«BIZNESTRENER.UZ» бу – мамлакатимиз тадбиркор ва фермерлари ютуқларини кўрсатувчи кўзгу, «BIZNESTRENER.UZ» бу – хорижлик ишбилармонлар тажрибалари билан таништирувчи минбар, «BIZNESTRENER.UZ» бу – бой бўлишни истаганлар учун супер портал, «BIZNESTRENER.UZ» бу – тадбиркорлар ва инвесторларни боғлаб турувчи кўприк

biznestrener.uz » Ёш тадбиркорлар » Абдулаҳад РАСУЛОВ: ФИДОЙИЛИК ВА МЕҲНАТГИНА МАҚСАДГА ЕТКАЗАДИ
Янгилик маълумоти
  • Кўрилди: 3416
  • Муаллий: Admin
  • Вақти: 10-01-2014, 12:29
10-01-2014, 12:29

Абдулаҳад РАСУЛОВ: ФИДОЙИЛИК ВА МЕҲНАТГИНА МАҚСАДГА ЕТКАЗАДИ

Йўналиши: Ёш тадбиркорлар, Тадбиркорлик фаолияти

Тадбиркор уддабу­рон, ҳеч ким кўрмаган нарсани кўра оладиган, бошқалардан бир қадам олдинда юрадиган бўлсагина, у ҳақиқий тад­биркор-ишбилармон, эл-юртга нафи тегадиган инсон бўла оларкан. Ан­дижон вилояти, Пахта­обод туманида жойлаш­ган "Отаулло Абдулаҳад” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Абдулаҳад Расулов билан суҳбатлашганимдан сўнг бунга ишонч ҳосил қилдим.

Абдулаҳад Расулов ҳеч кимнинг хаёлига кел­маган ишни – туяқуш боқишни йўлга қўйган экан. Фермер хўжали­гига келиб, дарвозадан чақирганимда Абдулаҳад ака иш кийимида чиқиб келди. Ҳол-аҳвол сўра­шиб, мақсадимни айтга­нимдан сўнг у киши мен ва ҳамроҳимни ичкарига бошлади. "Туяқушларга ўт ўраётувдим, ишимни тугатиб олай, кейин ба­фуржа суҳбатлашамиз. Унгача сизлар туяқушларни томоша қилиб ту­ринглар”, деди Абдулаҳад ака. Ўн дақиқачадан сўнг суҳбатимиз бошланиб кетди.

- Фермерлик фаолиятингизни қачон бошлагансиз?

- 2006 йили ғалла-дон етишти­риш бўйича фермер хўжалигини таш­кил қилдим.

Орадан икки йил ўтгач, сабзавотчи­лик ва асаларичилик йўналишлари ҳам қўшилди. 63 гектар ер майдонимиз бор. Буғдой, шоли ва сабзавот маҳсулотлари етиштирамиз. Бундан ташқари, трико­таж цехи ҳам ташкил қилганмиз.

- Туяқуш боқиш фикри қандай пайдо бўлган?

