«BIZNESTRENER.UZ» бу – мамлакатимиз тадбиркор ва фермерлари ютуқларини кўрсатувчи кўзгу, «BIZNESTRENER.UZ» бу – хорижлик ишбилармонлар тажрибалари билан таништирувчи минбар, «BIZNESTRENER.UZ» бу – бой бўлишни истаганлар учун супер портал, «BIZNESTRENER.UZ» бу – тадбиркорлар ва инвесторларни боғлаб турувчи кўприк

biznestrener.uz » Тадбиркорлик фаолияти » Наргиза Рўзиқулова шижоат қатъият тимсоли
Янгилик маълумоти
  • Кўрилди: 3103
  • Муаллий: Admin
  • Вақти: 28-01-2014, 20:44
28-01-2014, 20:44

Наргиза Рўзиқулова шижоат қатъият тимсоли

Йўналиши: Тадбиркорлик фаолияти

Шижоат, қатъият. Бугунги кун тадбиркорида ана шу хислатлар мужассам бўлиши керак. Суҳбатдошимиз Наргиза Рўзиқуловада ҳам узоқни кўра билиш, мақсад сари олға интилиш каби хислатлар бор. Қаҳрамонимиз тадбиркорликнинг аёлларга унчалик ҳам таниш бўлмаган соҳаси – транспорт тизимини танлаган. Мана, салкам икки йилдирки, Навоий вилоятидаги транспорт уюшмаларидан бирини бошқариб келаётган Наргиза бу соҳа қийинчиликларини енгиб ўтиб  келмоқда. 
– Ўз бизнесингизга эътиборингиз қай даражада?
Бизнесни бошлабманки, ишимга чин дилдан ёндашаман. Мақсад сари дадил одимлашим учун аввал қилган хатоларим, ўтган ҳаётимга назар соламан. Негаки, бошланажак ҳар бир ишимда ўша қилган хато ва камчиликларимни такрорламасликка ҳаракат қиламан.  
– Аёл киши учун транспорт тизимида бизнес юритиш қийин эмасми?
– Тўғри. Қийинчиликлари бор. Лекин ўзим бир неча йил аввал бу соҳада иш олиб борганман. Ўшанда вақти келиб ўз транспорт уюшмамга эга бўламан деб ўйлаб юрардим. Буни қарангки, орзуим 2012 йилга келиб рўёбга чиқди.
– Тадбиркорликка кириб келишдан асосий мақсад нима?
– Асосий мақсадим "ўзимни ўзимга кўрсатиш”, яъни ичимдаги яна бир Наргизага кимлигимни исботлашдир. Бизнесни бошлаганда мўмай даромад топиш учун эмас, балки бошлаган ишингизнинг умри боқийлигини таъминлашни мақсад қилсангиз, бу ишни фарзандларингиз, келажак авлодларингиз давом эттирса, ана ўша бизнес ҳақиқий ютуқ бўлади.
– Наргиза Рўзиқулова ҳаёт синовларига бардош берадими?
– Ҳа, албатта. Синовларга чидамаган, бардош бермаган инсон ҳаёт деб аталмиш катта кураш майдонидан четга улоқтирилиб ташланади.
– Бугунги кун тадбиркори қандай бўлиши керак?
– Менимча, аввало ҳалоллик, сабр, орзу-ният, ўзига ва ўзгаларга бўлган ишонч, қийинчиликларга қарши мардонавор курашиш, келажакка ишонч бугунги кунда нафақат тадбиркорда, балки барчада бўлиши керак.
– Қийинчилик деганда нимани тушунасиз?
– Мен учун қийинчилик қандай бўлмасин, мени орзу, омадлар сари етаклайди. Қийинчиликка дуч келсам, олдимга қўйган мақсадларга эришиш йўлларини ўйлайман.
– Бизнесда энг муҳими нима?
– Тадбиркорлик фаолиятида муҳими узоқни кўра билиш, қаттиққўллик, мақсад ва режаларни аниқ белгилаб ҳаракатланиш ва таваккалчилик. Шу кунгача нимага эришган бўлсам таваккалчилик билан эришганман.
– Таваккал қилишингизга турмуш ўртоғингиз қарши бўлса қандай йўл тутасиз?
– Аввало нимага таваккал қилаётганимни, бу ишнинг келгусидаги нафини у кишига тушунтираман. Агарда рад жавобини олсам, ўша ишни бажаришга бўлган иштиёқим янада кучаяди.  
– Турмуш ўртоғингиздан "Наргизанинг қайси хислатларини қадрлайсиз?” деб сўраганимизда "унинг қатъиятли ва уддабурон эканлигини” деган жавобни олдик. Шу ростми?
– Бўлса бордир. (Кулади)
– Халқимизда "ойнинг ўн беши ёруғ, ўн беши қоронғу” деган гап бор. Ойнинг қоронғу қисми келишидан қўрқмайсизми?
– Йўқ, асло. Ҳаммаси ният ва ҳаракатга боғлиқ.  
– Қандай китобларни мутолаа қиласиз?
– Асосан Президентимиз асарларини ўқийман. Улардан куч-қувват оламан.
– Наргиза Рўзиқулова қандай уй бекаси?
– Уй ишларига албатта вақт топаман. Фарзандлар тарбиясига, айниқса қизим тарбиясига жиддий эътибор қаратаман.
– Қизингиз сиз каби тадбиркорликка қўл уришига қандай қарайсиз?
– Тўсқинлик қилмасдим, аммо қизим ўзига хос йўлни танлаши керак. Менинг босиб ўтган йўлимни у ҳам босишини истамайман. Негаки, ҳар бир инсоннинг ўз ҳаёт йўли бўлиши лозим.
– Яна ўн йилдан кейин Ўзбекистонни қандай тасаввур қиласиз?
– Жудаям ривожланган, фуқаролари ҳеч кимдан кам бўлмаган мамлакат бўлади насиб этса. Чунки юртимиз ривожланган давлатлар қаторига кириши учун қадамлар ташланди. Зеро яхши, эзгу ниятлар ила ташланган кадамлар манзили ёрқин бўлади.
Д.Абдукаримов ва сайт муаллифи А.Муртазаев суҳбатлашди.

Ҳурматли мехмон, Сиз рўйхатдан ўтмасдан сайтимизга кирдингиз.
Лекин ўз фикр ва изоҳларингизни рўйхатдан ўтмасдан ҳам қолдиришингиз мумкин.