«BIZNESTRENER.UZ» бу – мамлакатимиз тадбиркор ва фермерлари ютуқларини кўрсатувчи кўзгу, «BIZNESTRENER.UZ» бу – хорижлик ишбилармонлар тажрибалари билан таништирувчи минбар, «BIZNESTRENER.UZ» бу – бой бўлишни истаганлар учун супер портал, «BIZNESTRENER.UZ» бу – тадбиркорлар ва инвесторларни боғлаб турувчи кўприк

biznestrener.uz » Тадбиркорлик фаолияти » Оилавий бизнес етакчисининг асосий хусусиятлари
Янгилик маълумоти
  • Кўрилди: 1610
  • Муаллий: Admin
  • Вақти: 27-07-2014, 09:55
27-07-2014, 09:55

Оилавий бизнес етакчисининг асосий хусусиятлари

Йўналиши: Тадбиркорлик фаолияти

 
Табиийки, оилавий фирмага раҳбарлик қилиш ва уни муваффақият сари бошлаш учун оила раҳбари билимли, тегишли ваколат ва жавобгарликларга эга, етакчилик қобилиятларига, яъни одамларга таъсир қилиш ва уларни умумий иш йўлида ишлата олиш қобилиятларига эга бўлиши лозим. Шунингдек, мерократия тамойилига амал қилиш лозим.  Яъни, ходимларга уларнинг қариндошлик даражасига эмас, балки қобилиятлари ва меҳнатидан келиб чиқиб муносабатда бўлиш керак.
Аввало одамларнинг кучли тарафларидан фойдаланинг. Масалан, қобилиятли дизайнернинг мансабини ошириш учун бош муҳандис лавозимига тайинлаш фойдасиз. Соҳада унинг тегишли билим ва тажрибаси йўқлиги кўплаб хатоларга олиб келиши мумкин. Агар бирор кишида  ташкилотчилик қобилияти бўлса,  иқтисодчи-таҳлилчи вазифасига ўтказманг. Бундай ҳолатлар яхшиликка олиб келмайди. Одамларни танлашни билинг.  Бунинг учун эса қуйидаги маълумотларни ўқинг.
Одамларга ишонишда давом этинг. Бу бизнесни ривожлантириш ва йириклаштиришга олиб келади. Акс ҳолда якка ишлайсиз. Кўпчилик оилалар ташқаридан одам ва маблағ жалб этишдан қўрқиб, бизнесларини ривожлантира олишмаган. Эътибор қилинг, аравакаш бир умр аравакаш бўлиб қолиб кетади, у ҳеч қачон логистика компаниясига айлана олмайди. Бозорда чиғаноқ сотувчи ҳам ҳеч қачон дўкон оча олмайди.
Ишонч вақт ўтган сари туғилади. Шу боис одамлардан илк хатосидаёқ воз кечманг. Одамлар хато қилиб қўяди, деб ҳамма ишни ўзингиз қилишингиз ҳам нотўғри. Бизнес ҳам спортга ўхшайди. Йиқилсанг дарров туриб давом этиш керак. Акс ҳолда кейин туришга ҳам мажол қолмайди.
Доим, бирор қарорга келишингиз сабабини тушунтиб беринг. Ўз тажрибамдан келиб чиқадиган бўлсам, изоҳ берилмаган буйруқ кўпинча бажарилмай қолиб кетади. Раҳбар обрўси эса пасаяди.
Ходимларга юклатиладиган жавобгарлик уларга мос келиши керак. Аммо уларнинг имкониятидан паст ҳам бўлмаслиги керак. Акс ҳолда улар ўзларига ишончи йўқолгандек ҳис қилишади. Оддий мисол: Сиз бирор ишни ўз зиммангизга олиб, уни бажаришга ишонасиз дейлик. Аммо иш яхши якунланиши учун кимнидир сизга бошлиқ қилиб қўйишади. Натижада сиз ташаббус ва мустақилликни йўқотиб қўясиз ва раҳбарнинг айтганини бажариш билан чекланасиз, ҳатто нотўғрилигини пайқасангиз ҳам.
Унутманг, одамлар сизга ишонсагина, сиз учун маслакдош бўлишади, ишонч йўқолиши билан сиз улар учун етакчи эмас, йўлларидаги халақат берувчи муаммо бўлиб қоласиз. Улар бизнесингизни тарк этишлари, ҳатто айрим ҳолларда бизнесингизни бузишга уринишлари ҳам мумкин. Етакчилик қобилиятлари туғма бўлади, кейин ёшликда сайқал топади. Аммо ҳаёт давомида ривожланиб боради. Шу боис ўз ишингизни очаётганда етакчилик қобилиятингизни муттасил машғулотлар билн ва ўз ишларингизни, юриш-туриш ва қилиқларингизни назорат қилиб боринг.