- Халқимизни озиқ-овқат, гўшт-сут ва мева-сабзавот маҳсулотлари билан таъминлашни қандай қилиб кўпай­тириш борасида ўйланиб юрган кун­ларим эди. Чойхонада дўстлар билан суҳбатлашиб ўтирганимизда кимдир туяқуш боқиш сермаҳсул соҳа эканли­гини айтиб қолди. Ўшанда 2010 йил эди. Шунда мен туяқуш боқишни кўнглимга тугиб қўйдим. Ўзбекистонда ҳали ҳеч ким бу соҳага қўл урмаганди. Аввало Интернет орқали туяқушлар ҳақида етарлича маълумот тўпладим. Улар бизнинг иқлимга мослаша ола­дими, диний нуқтаи назардан унинг гўштини истеъмол қилса бўладими, уларни парваришлаш қандай кечади, хуллас, ҳеч бир жиҳатни эътибордан четда қолдирмадим. Россия, Германия, Дания, Голландияда туяқуш фермала­ри бор экан. Улар билан ҳам мулоқотга чиқдим. Россиядаги фермерлардан бири қизиқ гап айтиб қолди. У "Туяқуш қуш ҳам, ҳайвон ҳам эмас. У пул тайёрлай­диган машина”, деди. Дарҳақиқат, вояга етган туяқуш бир йилда 40 дона тухум қўяркан. Тухумнинг бир донаси жаҳон бозорида 50 доллар экан. Бир килограмм туяқуш гўшти жаҳон бозорида 20 доллар туради. Бир килограмм очилган жўжа 14 ойда 100 килограмм оғирликка эга бўлади. Соф ҳолатда 60 килограмм гўшт беради. Битта туяқушдан 20та жўжа олган тақдирингизда ҳам бир йилдан сўнг икки тонна гўшт олишин­гиз мумкин. Бир ёшли туяқушнинг нар­хи 1000 доллар, бир ҳафталик жўжаси­нинг нархи 500 доллар туради. Туяқуш 80 йил умр кўради, уч ёшидан тухумга киради, беш ёшидан бошлаб жўжа оча­ди. Туяқушнинг пати ҳам қиммат туради. Мана шу жиҳатларни ўрганиб чиққанимдан сўнг туяқуш боқишга жиддий аҳд қилдим. Отамга ния­тимни айтиб дуоларини олдим. 2011 йили Европадан тўртта туяқуш олиб келдик. Яна шуни ҳам айтиб ўти­шим жоиз. Фермамизни ташкил этишда ўша пайтдаги туманимиз ҳокими, ҳозирда Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Қўшоқбоевич Абдураҳмонов ташаббу­симни қўллаб-қувватлаган, биноларимиз қурилиши учун "Агробанк”дан 100 миллион сўм кредит олиши­миз учун ёрдам берган. Имкониятдан фойдаланиб, у кишига миннатдорчилигимни билдирмоқчиман.

- Туяқушларнинг гавдасига қараганда, уларни боқиш ҳам осон бўлмаса керак?

- Албатта. Битта туяқуш бир кунда 2,5 килограмм овқат ейди. Унга асосан 12 хил аралашмадан иборат ем берамиз, бундан ташқари, беда ўриб берамиз. Бе­дани жудаям хуш кўриб ейди. Ёз кунлари 25 литр сув ичади.

- Қишда, совуқ кунларда уларни қаерда сақлайсиз?

- Улар учун махсус бино қурганмиз, ўша ерда яша­шади. Туяқуш табиатга тез мослашувчан, совуққа чи­дамли бўларкан.

- Бино ичидаги туяқуш тухум босиб ётган экан...

- У ота туяқуш. Она туяқуш 11та тухум қўйганди. Туяқушлар навбати билан тухумни босиб ётишади. 47-50 кунда жўжа очиб чиқади. Иккита жўжа очиб чиққанди, бирини отаси кўрмасдан босиб олиб нобуд бўлди. Ҳозир битта жўжани алоҳида қилиб боқяпман. Яна 9та тухумнинг очилишини кутяпман. Шуни ҳам айтишим мумкинки, туяқуш 1960-йилларда хонаки­лаштирилган бўлса-да, шу пайтгача хонакилаштирилган туяқушлар жўжа очиб чиқмаган. Фақат инкубация йўли билан кўпайтирилган. Мен эса табиий йўл би­лан жўжа олишга эришдим.

- Жўжасини қандай боқяпсиз?

- Сабзи қириб бераман, карамни майдалаб бера­ман, беда ейди.

- Шунча ерингиз, трикотаж цехингиз, бунинг устига, юртимиз учун янгилик бўлган туяқуш фермангиз бор. Буларнинг барига ўзингиз қарайсизми?

- Асалариларга жияним қарайди, кенжа ўғлим ва мен деҳқончилик билан шуғулланамиз, акам трико­таж цехини бошқаради, туяқушларга эса асосан да­дам қарайди.

Абдулаҳад аканинг отаси Маҳмудхон бува 85 ёшга кирган бўлиб, биз суҳбатлашаётган пайтда ҳовлида иш қилаётган эди. Бардам ва тетик отахон­га ҳавасимиз келди, у киши суҳбатимизга кейинроқ қўшилди.

