«BIZNESTRENER.UZ» бу – мамлакатимиз тадбиркор ва фермерлари ютуқларини кўрсатувчи кўзгу, «BIZNESTRENER.UZ» бу – хорижлик ишбилармонлар тажрибалари билан таништирувчи минбар, «BIZNESTRENER.UZ» бу – бой бўлишни истаганлар учун супер портал, «BIZNESTRENER.UZ» бу – тадбиркорлар ва инвесторларни боғлаб турувчи кўприк

biznestrener.uz » Ёш тадбиркорлар » Асфальт йўлдаги пул...
Янгилик маълумоти
  • Кўрилди: 2772
  • Муаллий: Admin
  • Вақти: 1-07-2014, 23:01
1-07-2014, 23:01

Асфальт йўлдаги пул...

Йўналиши: Ёш тадбиркорлар, Бизнес режа кандай тузилади?, Тадбиркорлик фаолияти

Асфальт йўлдаги пул...

 Жон Хэрричаран таниқли ишбилармон, бизнесда омадга эришган. У – "Сув бўйлаб қадам ташлаш учун қайиқ  олинг” номли машҳур китоб муаллифи ҳам. Хэрричараннинг ҳаётий тажрибалари кўпларга сабоқ бўлади, деб  ўйлаймиз...
 Агар сиз пулларингиз бўлишини хоҳласангиз, бир ишни амалга оширинг.
 Уни сайёрамизнинг бой-бадавлат одамлари амалга оширишган ва амалга оширишмоқда.
 Бу турли қадим маданий ёзма манбаларда қайд этилган, бугун ҳам ёзишмоқда.
 Бу шундай ишки, ким қўл урса, пуллар келади ва бошқа кўплаб одамлар уни амалга оширишдан қўрқишади ҳам.

У қандай иш?

 Эндрю Карнеги ҳам худди шундай қилган. У саноат магнатига айланди.
Пулларга эга бўлишнинг ушбу буюк сири нима ўзи?
У нима эканки, барча-барчага тўғри келса?
Пулларни улашинг.
Бу – ҳақиқат. Пулларни улашинг.
Пулларни ўз ички дунёлари билан ўртоқлашишингизга ёрдам берадиган одамларга улашинг.
Сизни илҳомлантирадиган, сизга хизмат қиладиган, сизга шифо берадиган, сизни севадиган инсонларга улашинг.
Қайтармасликларини ҳисоблаб ўтирмай, пулларингиз бошқа манбадан ва тағин кўпайган ҳолда қайтишини ўйлаб, уларни одамларга улашинг.
1924 йилда Жон Рокфеллер ўзининг ўғлига ёзган мактубида пулларни улашиш тамойилини шундай изоҳлаган эди: "...Пул ишлаб топа бошлаган ёшлик пайтимдаёқ мен пулларимни улаша бошладим ва даромадим кўпайган сари улашадиган пулларим миқдорини ҳам оширавердим”.

Бу сўзларни эслаб қолдингизми?

У тобора кўп пул улашар ва ҳамиша катта-катта даромад оларди. Бутун ҳаёти мобайнида 550 миллион долларни хайр-эҳсон қилди.
Айримлар, Рокфеллер ўз имиджи мақсадида реклама кампаниясини уюштириб, 10 центлик тангаларни улаша бошлаганини айтишади. Бундай эмас. Рокфеллернинг жамоатчилик билан муносабатлари масаласида Айви Ли деган кимса шуғулланарди. Лининг "Оломон учун сарой айёни” номли китобида келтирилган Рэй Элдон Хайберт уқтиришича, Рокфеллер ўн йиллаб ўз изн-ихтиёрига кўра пул улашган. Айви Ли ушбу маълумотларни омма билиши учун келтирган, холос.
П.Т.Барнум ҳам пул улашган. Мен "Ҳар дақиқада туғиладиган мижоз” номли китобимда қайд этганимдек, Барнум хайр-эҳсонга ишонарди. У пул улашса, кейин пул олишини биларди. Барнум ҳам дунёнинг бой одамларидан бирига айланди.
Эндрю Карнеги ҳақида эшитгансиз. У ҳам кўп миқдорда пул улашган. Шубҳасиз, у бадавлат инсонларнинг бири сифатида Америка тарихида қолди.
Брюс Бартон – машҳур реклама агентлиги асосчиси ва "Омаднинг йўқотилган етти сири” номли китобимнинг асосий қаҳрамони ҳам пулларни улашиш тамойилига ишонган. 1927 йилда у шундай деб ёзган эди: "Агар инсон узоқ вақт эзгулик қилавериб, бу юмуш ғайришуурий тарзда унинг одатига айланиб қолса, коинотнинг барча ёруғ кучлари бу инсон қайта излаб кўрмаслиги учун уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди”.
Бартон бестселлерлар муаллифига, афсонавий тадбиркорга, саховатли ҳомийга ва жуда-жуда бадавлат одамга айланди.
Агар кимдир менга, ўтган йилларнинг бу молиявий магнатлари пулларини ўнгга-сўлга ташлаш даражасида бой бўлишган, деса, мен уларнинг қўли очиқлик пул улашганлари боис беҳбудликка эришишганини исботлайман. Бериш олиш сари етаклайди. Бериш улкан бойлик томон элтади.
Яна такрорлайман:
Бериш олиш сари етаклайди.
Бериш улкан бойлик томон элтади.

