«BIZNESTRENER.UZ» бу – мамлакатимиз тадбиркор ва фермерлари ютуқларини кўрсатувчи кўзгу, «BIZNESTRENER.UZ» бу – хорижлик ишбилармонлар тажрибалари билан таништирувчи минбар, «BIZNESTRENER.UZ» бу – бой бўлишни истаганлар учун супер портал, «BIZNESTRENER.UZ» бу – тадбиркорлар ва инвесторларни боғлаб турувчи кўприк

biznestrener.uz » Ёш тадбиркорлар » КИМГА ВА ҚАНДАЙ ҚАРЗ БЕРИШ КЕРАК?
Янгилик маълумоти
  • Кўрилди: 79288
  • Муаллий: Admin
  • Вақти: 4-01-2013, 10:24
4-01-2013, 10:24

КИМГА ВА ҚАНДАЙ ҚАРЗ БЕРИШ КЕРАК?

Йўналиши: Ёш тадбиркорлар

КИМГА ВА ҚАНДАЙ ҚАРЗ БЕРИШ КЕРАК?

 Дўстингиз ёки танишингиз сиздан қарзга пул сўраб келди. Пулингиз бор, йўқ эмас. Нима қиласиз? Берай  десангиз ўзингизнинг режаларингиз пучга чиқади. Унинг устига бу пулни яқин орада қайтаришига ҳам  кўзингиз етмайди. Бермасангиз ўртадаги оқибатга путур етади. Бердингиз ҳам дейлик. Пул ўз вақтида  қайтарилмаганидан кейин боравериб охири аччиқ–аччиқ гапларни айтиб юборасизми? Ёки кечиб  юборасизми? Акс ҳолда барибир ўртадаги оқибатга путур етди-ку. 


Балки ўзингизга пул зарур бўлиб қолди. Мана энди ўйлаб кўринг. Ўз яқинларингиздан пул қарз сўраш керакми? Яхшиси умуман қарз сўрамасдан вазиятдан чиқиш йўлларини излаганингиз маъқулми? Тўғри, сизнинг назарингизда энг тўғри йўл қарз кўтариш. Лекин ҳар қандай ҳолатда ва ҳамма даврларда қарз кўтариш қалтис йўл эканлиги кўрилган ва такидланган.
Қарз олишда:

- Дўстларингиздан ҳаётий эҳтиёжларингиз учун муҳтожлик туғилгандагина қарз сўранг.

- Катта миқдордаги пуллар воситачиларсиз фақат юзма-юз тарзда қарзга олинади ва қайтарилади.

- Қарз олиш ва бериш юзасидан бўладиган ҳар қандай мулоқот гувоҳларсиз кечгани маъқул. Шунингдек, бегоналарга кимдан қанча пул олган ёки берганлигингизни айтмаганингиз тузук.

- Қарз олишда ўз исм-шарифингизни, олинаётган пул миқдорини, уни олиш ва қайтариш муддатларини ёзиб имзолаб қўйиш таклифини ўзингиз киритинг. Бу табиий ва барчамиз амал қилишимиз керак бўлган ҳол.

- Пул қарз олаётганингизда, уни қайтариш вақтини албатта келишиб олинг. Муддатни эса сиз белгилаганингиз яхши.

- Дўстингизга пул нега кераклигини сўрашига зинҳор ўрин қолдирманг. Ўзингиз изоҳ беринг.

- Агар бизнес учун маълум муддатда фойда олиш мақсадида қарз сўраётган бўлсангиз, фақат қайтариш учун қарз сўраманг. Яхшиси шу бизнесда пули билан иштирок этишини, фойдани тақсимлаш шартларини таклиф қилинг. Сиз фойдалансангиз у ҳам фойдаланади. Мабодо "тушиб" қолсангиз масала қандай ҳал этилишини ҳам келишиб олинг.

Қарз беришда:

- бирор кишига пул қарз бериш билан уни қайтиб олмаслик хавфи туғилишини унутманг.

- қарз бермай ўзингиз ҳақингизда ёмон фикр уйғотиш хавфи туғилишини ҳам унутманг.

- қарз берувчига ҳар қандай муддат узоқ, олувчига эса яқин туюлаверади.

