдор!)нинг қизғин "савдо”сидан имкон қадар узоқ бўлиш.
Анвар Нишонов, ўқитувчи:
– Мен икки жойда фаолият кўрсатаман. Бири коллеж бўлса, иккинчи ишхонам – футбол жамоаси, у ерда матбуот котиби бўлиб ишлайман. Жамоамиз ҳар гал ғалаба қозонганида барча ходимларга маошдан ташқари мукофот берилади. Шуларни йиғиб, яқинда банкда омонат дафтарча очиб қўйдим. Насиб қилса, неварамнинг суннат тўйигача анчагина жамғарилиб қолади, кейин чиройли бир тўй қиламиз!
Ҳа, ҳар кимнинг ўзига яраша режалари, орзу-мақсадлари бор. Шунинг учун ҳам изланади, меҳнат қилади, даромад орттиради ва уни сарфлайди. Аслида, шунинг ўзи бир бахт: соғ-саломатмиз, меҳнатга лаёқатимиз, ҳафсаламиз, эртанги кунга ишончимиз бор. Энг муҳими, топган-тутганимизни яхши кунларга буюрса, бас!
Муборак ОХУНОВА.
Ҳурматли мехмон, Сиз рўйхатдан ўтмасдан сайтимизга кирдингиз.
Лекин ўз фикр ва изоҳларингизни рўйхатдан ўтмасдан ҳам қолдиришингиз мумкин.