«BIZNESTRENER.UZ» бу – мамлакатимиз тадбиркор ва фермерлари ютуқларини кўрсатувчи кўзгу, «BIZNESTRENER.UZ» бу – хорижлик ишбилармонлар тажрибалари билан таништирувчи минбар, «BIZNESTRENER.UZ» бу – бой бўлишни истаганлар учун супер портал, «BIZNESTRENER.UZ» бу – тадбиркорлар ва инвесторларни боғлаб турувчи кўприк

biznestrener.uz » Ёш тадбиркорлар » "Ёвузлик маликаси"- миллиардер Леона Хелмсли
Янгилик маълумоти
  • Кўрилди: 5365
  • Муаллий: AsqarBek
  • Вақти: 17-01-2013, 11:31
17-01-2013, 11:31

"Ёвузлик маликаси"- миллиардер Леона Хелмсли

Йўналиши: Ёш тадбиркорлар

"Ёвузлик маликаси" 

 Миллиардер аёл Леона Хелмслини АҚШда "Ёвузлик маликаси” деб аташарди. Чунки унинг қилган фирибгарликлари-ю қинғир ишлари,  ёвузларга хос хатти-ҳаракатлари тилларда достон бўлганди. У умри давомида фақат бойлик тўплаш билан овора бўлди. Умри охирида эса  бойликларини итига мерос қолдириб, ўз исмини тарихга муҳрлаб кетди.

 БРУКЛИНЛИК ЗОЛУШКА

 Леона Хелмсли ёки тўғрироғи, Лена Розентал 1920 йилда Бруклинда польшалик муҳожирлар оиласида дунёга келган. Унинг отаси польяк  яҳудийларидан бўлган Моррис Розентал шляпа тикиб сотиш билан оиласини боқарди. Лена бу оиланинг учинчи қизи эди. Гарчи Ленанинг  тақдири Золушканикига ўхшаса-да, у болалигида Золушкадек қийин ҳаёт кўрмаган, ўгай онаси ва иккита ўгай опаларининг зулмига ҳам дучор бўлмаган. 

Лена болалигиданоқ тартибсиз ва бебош эди. У ҳар куни қайсидир қариндоши билан жанжаллашар, на ота-онаси, на опаларининг сўзига қулоқ соларди. Бу феъл-атвор бутун умри давомида у билан бирга бўлди. У ўзига нисбатан қилинган ёмонликни ҳеч қачон кечирмас, албатта, бир куни қасос оларди.

Мана шу бебош феъли билан у қирқ ёшигача ўз йўлини тополмай жуда қийналди. Ўн саккиз ёшида оиласидан воз кечди. Исм-шарифини ҳам бутунлай ўзгартириб олди. Аввалига у исмини Ли Робертс, кейин Минди Робертс деб ўзгартирди. Ўттиз бешга киргунча у Лени Робертс, Леона Минди Робертс ҳам бўлиб кўрди. Бир неча марта паспорт алмаштиргач, охири Леона Робертс исм-шарифида тўхтади. Агар адвокат Лев Панцирерга турмушга чиқиб, Жей исмли ўғил кўрмаганида исм ўзгартириш жараёни тўхтамаган бўларди ҳам.

Леонанинг Лев билан оилавий ҳаёти беш йил давом этди. Ўғли туғилгач, бир йилдан сўнг улар ажрашишди. Ажрашишгач, Леона тўқимачи тадбиркор Иосиф Любиннинг корхонасига котиба бўлиб ишга кирди. Бир оз ўтгач, Леона Любиннинг ҳам «бошини айлантириб» тегиб олди. Уларнинг никоҳи аввалгисидан кўпроқ давом этди. Тўғри, улар бу орада бир марта ажрашиб, яна қайта оила қуришга ҳам улгуришди. Барибир яна ажрашишди.

Қирқ ёшни уриб қўйган Леона «кўчада қолди». Унинг на маълумоти ва на бирор иш бўйича тажрибаси бор эди. Йигирма ёшли ўғли эса аллақачон онасини ташлаб кетган ва ўз ҳаёти билан яшарди. Аммо Леона руҳан синмади.

ОМАДЛИ ВОСИТАЧИ

Любин билан ажрашгач, Леона «Пиз ва Эллиман» риэлторлик (ижара воситачилиги) идорасига ишга жойлашди. У бу идорада ўзини қайтадан яратди, десак хато бўлмайди. Ҳаммасини нолдан бошлаган Леона олти йил деганда компания вице-президенти даражасига кўтарилди. Шу билан бирга ўзининг «Саттон & Таун Резиденшлз» риэлторлик компаниясини очишга, Манхэттен марказидан ҳашаматли квартира сотиб олишга ҳам улгурди.

Рақобатчилари унинг воситачилик иқтидорига тан беришарди. Чунки Леона мижозларни шунчалик сеҳрлаб ташлардики, улар фақат Леонагагина ишониб қолишарди. Унинг таклифини рад этган мижозларни эса Леона фириб, товламачилик йўли билан бўлса-да ўзи билан ишлашга мажбур қиларди. Шу тариқа у 50 ёшни қаршилади. Унинг исми риэлторлик оламида машҳур эди. Агар у кунларнинг бирида балга бормаганида...