Бугун бизнес соҳасида салобатли корхоналар учун пул бериш русумга айланди. Бу имиджни кўтаради, ҳеч шубҳасиз, пул оладиганларга ёрдам беради. Қатор компаниялар борки, пул бериб, катта фойда кўрган. Номдор ишбилармонлар бизнесда пул бериш яхшигина самара келтиришини биладилар.
Бироқ менинг айтганларим пулларни алоҳида улашишни назарда тутади. Сиз пул бера бошласангиз, уларни кўп миқдорда олишингиз мумкинлигини назарда тутмоқдаман.
Агар одамлар пул улашиб, нималарнидир нотўғри қилишаётган бўлса, бу уларнинг кам пул беришаётганига боғлиқ. Улар пулларини маҳкам тутиб, агар улашиш вақти келса, ушоққина миқдорда беришади. Шунинг учун омадга эришмайдилар. Сиз кўпроқ, кўпроқ беришингиз керак, ана ўшанда омадга элтажак йўлга чиқиб олган бўласиз.
Бу воқеа кўп йиллар муқаддам жазирама ёз кунларидан бирида рўй берган. Мен озиқ-овқат дўконидан иккита харид қилишим керак эди. Ўша вақтда мен супермаркетнинг тез-тез ташриф буюрувчи харидори бўлиб, пулим ўзимга етмас, ҳафтасига бир марта қиладиган улкан харидга эса қодир эмасдим.
Гап шундаки, бир неча ой аввал узоқ касаллик туфайли ёш рафиқам вафот этган эди. У суғурта қилинмаган. Натижада бир дунё харажат ва тўланажак тоғдек ҳисоб-китоб олдида довдираб қолган эдим.
Мен хизмат жойимда тўлиқ иш куни бўлмас, топганларим икки нафар боламни боқишим учун учма-уч етарди. Вазият чинакамига оғир эди.
Бу воқеа чўнтагимда тўрт доллар билан бир галлон сут (галлон – суюқ ва сочилма жисмлар учун 4,54 литрли ўлчов бирлиги) ва бўлка нон сотиб олиш мақсадида супермаркетга йўл олган куним содир бўлди. Болаларим оч, ейиш учун нимадир харид қилишим лозим эди.
Светофорнинг қизил чироғига тўхтаганимда ўнг томонимда – кўчанинг бир бурчагида турган ёш эркак ва ёш аёлга ҳамда кичкина болакайга кўзим тушди. Чошгоҳ қуёши уларни ёндирадиган даражада нур сочарди.
Эркак "Егулик учун ишлашга розиман” деб ёзилган картон қоғозни ушлаб олган. Аёл шундоқ ёнгинасида. У светофорнинг қизил чироғига тўхтаган ҳар бир автомобилга термилиб қарарди. Икки ёшлардаги гўдак эса ўтлоқ устида ўтирган кўйи бир қўлли қўғирчоқни ўйнаш билан овора эди. Мен бу манзарага қизил чироқ яшил рангга алмашгунча бўлган ўттиз сония ичида гувоҳ бўлдим.
Уларга бир неча доллар бергим келди, аммо бундай иш тутсам, сут ва нонга пулим қолмасди. Тўрт доллар шу маҳсулотларга етарди, холос. Яшил чироқ ёнганида бу учовлонга сўнгги бор қарадим ва икки томонлама айбдорлик ҳисси (чунки бу одамларга ёрдам беролмадим) ва умидсизлик ила (пулим камлиги туфайли улар билан баҳам кўролмадим) газни босдим.
Бутун йўл мобайнида миямда чуқур ўрнашиб қолган бу уч инсоннинг қиёфасидан соқит бўла олмадим. Ёш йигит ва оиласининг ғамгин кўзлари менга тинчлик бермасди. Бошқа чидаб бўлмасди. Мен уларнинг дардини ҳис этган ва нимадир қилишим керак эди. Машинамни шартта бурдим ва орқага – уларни кўрган жойимга қайтдим.
Учовлонга яқинроқ бордим ва тўрт долларимдан икки долларини йигитга узатдим. У миннатдорчилик билдирар экан, кўзларида ёш ғилтиллади. Мен табассум қилиб, супермаркет сари йўлимни давом эттирдим. Сотувда нон ҳам, сут ҳам бўлса керак, деб ўйладим. Фақат нонни ёки сутнинг ўзини сотиб олсам-чи? Шундай қиламан.
Автомобилимни тўхташ жойига олиб кирар эканман, ҳалиги учовлонга қилган эҳсоним ҳақида яна ўйлай бошладим. Тўғри иш тутганим учун кайфиятим кўтарилди.
Машинадан тушаётиб, сирпаниб кетиб қарадим: асфальт устида йигирма долларлик пул ётарди. Сира ишонгим келмасди. Вужудимга титроқ кириб, пулни олдим ва дўконга югурдим. Нафақат нон ва сут, балки ўзимга ниҳоятда керакли бошқа маҳсулотларни ҳам сотиб олдим.
Мен бу воқеани бир умрга эслаб қолганман. У менга олам – ажиб ва жумбоқли эканлигини эслатарди. У менинг Коинот чексизлиги ҳақидаги эътиқодимни мустаҳкамларди. Мен икки доллар бердим ва эвазига йигирма доллар олдим.
Ортга қайтар эканман, ўша оч-наҳор оила ёнида тўхтадим ва яна беш долларни баҳам кўрдим.
Бу менинг ҳаётимдаги кўплаб ҳодисаларнинг фақат биттаси. Шундай тасаввур қоладики, биз қанча кўп берсак, янада кўп оламиз. Афтидан, бу энг мукаммал қонун бўлиб, шу тарзда янграйди: "Нимадир олишни истасангиз, аввал беришингиз керак”.
Қуйидаги тўртлик бор:
Бор экан-да, йўқ экан, битта одам бор экан,
Бошқалар – ҳамма уни жинни, телба дер экан.
У эса индамасдан ўз иши-ла андармон:
Қанчалик кўп улашса, шу қадар бойир омон.