- қарздор одам ўз муаммоларида сизни ҳам айблаб, елкасига қарз илиб қўйганингиз учун сизни ёмон кўриб қолиши ҳам мумкин. Бу бемаънилик ва мантиқсизликдай туюлса ҳамки, аксарият қарздорларнинг фикрида ўрнашиб қоладиган нарса.

- тарбиявий жиҳатдан қараганда, пул сўраган кишига қарз бераётиб, сиз ўша одамга ёмонликни раво кўраётган бўласиз. Тўғри, у қарз сўради. Лекин қарз олганидан кейин у одамнинг ўзингизга ҳурматининг бўшашига сабабчи бўлаяпсиз.

- дўстларга қарз бериш ва уни қайтариб олиш қанчалик оғир ишлиги ҳаётда ўз исботини топган. Бу борада кўплаб одамлар катта пулларини ва анчагина дўстларини йўқотишган.

- сармоялар билан боғлиқ ишларда ички туйғу ва билимларингизга кўпам ишонаверманг.

- кимгадир қарз беришдан олдин унинг ишончли одамлигига, қарзини қайтариш бу инсон учун унутилмас қоида эканлигига амин бўлинг. Чунки анча-мунча пулингиз борлиги аён бўлиши билан бир қанча қийинчиликларга дуч кела бошлайсиз. Атрофингда қарз сўраётганлар ичида кундалик эҳтиёжига муҳтожлик сабабида қарз сўраётганларга қараганда текинхўрлар кўпроқ пайдо бўлишади. Бу сон-саноқсиз номуссизлар орасида ростгўйлари ҳам учраши мумкин, лекин сизни чув тушириб, пулингизга эга чиқиш учун ўралашаётганлар кўпроқ бўлади. Буларни аниқлаш жуда мушкул. Баъзан ҳурматли зот, баъзан эса кирчимол бир одам қиёфасида, баъзан қариндош қиёфасида келувчи тиламчилардан қутилишнинг маълум бир усулини ҳеч ким айтиб беролмайди. Дунё яратилибдики, пул топувчилар ва унинг атрофида илашувчилар мавжуд.

- энг яхшиси пул топишингиз билан бағритош бўлиб олманг-у, лекин ўз ўрнида "йўқ" дейишни ҳам ўрганинг. Унутманг! Топган пулларни сақлаб қолиш, уни ишлаб топишдан ҳам оғирроқ.

- пул қарз беришни ё банкирларга, ёки судхўрларга чиқарган. Улар бу ишнинг устаси бўлиб кетишган, сиз эса-йўқ! Улар ўзларини муҳофаза қила оладилар.

- ҳақиқат шундаки, биз кўпинча қарз берамиз. Камдан-кам ҳолда шунчаки бериб юборамиз. Аслида пулни бутунлай бериб юборишни ўрганишимиз керак. Пулни бериш керак, ўзи учун ҳаракат қилиб, тиришиб – тирмашаётган одамга пулни кўпроқ бериш керак.

Қарзни қайтаришда:

- Қарзни олганингиздан кейин уни қайтаришни чўзиб юборманг. Сиз зориққанингизда бакор келган дўстингизни, заруратдан пулни қайтарилишини сўраб, хижолат бўлиб узр сўрашига ўрин қолдирманг.

- Аслида оқил одам олган қарзини қайтарилишини эслатилишигача олиб келмайди, эслатилгач эса, дарҳол карзни қайтаради. Агар эслатилганда қайтаришга қурбингиз етмаса, яқинроқ вақтни белгиланг ва нима қилиб бўлса ҳам шу вақтда қайтаринг.

- Қарзни фақат уни олган кишининг ўзига топширинг. Ўртага тушган одам орқали қайтариш англашилмовчилик, кўнгилсизликларни келтириб чиқариши мумкин.

- Агар қарзни қайтариш муддати белгиланмаган бўлса, уни бир ой ичида бериш лозимлигини билдиради (яъни бир ойлик маош ичида).

Манбаа: ft.uz 

Ҳурматли мехмон, Сиз рўйхатдан ўтмасдан сайтимизга кирдингиз.
Лекин ўз фикр ва изоҳларингизни рўйхатдан ўтмасдан ҳам қолдиришингиз мумкин.
Орқага Олдинга