«BIZNESTRENER.UZ» бу – мамлакатимиз тадбиркор ва фермерлари ютуқларини кўрсатувчи кўзгу, «BIZNESTRENER.UZ» бу – хорижлик ишбилармонлар тажрибалари билан таништирувчи минбар, «BIZNESTRENER.UZ» бу – бой бўлишни истаганлар учун супер портал, «BIZNESTRENER.UZ» бу – тадбиркорлар ва инвесторларни боғлаб турувчи кўприк

biznestrener.uz » Тадбиркорлик фаолияти » ШУҲРАТ ХЎЖАНОВ: “ИНСОН БАЖАРАЁТГАН ИШИДАН ЗАВҚЛАНИШИ КЕРАК...”
Янгилик маълумоти
  • Кўрилди: 3678
  • Муаллий: Admin
  • Вақти: 24-01-2014, 20:27
24-01-2014, 20:27

ШУҲРАТ ХЎЖАНОВ: “ИНСОН БАЖАРАЁТГАН ИШИДАН ЗАВҚЛАНИШИ КЕРАК...”

Йўналиши: Тадбиркорлик фаолияти

Инсоният яралгандан буён яхши ҳаёт кечириш, бунинг учун барча қулайликларни яратиш йўлида бир зум тўхтамайди. Ихтиролар инсонга ҳар гал янги илҳом бағишлагани учун ҳам ҳар бир қулайлик ортидан уни такрорламайдиган ва янада яхшироғи яратилаверади. Машҳур кинофильмдаги машҳур иборага кўра, "яшаш яхши, яхши яшаш ундан ҳам яхши...”

Давр тамаддуни ривожлангани сари инсоннинг эҳтиёжлари ҳам кўпайиб бормоқда. Бир пайтлари похол тўшама, бўйра, кейинчалик кўрпачаларда чордона қуриб ўтирганларнинг, шундоқ ер ёки полга оддий тўшама тўшаб ухлаган кишиларнинг бугунги авлодлари ҳар томонлама қулай, юмшоқ, чиройли, бежирим мебелларда овқатланиш, дам олиш ва ухлаш имкониятига эгадирлар. Юқорида келтирганимиздек, яхши яшаш истагидаги кишилар талабани қондириш учун мебелсоз усталарнинг ҳам қўли қўлига тегмаяпти. Улар ўз мижозларини янада рағбатлантириш, кўнглидан жой олиш ва уларни мамнун қилиш учун изланишдан тўхташмаяпти. Бу эса мебел бозорида ижобий маънодаги рақобат, ранг-баранглик, профессионаллик ва албатта сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришга ҳаракатни ривожлантиради. Мебел бозорининг ўзига хос талаблари ва шартлари мавжуд. Унга кўра, бу соҳада фаолият кўрсатувчилар харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқаришлари, истеъмолчининг хоҳиш-истаги, диди нечоғли эканини ҳис қила олишлари ва бозордаги ўзгаришлардан воқиф бўлиб туришлари керак. Нега деганда, бу йўналишда фаолият кўрсатадиганлар, ҳар хил янгиликлар билан истеъмолчиларни ром этишни мўлжаллаганлар кўп. Харидор эса ҳамиша энг яхшисига талпинади. Юртимиз мебел бозорида ўзига хос услуби, сифатли уй-рўзғор жиҳозлари билан танилган "Divani. Uz” бренди остида фаолият кўрсаётган "IDEA mebel” компанияси директори Шуҳрат Абдусаматович Хўжанов мебел бозорининг ўзига хос ёзилмаган қонунларини пухта ўзлаштирган тадбиркорлардан. У киши билан "Divani. uz” мебел дўконида суҳбат уюштирдик. Бир-биридан чиройли, бир-биридан бежирим юмшоқ, ошхона ва офис мебелларини кўздан кечира туриб тадбиркорни саволга тутаман:

Шуҳрат ака, сизда айрим тадбиркорларда, умуман айни пайтда одамларда камёб бўлиб бораётган самимиятни илғадим...

Раҳмат... Менимча, ҳунарим, ишим ва мижозларимга самимият билан муносабатда бўлганим учун ҳам озми-кўпми муваффақият қозондим ва шу сабабданбугун сиз мени йўқладингиз...

Албатта. Ана шу самимият сизни ҳеч қачон тарк этмаслигини тилаб, суҳбатимизни бошласак. Болалик хотираларингиз билан ўртоқлашсангиз...