- Тадбиркор бир жойда тўхтаб қолмайди. Яна нималарни режалаштиряпсиз?

- Пиллани қайта ишлаб, тола оладиган цехни ишга туширмоқчиман. Бундан ташқари, туяқушларни кўпай­тириб, экотуризмни йўлга қўймоқчиман. Қизиқувчилар фермамизга келиб, туяқушларни кўриб кетишлари мум­кин бўлади.

- Абдулаҳад ака, тадбиркорликда энг асосий нар­са нима? Муваффақиятнинг сири нимада?

- Фидойилик, мақсад ва меҳнат. Инсон қанча кўп меҳнат қилса, қаттиқ меҳнат қилса, албатта, мақсадига етади. Масалан, соат 9дан 5гача ишлаб, ундан кейин дам олиб ётмаслик керак. Соат 5гача ойлик учун иш­ладингми, кейин ўзинг учун ишлаш керак. Фақат ойлик учун ишлаган одам ойликдан бошқа даромадни қўлга киритолмайди.

Бундан ташқари, тадбиркор ўжарроқ, ортга қайтмайдиган бўлиши керак. Қайси соҳага қўл урманг, бошланишида қоқиласиз, йиқиласиз. Ана шунда ишни тўхтатиб қўймасдан, яна ҳаракат қилиш, хатоларни кўра олиш даркор. Ҳар доим ҳам биринчи уринишдаёқ муваффақиятга эришиб бўлмайди. Йиқилдингми, ўрнингдан тур. "Қаерда хато қилдим? Буни қандай тўғрилашим мумкин?” деган саволни ўзингга бер. Бир марта уриниб, "ўхшамади” дейиш ярамайди. Хатолардан хулоса чиқар. Иккинчи марта урин, учинчи марта. Ана шунда ҳақиқий тадбиркор бўла оласан.

Шунингдек, инсон лафзли бўлиши лозим. Ваъда бердими, бажариши шарт ёки қўлидан келадиган ишга ваъда бериши керак. Масъулиятли бўлиш лозим. Агар раҳбар бўлса, ходимларидан аввалроқ ишга келиши, ходимларидан кейин кетиши лозим. Раҳбар ишласа, ходимлар ҳам ишлайди. Кейин муаммодан асло қочиш керак эмас, муаммони ҳал қилиш керак. Муаммодан қочган билан у йўқ бўлиб қолмайди, балки яна янги му­аммоларни келтириб чиқаради. Одамларнинг кўнглини олиш лозим. "Яхшилик қилдингми, унут” деган ақидага амал қилиб яшаш керак.

Шу ерда Маҳмудхон бува ҳам ўз фикрларини баён этди.

- Инсон доимо ҳалол бўлиши керак. Ёлғончилик аралашган ишда барака бўлмайди. Тадбиркор йўқ нарсани бор қиладиган одам бўлиши керак. Янгилик киритиши, нима йўқ бўлса, ўша нарсани ишлаб чиқариши ёки кел­тириши лозим. Худога шукр, юртимиз мисоли жаннат, тинч-фаровон. Тадбиркорлик қиламан деган одамга ҳамма шароитлар мужассам. Ҳалоллик, олға интилиш билан кўп нарсага эришиш мумкин. Меҳнат, ҳаракат инсонни соғлом қилади. Яратган меҳнаткаш, ҳалол инсонларга ҳамиша бе­раверади.

Теран фикр, зукколик ва тадбиркорлик, би­лим ва меҳнатни уйғунлаштириб, мана шундай муваффақиятга эришган Маҳмудхон бува ва Абдулаҳад акага ҳавас қилдик. Ниятимиз, юртимизда шундай тадбиркорлар сафи кенгаяверсин.

Дилшодбек АСҚАРОВ суҳбатлашди.

(Суратлар муаллифи: Жамолиддин ҲАКИМОВ).

Ҳурматли мехмон, Сиз рўйхатдан ўтмасдан сайтимизга кирдингиз.
Лекин ўз фикр ва изоҳларингизни рўйхатдан ўтмасдан ҳам қолдиришингиз мумкин.