Биз кўпинча беришга ҳеч нимамиз йўқлиги ҳақида ўйлаймиз. Ваҳоланки, яхшилаб қарасак, ўзимиз эгалик қиладиган озгина нарсани ҳам бошқалар билан бўлишиш мумкинлигига фаҳмимиз етади. Кўп пул топиш ва улашиш фурсати келишини кутиб ўтирманг. Камгина нарсани ҳам бўлишсангиз, олам хазинасини очган ва эзгулик уруғини қадаган бўласиз.
Менинг сўзларимга ишонмаслигингиз мумкин. Яхшиси, чин юракдан ҳадя қилинг, ана шунда натижалар сизни ҳайратга солади. Биз кимга берсак, айнан ўшалардан қайтиб келмайди. У биз мутлақо ўйлаб ҳам кўрмаган манбадан келади. Шундай экан, бойлик сари ўз йўлингиздан кетинг.
Ушбу мукаммал тамойил тақдим этаётган имкониятдан фойдаланинг. Ўзингизга имконият беринг. Мукаммал тамойиллар тўхтамасдан ишлайди.
Юқоридаги тарихга мувофиқ равишда баъзан сизнинг сахийлигингизга жавоб жуда тез келади. Бошқа ҳолатларда эса кейинроқ. Нима бўлганда ҳам ишонинг: берганингизга нисбатан анчайин кўп оласиз.
Бераётиб юракда оғриқ билан эмас, аксинча юракда лиммо-лим миннатдорчилик ила ҳадя қилинг. Ҳаммаси қай тарзда рўй берганини кўриб, завқ-шавқ туясиз. Ўзингиздаги оз нарсани ҳам бериб, ҳаётингизга кириб келажак бойлик дарвозасини очинг. Буюк Ўқитувчи айтганидек: "Беринг ва сизга қайтади”. Буни синаб кўринг. Сизга ёқади. 

Ҳурматли мехмон, Сиз рўйхатдан ўтмасдан сайтимизга кирдингиз.
Лекин ўз фикр ва изоҳларингизни рўйхатдан ўтмасдан ҳам қолдиришингиз мумкин.