Болалигим ҳақида нима десам экан... Шу оддий, ҳамма қатори бола бўлганман. Отам Абдусамат Хўжанов олим, профессор, узоқ йиллар институтларда араб тилидан дарс берганлар. Уларнинг ҳунарлари, энди ҳозирги замон тили билан айтганда хоббилари деймизми, устачилик эди. Менга ҳам отамдан ўтганми, билмадим, кичкиналигимда нуқул бир нарсалар ясаб юрардим. Ўзи юрадиган ғилдиракли машина-ўйинчоқлар, самолётчалар ясардим. Болалигимда машина, трактор, самолёт, умуман техника воситаларини совға қилишса дарров бузиб, ичини очиб кўрардим. (Кулади) Ён қўшнимиз кузатиб юрган экан чоғи, бир куни отамга "Шу ўғлингизни техника соҳасидаги ўқишда ўқитинг, ихтирочи чиқади бундан” деган экан. Уйимизда отамнинг жуда кўп китоблари бор, болалигимда ўша китобларнинг ҳаммасини ўқиб чиққандим. Бизни "мана шу китобни ўқийсан” деб биров мажбурламасди, шунчаки, ўзимда қизиқиш, иштиёқ бор эди китоб ўқишга. Олтинчи синфдалигимда ўнинчи синфларнинг "Физика” дарслигини ўқигим келиб қолди. Қўшнимиз мактабда физикадан дарс берардилар. Бир куни олдиларига чиқиб, ўнинчи синф дарсликларини сўрагандим, "ҳали кичкинасан-ку, уни ўқиб тушунолмайсан” дегандилар. Оёқ тираб турволганимдан кейин дарсликни бериб юбордилар. Ишонсангиз, ўқиб чиқиб, тушунганларимни ўқитувчи қўшнимизга гапириб ҳам берганман. Хуллас, болалигимда жуда қизиқувчан бўлганман-да...

Тадбиркорлик фаолиятига киришиш фикри қачон ва қандай сабаб билан уйғонди?

Мактабни тугатганимдан сўнг ҳарбий хизматга кетдим. У пайтлари хорижий давлатларга аскарликка олиб кетиларди. Хизматдан қайтганимдан кейин мебел таъмирлаш устахонасига ишга кирдим. Собиқ шўро даврида ҳозиргидек сифатли, бежирим мебеллар қаерда дейсиз? Оддий ватин ё хашак солиб қопланган диванлар бўларди. Уйма-уй юриб таъмирталаб бўлиб қолган мебел жиҳозларини тузатардик. Ўша пайтлари хаёлимга эски мебеллардан андоза олиб янгиларини ясаш, мебелларга ўзимнинг тасаввуримни сингдириш фикри пайдо бўлган. У кезларда тадбиркорлик, меҳнатга рағбат йўқ эди. Бунақа нарсаларни ўйлашнинг ўзи хаёлга келмасди. Уйда бир-икки нарса ясаб сотганинг кимнидир қулоғига етиб борса... Ҳар хил мебел жиҳозлари, майда-чуйда уй-рўзғор буюмларини ясаб, "комиссионний магазин” деган дўконлар бўларди - ўшаларга битта-иккита тарқатардим. 1991 йили давлатимиз мустақиллиги эълон қилинди ва шу йилдан бошлаб тадбиркорларга катта аҳамият қаратила бошланди. Ўшанда биринчилардан бўлиб фаолиятимни қонунийлаштирганман. Дастлаб уйда эски мебелларни таъмирлаш билан бирга, янги фасон ва дизайнларда мебеллар ишлаб чиқара бошладим. Шундай қилиб, мебелсозлик соҳасида 1986 йилдан бери фаолият кўрсатаман. "IDEA mebel” фирмаси ва "Divani. Uz” мебел дўконини ташкил этганимизга эса тўрт йил бўляпти.

Мебелларингиз сифати ва кўриниши кўзни қувонтиради. Сиз раҳбарлик қилаётган фирма маҳсулотлари хориж маҳсулотларидан фарқ қилмайди...

Ҳа, аслида ҳам шундай. Мен интернет сайтларида ўтириб, хориж мебел саноати маҳсулотлари билан танишаман. Деярли ҳар битта эътиборимни тортган мебел жиҳозини тасаввуримга келтириб, суратини чизаман. Жойи келганда хорижда харидорбоп ҳисобланган мебел жиҳозларини ўзимизнинг шароитда янада қулайроқ, чиройлироқ ва арзонроқ чиқаришни мўлжаллайман. Ўзбегимиз жуда тежамкор, узоқни ўйлайдиган эл. Битта жиҳоздан ҳар хил ҳолатда ва узоқ йиллар фойдаланишни истайди. Биз эса харидорларнинг диди, хоҳиши ва албатта чўнтаги билан ҳисоблашиб иш кўришимиз керак...

