«BIZNESTRENER.UZ» бу – мамлакатимиз тадбиркор ва фермерлари ютуқларини кўрсатувчи кўзгу, «BIZNESTRENER.UZ» бу – хорижлик ишбилармонлар тажрибалари билан таништирувчи минбар, «BIZNESTRENER.UZ» бу – бой бўлишни истаганлар учун супер портал, «BIZNESTRENER.UZ» бу – тадбиркорлар ва инвесторларни боғлаб турувчи кўприк

biznestrener.uz » Тадбиркорлик фаолияти » Дилшода УСМОНОВА: Барака ҳалолликда
Янгилик маълумоти
  • Кўрилди: 5188
  • Муаллий: Admin
  • Вақти: 7-02-2014, 21:09
7-02-2014, 21:09

Дилшода УСМОНОВА: Барака ҳалолликда

Йўналиши: Тадбиркорлик фаолияти

Ишлаб чиқариш йўналишида юқори чўққиларни забт этишни мақсад қилган Дилшода Усмонова ҳунарманду савдогарлар макони бўлган Қўқон шаҳридан. У бугуги кунда ишлаб чиқараётган маҳсулотлари билан бозорни забт этмоқда. Фаолиятини ривожлантириш учун доимо изланишда бўлган Дилшода Усмонова билан суҳбатимиз қизғин кечди.
- Эшитишимча, хориж сафаридан қайтибсиз?
- Ҳа, якиндагина Хитойнинг Урумчи шаҳрига бориб келдим. Сафаримдан максад, хитойлик ҳамкорларимдан фаолиятимга оид сир-синоатларни ўрганиш, тажрибамни ошириш эди. У ерда маҳсулот ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишдим. Бир нарсани аниқ билдимки, ҳозирда бозорларимизда сотилаётган, хорижда ишлаб чиқарилган эркаклар кўйлакларини ўзимизда ҳам уларникидан минг чандон ортиқ ва сифатли қилиб ишлаб чиқариш имкони бор, ишлаб чиқарилмокда ҳам. Бу жараённи ипидан-игнасигача ўрганиб кайтдим.
Фаолиятимни 1996 йилда Хитойдан эркаклар кўйлагини олиб келиб сотиш билан бошлаганман. Аммо мақсадим тайёр маҳсулотни олиб келиб сотиш эмас, балки ана шу маҳсулотни ўзимизда ишлаб чиқариш эди. Турмуш ўртоғим билан маслаҳатлашиб, сафардан бир қанча ускуналар ва маҳсулотларнинг этикеткасини тайёрлаб олиб келдим. Бу ҳаракатларимдан мақсад, маҳсулотнинг таннархини тушириш. Масалан, Хитойдан келтирилган кўйлакларнинг нархи 20 мингдан 35 минг сўмгача, энди тасаввур қилинг, шу кўйлак ўзимизда ишлаб чиқарилса, нархи 10 мингдан 15 минг сўмгача тушади. Сафарим чоғида шу нарсага амин бўлдимки, Урумчидаги фабрикада ишчи кучи арзонлиги учун маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми кенг. Бизда ана шу хитойлик ишчининг меҳнатини ўз тикувчи қизларимиз бажаришса, яхшигина маош олишади.  
- Бу соҳада рақобатчиларингиз бисёр бўлса керак?
- Ҳаёт бор жойда рақобат, рақобат бор жойда ривожланиш бўлади. Лекин табиатан кўнгилчан бўлганлигим учун бошқаларни рақобатчи сифатида эмас, балки мени олға юришга, бир жойда тўхтаб қолмасликка ундовчи омил сифатида кураман.
- Бренд танлашда нималарга эътибор бергансиз?
- "АТ” -  "Аюбхон текстил” деган маънони англатади. Тикаётган кўйлакларимизга оиламиз устуни бўлган Аббосхон аканинг номини бердик, яъни "Ал-Аbbas”.  
- Бизнесни ривожлантириш нима асосида бўлади?
- Бизнесни ривожлантириш аввало тинимсиз меҳнат, изланиш, маслаҳатлашиб ҳаракат қилиш асосида бўлади. Хитойга авввалги сафар борганимда кўйлакларга тугма қадаш технологиясини ўргандим, кейин изма очишни, энди корхонамда маҳсулот тайёрлаш жараёнига барча технологияларни жорий этиш мақсадидаман.   
- Ишчиларингизнинг ойлик маоши ҳақида сўраганимда "Муборакхон қизимизнинг бир ойлик маоши бир миллион сўмдан ортиқ” деган жавобни олдим. Шу тўғрими?
- Ҳа, ишчиларга ишига қараб, яъни ишбай асосида ҳақ тўлайман. Ишчиларимиз қанча кўп ишлашса, шунча кўп маош олишади. Уларни ишга олаётганимда салоҳияти, ҳаракатига эътибор қаратаман.  
- Бизнесда алданганмисиз?
- Ҳа, нимасини айтасиз, жуда кўп бор алданганман. Кўнгилчанлигим менга кўп панд беради. Буюртмачига тайёр маҳсулотни олиб борганимда, "маҳсулотингизни олмайман” деган пайтлар бўлган. Ишонувчанман, лекин фақат олдинга интиламан, соҳани ривожлантириш йўлларини излайман. Шукрки, бизнесдан кўнглим совиётганда турмуш ўртоғим, онам ва фарзандларим менга далда бўлишган. Шунинг учун уларнинг маслаҳати билан меҳнат киламан.
Шу ўринда бир гап. Нафақат бизнесда, балки ҳаётда тўғрилик, ҳалоллик керак ва шарт. Негаки, топган даромадингиз билан сиз бола-чақа бокасиз, оила тебратасиз. Ҳалол йўл билан топилган даромаддагина барака бўлади. Бу оддий ҳақиқат.
- Сиз аввало жонкуяр она, серҳаракат тадбиркор ва..?
- Мени шу даражага етказган муштипар онанинг фарзандиман.
- Сиз учун бизнес муҳимми ёки оила?
- Мен учун оила муҳим. Она, аёл сифатида оилага эътиборим жиддий. Оиламиз бошлиғи ва онамнинг фикрлари мен учун ҳар нарсадан устун. Қандай иш бошлайдиган бўлсам, албатта улар билан маслаҳатлашаман.  
- Тўлақонли бахтлиман дея оласизми?
- Тангрим тўрт мучамни соғ килиб яратди. Менга суянчиқ қилиб тақдиримни Аббосхон акамдек инсон билан боғлади. Шириндан-шакар ўғил-қизлар берди. Дуогўйим онам ёнимда. Ўзим севган ишим билан шуғулланяпман. Шунинг ўзи улкан бахт эмасми?
- Суҳбатингиз учун раҳмат.
Муаттар Муҳаммадшарипова суҳбатлашди.
Ҳурматли мехмон, Сиз рўйхатдан ўтмасдан сайтимизга кирдингиз.
Лекин ўз фикр ва изоҳларингизни рўйхатдан ўтмасдан ҳам қолдиришингиз мумкин.