«BIZNESTRENER.UZ» бу – мамлакатимиз тадбиркор ва фермерлари ютуқларини кўрсатувчи кўзгу, «BIZNESTRENER.UZ» бу – хорижлик ишбилармонлар тажрибалари билан таништирувчи минбар, «BIZNESTRENER.UZ» бу – бой бўлишни истаганлар учун супер портал, «BIZNESTRENER.UZ» бу – тадбиркорлар ва инвесторларни боғлаб турувчи кўприк

biznestrener.uz » Ёш тадбиркорлар » “Мени мақсад доимо олға ундайди”
Янгилик маълумоти
  • Кўрилди: 4504
  • Муаллий: Admin
  • Вақти: 14-01-2014, 10:36
14-01-2014, 10:36

“Мени мақсад доимо олға ундайди”

Йўналиши: Ёш тадбиркорлар

"Идеал" савдо ёрлиғи остида эркаклар устки кийимдарини тайёрловчи Намангандаги "Истиқлол текстел дизайн" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Бахтиёржон Умаров билан суҳбат вақтини телефон орқали келишиб олганимиздан сўнг белгиланган вақтда "Истиқлол" дизайн марказига етиб келдик. Учрашув хонасида ёш йигитни кўриб, очиғи ҳайрон қолдим. 2011 йили ўтказилган "Ташаббус" кўрик-танлови республика босқичида 1-ўринни эгаллаган, бундан улкан ишларга қўл урган тадбиркорни ёши анча катта бўлса керак деб тахмин қилгандим. Бахтиёржон эндигина 34га кирибди.

- Айнан мана шу йўналишда корхона ташкил этишингизга нима сабаб бўлган?

- Мен 5-синфни битирганимдан сўнг дарсдан бўш вақтларимда ҳунар ўрганиш мақсадида костюм-шим тикувчи чеварга шогирд тушганман. Наманганда бу ҳунар азалдан яхши ривожланган. Ушбу ҳунарни пух­та ўрганиб, устозимдан дуо олиб, буюртмалар бўйича костюм-шим тика бошладим. Аста-секин бозорни ўр­ганиб, харидорлар талабларидан келиб чиқиб, дастлаб шим тайёрлашни йўлга қўйдим. Кейин эса уларнинг диди ва талабига мос кўйлак, костюм-шимлар тайёр­лай бошладим. Буюртмалар кўпая боргач, 2006 йили "Истиқлол текстил дизайн” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этдик ва банкдан олинган кредит ҳисобига хориждан дастгоҳлар келтириб, иш кўлами­мизни кенгайтирдик. Ҳозирда корхонамизда 100дан ортиқ киши фаолият кўрсатмоқда. Мавсумга қараб пальто, курткалар ҳам тикилади.

- Шогирдлик даврингизда юз берган энг эсда қоларли воқеани айтиб бера оласизми?

- Бир куни устозимиз сафарга кетганди. Мижозлар­дан бири костюм-шим тиктириш учун материал олиб келиб, устозимизни сўради. У кишининг сафарда эканликларини айтдим. Мижознинг бўй-бастини ўлчаб, материални олиб қолдим ва костюм-шим тикишни бошлаб юбордим. Икки кундан кейин ҳалиги киши келиб яна устозимизни сўради. Усто­зимиз ҳали келмаганини айтдим. Мижоз материа­лини сўраганди, мен тайёр костюм-шимни олиб чиқдим. У киши "материални расво қилибсан” деб жаҳл қилиб костюм-шимни қўлига олди. Сўнг кийиб кўрди, у ёқ-бу ёғини синчиклаб текширди. Ишимдан қониқиш ҳосил қилиб, миннатдорчи­лик билдирди. Унинг ўша пайтдаги қиёфаси ҳали-ҳамон кўз ўнгимдан кетмайди. Жаҳл билан турган одам бирданига ўзгарганди.

- Бозор бор жойда рақобат бўлади. Айниқса, кийим-ке­чаклар бозорида кўпчилик хориж маҳсулотларини сотиб олишга интилади. Бу борада нима дейсиз?

- Тўғри, дастлаб иш бошла­ган йилларимизда харидорлар кўпроқ хориж костюм-шим­ларини сўрашарди. Ўзимизда тайёрланган кийим-кечаклар­ни харид қилгилари келмасди. Лекин биз хорижникидан қолишмайдиган костюм- шимлар тайёрлаш мақсадида тинмай ҳаракат қилдик, изландик. Чет элда тайёрланган кийимларни ўргандик ва халқимиз менталитетига, талабига мос келувчи мо­делларни яратдик. Бугунги кунда олтита патентлашти­рилган моделимиз бўлиб, бу моделларни ўзимизнинг дизайнерлар яратишган. Эндиликда харидорлар хо­рижникини эмас, сифатли маҳсулотни олиш керакли­гини англамоқдалар.

- Хом ашёни қаердан оласизлар?

- Асосан Хитой ва Туркиядан. Хом ашё олишда ма­териалнинг сифати, ранги, юртимиз иқлимига мосли­гини имкон борича текширишга ҳаракат қиламиз.

- Ишлаб чиқаришдан кейинги ўринда сотув ту­ради. Сотув ишлари қандай йўлга қўйилган?