ИМПЕРИЯ МУСТАМЛАКАСИ

Гарри Хелмсли Леона орзу қилган шаҳзода эмасди. Чунки у 30 йилдан бери оилали, ҳаёти бир маромда кечар, барча Америка бойваччалари каби фақат бойлигини кўпайтиришни ўйлайдиган қария эркаклардан бири эди, холос. Аммо Гарри 45 йиллик бизнес фаолияти давомида Нью-Йоркдаги 300га яқин, умумий нархи 5 миллиард долларга баҳоланган кўчмас мулкларнинг эгасига айланишга улгурганди. Нью-Йоркнинг рамзи ҳисобланган Эмпайр-Стейт-Билдинг биноси ҳам унинг мулки эди.

Улар балда танишишди ва бир неча кундан сўнг Леона Гаррининг Helmsley Enterprises компаниясига ишга ўтиб кетди. Орадан икки йил ўтиб, Гарри 33 йил бирга яшаган хотини Ева билан ажрашди. Яна бир йилдан сўнг у Леонага уйланди.

Гаррини қўлга киритган Леона унинг мол-мулкига эгалик қилиш учун юриш бошлади. Аввалига у эрини ўз измига солиб олди. Леона ўзига кераксиз деб ҳисоблаган инсонлар билан эрининг алоқаларини узди. Авваллари юмшоқтабиат бўлган Гарри ҳам бир зумда шафқатсиз бизнесменга айланди. Эр-хотин Хелмслилар ўзларига рақиб бўлганларни ҳар қандай йўл билан «синдириб», наҳангдек ютиб юборардилар.

«QUEEN OF MEAN»

Леонага бу лақабни 30 йил аввал журналистлар қўйишганди. «Mean» сўзи инглизчада турли маъноларни англатар, ана шу маънолардан бири «ёвузлик» эди.

Леонага бундай лақаб берилишига сабаб, унинг Хелмсли меҳмонхоналар тармоғидаги қаттиққўл сиёсати сабаб бўлган. Чунки Леона ходимларга нисбатан жуда қаттиққўл бўлиб, ҳатто мижознинг ёнига кийимида кўзга ташланмас доғ билан келган официантни ҳам ишдан ҳайдарди. Гарчи Хелмсли меҳмонхоналари тармоғининг ўз касаба уюшмаси бўлса-да, бу ташкилот ҳам Леонанинг қаршисида ожизлик қиларди.

Леона Хелмсли империяси бошқарувини тўлиқ қўлга киритди ва ўз сиёсатини юрита бошлади. Унинг иш юритишига акционерлар қаршилик кўрсатишди. Бу қаршиликлар судлашувлар билан якун топар, Леона судда ютқазса ҳам, барибир билганидан қолмасди. Эмпайр-Стейт-Билдингнинг ҳамхўжайини ҳисобланган Доналд Трамп ҳам Леонани ёқтирмас, ҳатто Гарри Хелмслига очиқ хат ёзиб, уни «Америка миллатига иснод келтираётганликда» айблаганди.

Бебошлиги туфайли боши суддан чиқмай қолган, аллақачон 70 ёшни қаршилаб қўйган Леона ва ниҳоят, қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Леона казо-казолар даврасида бир гапни такрорлашни яхши кўрарди: «Мен солиқ тўламайман. Солиқ тўлаш майда одамларнинг иши». Ана шу гапи унга панд берди. Мамлакат солиқ полицияси Хелмслилар оиласини 75 миллион долларлик даромадини солиқдан яширганлик ва 1,2 миллион доллар миқдоридаги солиқни тўламаганликда айблаб ҳибсга олди. Гаррининг соғлигига путур етганлиги сабабли судда айблов асосан Леонага қўйилди. Айблар исботлангач, суд «Ёвузлик маликаси»ни 16 йилга озодликдан маҳрум этди. Аммо Леона барибир сувдан қуруқ чиқди. У кучли адвокатларни ёллаб, қайта судда жазони 18 ойга камайтиришга эришди. Суд ҳукми бўйича, Леона 18 ой қамоқда ўтириши, жамоат ишларига сафарбар этилиши керак эди. Бироқ қамоқ унинг учун курортдай ўтди. Жамоат ишларини эса унинг ўрнига Хелмсли меҳмонхоналарининг ходимлари бажаришди.

Қамоқдан чиққач, «Ёвузлик маликаси» баттар «қутурди». 1982 йилда унинг ўғли Жей Панцирер юрак хуружидан вафот этди. Бу ҳодиса Леонага янги ёвузлик учун сабаб бўлди. У Жейнинг хотини ва болаларини қотилликда айблади ва уларнинг бор мол-мулкини тортиб олди. Йигирма йилга яқин Хелмсли империясига ишлаган Жейнинг уй-жойидан тортиб машинасигача шу компанияга тегишли экан. Леона шуни асос қилиб, судда ютиб чиқди.

1997 йилда Гарри вафот этди. Леона унинг қабр тошига «Мен сени севмаган бир сониям ҳам бўлмаган» деган сўзларни ёздирди.

Орадан ўн йил ўтиб, Леонанинг ўзи ҳам у дунёга рихлат қилди. У эрининг ўлимидан сўнг ўн йил давомида ўзига ҳамроҳ бўлган Мальта болонкаси зотига мансуб Трабл лақабли итига 12 миллион доллар мерос қолдирди. «Ёвузлик маликаси»нинг бошқа бойликлари эса ўлимидан сўнг барча қариндошлари ва набираларига бўлиб берилди. Энг қизиғи, бу ишни суд амалга оширди. Чунки Леона набираларига бир чақа ҳам мерос қолдирмаганди.

Ҳурматли мехмон, Сиз рўйхатдан ўтмасдан сайтимизга кирдингиз.
Лекин ўз фикр ва изоҳларингизни рўйхатдан ўтмасдан ҳам қолдиришингиз мумкин.