Жаҳонда Америка тажрибаси таъсирида муваффақиятли бизнесмен қиёфаси шаклланиб борган. Бу жамиятда ҳурматга эга оилали киши бўлиб, холис  ва мантиқий қарорлар чиқаради. Бизнес соҳасида олий маълумотга ва мантиқий тафаккурга эга одамдир. У одатда ўз бизнеси ривожини стратегик тарзда бир неча йил олдиндан кўра олишдек новаторлик хислатига эга.
У ҳозирги замон жаҳон бозоридаги вазиятдан яхши хабардор. Товарга талаб ва таклифнинг кўтарилиш ва пасайиши бўйича иқтисодий қонуниятларини яхши англайди. Фаолиятнинг молиявий кўрсаткичларини яхши тушунади, бухгалтерия ва молиявий ҳисобот асосларидан яхши хабардор. Корхона фаолиятини бир неча йил аввалдан режалаштира олади.
Руҳий жиҳатдан эса бу одам хотиржам ва жаҳлини жиловлай оладиган одам бўлиб, ўз кайфияти ва ҳиссиётларига берилмайди. Ўз қарашларида мустақил ва фаол, шижоатли ва масъулиятли. Шу билан бирга, у жамиятнинг ҳурматли ва виждонли аъзоси, берган ваъдасида туради. Унинг сўзларини муҳр қўйилган ҳужжат каби қабул қилса бўлади.
Бундан ташқари, европалик бизнесмен спорт билан фаол шуғулланади, доим ўз имижи борасида қайғуради, одамлар орасида ҳурматга ва иккиланмасдан бошқаларга таъсир қилиш қобилиятига эга. Одатда тадбиркор улкан кучли интизом ва ўз кучига ишончга эга, у ҳар қандай зарбани қайтаришга тайёр. Қийинчиликлар қаршисида довдираб қолмайди. У қонунларга итоаткор ва еттита қоидага риоя қилади: ҳукуматни, хусусий мулкни ҳурмат қилади, яқинларини ҳурмат қилади ва севади, адолат ва тўғрисўзликка амал қилади, доим кўрпасига қараб оёқ узатади ва қўйган мақсадлари сари олға интилади.
Шу билан бирга, оилавий бизнес етакчиси яқин қариндошларининг ёвуз қутқусига учмаслиги, масъулиятни зиммасига олиши ва мустақил қарорлар чиқара олиши керак. Қолаверса, режалаштириш ва ҳужжатлаштириб қўйишга ҳам катта эътибор қаратиш керак. Кўпинча ҳуқуқий саводсизлигимиз, эртанги кунга ишонч йўқлиги, доимий беқарорлик шундай муаммоларга олиб келади.
Ва ниҳоят, ҳақиқий оилавий бизнес етакчиси ўз ишини сева олиш ва унинг юқори даромадли экани билан фахрлана олишни ўрганиши керак.  Чунки тадбиркорликда таваккалчиликдаги эҳтимолий хавф – бизнеснинг даромадли экани учун ўзига хос тўлов ҳисобланади. Таваккалчилик қанча катта бўлса, кўрилажак фойданинг катта бўлиш эҳтимоли ҳам шунча катта бўлади. Биздаги тадбиркорларга, афсуски, айнан маҳорат ва капитал эмас, балки ўз кучига ишонч ва кучли иззат-нафс етишмайди. Эсда тутиш керакки, ўз дунёқараши ва билимларини доимий равишда кенгайтириб, раҳбарлик қобилиятларини ривожлантириб бориш ҳамда ўз бизнесини ривожлантиришнинг янги истиқболларини кўра билиш керак. Шунинг учун энг обрўли бизнес таълимни олиш учун ўзингиз ва оила аъзоларингиздан куч ва пулни аяманг. Чунки билим кўпинча одамнинг ўзига ишончини шакллантира олади.
Т.Шнуровозова (Россия)
Ҳурматли мехмон, Сиз рўйхатдан ўтмасдан сайтимизга кирдингиз.
Лекин ўз фикр ва изоҳларингизни рўйхатдан ўтмасдан ҳам қолдиришингиз мумкин.