- Корхонамиз қошида ўз дўконимиз бор. Ишлаб чиқарган маҳсулотларимиз мана шу дўконимизда со­тилади. Харидорларга қулайлик яратиш мақсадида фирмалардан бири билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, оёқ кийимлари савдосини ҳам ташкил этганмиз. Дўко­нимизга кирган харидор биратўла шу ернинг ўзида бошдан-оёқ кийим сотиб олиши, пойабзал олиш учун бошқа дўконга бориб юрмаслигини кўзда тутганмиз. Маҳсулотларимизни бошқа вилоятлардан дилерлари­миз келиб олиб кетишади, бундан ташқари, Россияда­ги савдо тармоқлари билан ҳам ҳамкорлик қиламиз. Ишлаб чиқарган кийимларимизнинг 40 фоизи экспорт қилинади. Келгусида фирма дўконлари ташкил қилишни режалаштирганмиз. Бундан ташқари, бозор­ни, харидорлар талабини мунтазам ўрганиб турамиз.

- Сизларнинг савдо ёрлиғингиз остида сохта маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳоллари бўлганми?

- Бир неча йил аввал шундай ҳоллар юз берганди. Аммо ҳозирда одамлар бундай қилиш нотўғри эканли­гини тушуниб етишди.

- Янги моделларни синовдан ўтказиш, уларнинг сифатини текшириш қандай олиб борилади?

- Биласизми, мен ёшлигимдан кийимларимни ўзим бичиб-тикиб келганим учун корхонамизда ишлаб чиқарилган янги моделдаги кийимларни дастлаб ўзим кийиб кўраман. Сифати, эгнимга мослиги, қулайлиги, хуллас, барча жиҳатларини пухта текшириб чиқиб, агар маъқул келса туркум ишлаб чиқаришга жорий этаман.

- Замонавий дизайн маркази ҳам барпо этибсиз­лар...

- 2011 йилда Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов Наманган вилоятига ташриф буюрганлари­да бизнинг корхонамиз иши билан яқиндан танишди­лар. Сифати Европа талабларига жавоб берувчи, керак бўлса уларникидан ҳам зўр кийимлар тайёрлашимиз лозимлигини айтиб ўтиш баробарида, албатта дизайн маркази ҳам қуриш кераклиги, ушбу марказда янги мо­деллар яратиш ҳамда маҳсулотлар кўргазмасини таш­кил этиш борасида маслаҳат бердилар. Шундан сўнг Германия, Италия каби мамлакатлардаги дизайн ва мо­далар уйларининг қандай қурилганлиги, уларда қандай ишлар амалга оширилишини ўрганиб чиқдик. Сабаби, бу мамлакатлар мода борасида узоқ йиллик тажрибага эга. Ана шу тажрибаларни ўрганиб, миллий ва замона­вий меъморчилик асосида дизайн марказини барпо этдик. Мана шу ерда дизайнерларимиз янги моделлар устида иш олиб бори­шади, мавсум олдидан янги модел­ларни ҳамкорларга кўрсатамиз, кол­лекцияларимизни намойиш этамиз.

- Мана шундай муваффақиятларга эришишингизда сизга нима ёрдам берди? Қийинчиликлар ҳам бўлгандир, ана шунда сизда "бўлди, бу ишни тўхтатаман” деган фикр бўлганми?

- Иш бошлаган дастлабки йилла­римизда баъзан маҳсулотларимиз со­тилмай қоларди, ишчиларимизга иш ҳақларини бермасак яна бўлмасди. Ўша пайтларда "бўлди” деган эмас, "нима қилсам экан?” деган фикр тинчлик бермасди. Инсонда мақсад бўлсагина ҳар қандай қийинчиликка дош беради, ҳар қандай муаммони енгиб ўта олади. Менинг мақсадим жаҳон бозоридаги маҳсулотлардан қолишмайдиган, улар билан бемалол рақобат қила оладиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўлган. Ўша мақсадга эришиш истаги, касбимга бўлган меҳрим мени фақат олға ундади. Илгари бизга ўхшаган ти­кувчилар жудаям кўп эди. Йиллар ўтиши билан улар­нинг аксарияти ўз фаолиятларини тўхтатдилар. Яна қайтариб айтаман, инсонни мақсад, ўз ишига меҳр ва сабр муваффақият сари етаклайди. Ишда барака бўли­ши учун ҳалоллик жудаям муҳимлигини ҳам қўшимча қилишим жоиз.

- Барча мақсадларимга эришдим деб ҳисоблайсизми?

- Бу ишларимизнинг бошланиши, мақсадим сари бир қадам деб ҳисоблайман. Камчиликларимиз ҳам бор, уларни ўрганиб, босқичма-босқич тўғрилаб бормоқдамиз. Ҳали қиладиган ишларимиз жудаям кўп. Савдо хизматига катта эътибор қаратмоқчимиз. Келгусида болалар, аёллар учун кийимлар тайёрлаш режамиз бор. Буларнинг барчасига эса ҳукуматимиз, шахсан Президентимиз томонидан тадбиркорлар учун яратиб берилган имкониятлар туфайли эри­шиб бормоқдамиз. Дунёнинг ҳеч қайси мамлакати­да тадбиркорлар учун бу даражада қулай шароитлар яратиб берилмаган. Фақат, мана шу имкониятлар­дан мақсадли фойдаланиш ўз натижасини беради. Юртдошларимиз қачонгача хориж маҳсулотларини харид қиладилар. Одам қилган ишни одам қила ола­ди. Бизнинг тадбиркорларимиз ҳам хорижникидан яхшироқ маҳсулот ишлаб чиқаришга қодирлар. Мен бунга ишонаман.

- Суҳбатингиз учун раҳмат.

Дилшодбек АСҚАРОВ суҳбатлашди.

Ҳурматли мехмон, Сиз рўйхатдан ўтмасдан сайтимизга кирдингиз.
Лекин ўз фикр ва изоҳларингизни рўйхатдан ўтмасдан ҳам қолдиришингиз мумкин.