Тадбиркорликда муваффақият қозонишнинг сири нимада дейсиз?

Нафақат тадбиркорликда, умуман ҳар қандай касб ё ҳунарда муваффақият қозонишнинг сири аввало тўғрилик, ростгўйлик ва албатта самимиятда! Қолаверса, инсон ўзи бажараётган ишидан завқланиши керак. Ўз ишини яхши кўриши керак. Ишига пул топиш воситаси деб қарамай, чин дилдан меҳрини бериб бажариши керак. Пулга қизиқиб, унинг ортидан чопиш яхши самара бермайди. Ўз ишини яхши кўрган, вазифасини аъло даражада бажарган киши ҳеч қачон кам бўлмайди ва қуруқ қолмайди. Ўз ишига қунт ва муҳаббат билан ёндашиш керак. Ана шунда ҳам ўзига, ҳам атрофдагиларга нафи тегади. Айримлар бундоқ атрофига қарайди-да, савдо, тикувчилик, овқатланиш мажмуаси ё қандайдир ишлаб чақариш, умуман тадбиркорликнинг бирор-бир тури билан шуғулланаётган, турмуши яхши, ўзига тўқ яшайдиган одамни кўрса, бўлди, "фалончи қилган ишни мен ҳам қиламан-ку” деб қарз-ҳавола қилиб ўша ишни бошлайди. Худо ўнглаб иши юришиб кетса-ку, майли, аммо акси бўлса, қанча қийинчилик, машаққат кўради. Инсон ўзи севган, ўзи тушунган, ўзи хабардор бўлган иш билан машғул бўлиши керак. Масалан, тикувчи бўлса, мижозлари кўп, тиккан кийимларидан истеъмолчилар мамнунми, унда ёнига уч-тўрт шогирд олиб, ҳам бошқаларга ҳунар ўргатиб, ҳам ишини кенгайтириши керак. Уста-дурадгор, ошпаз, қассоб ҳам, умуман тадбиркорликнинг бирор йўналиши билан шуғулланишни истаган киши шу қоидани унутмаслиги шарт деб ўйлайман.

Ҳамиша ёнингизда туриб далда берадиган, маслаҳатчингиз, баъзан танқидлари, баъзан маънавий рағбат бериш билан сизни катта ишларга бошлайдиган яқин кишингиз?

Албатта отам! Отам менинг тадбиркорлик фаолиятимдаги устозим, маслаҳатгўйим. Қолаверса, оилам, барча яқинларимнинг ишим тўғрисидаги фикри мен учун аҳамиятли ҳисобланади.

Дейлик, сизни бирор ерга таклиф қилишди. Борган жойингизда эса компаниянгиз томонидан ишлаб чиқарилган мебеллар билан ясатилган хонага кирдингиз. Шундай пайтда кўнглингиздан қандай ҳислар кечади?

Бундай ҳолатларга кўп тушганман. Лекин кечинмаларимни ифода этолмайман. Биласизми, мана шу кўриб турганингиз мебел жиҳозларининг ҳаммасининг андозасини ўзим чизганман. Иш жараёнида бошидан охиригача ўзим тураман. "Мен директорман, бор, билганларингни қил, мебел чиқарсанглар бўлди” деб ўтириш менга хос эмас. Мебел ясовчи цехга бориб коржомаларни кияман-у, уста ишчиларим билан баб-баравар ишлайман. Тикув цехимизга ўтиб тикувчиларнинг ишини кузатаман, маслаҳатимни бераман, фикримни айтаман. Хуллас, ҳар бир маҳсулот гўёки фарзандимдек азиз менга.

Ҳақиқий маънодаги ижодкор-тадбиркор экансиз-да.

Ҳа, аслида ҳар бир касб эгаси ижодкор бўлиши керак. Менинг ижодим – мана шу мебеллар. Ўз меҳнатим самарасини кўрганимда, албатта хурсанд бўламан.

Келгусидаги режаларингиз?

Аввало, тинчлик, хотиржамлик ва соғлик бўлсин. Чунки бу уч нарса бор жойда барака бўлади. Биз тадбиркорлар эса харидорларимизнинг дидига мос маҳсулотларни ишлаб чиқаришдан тўхтамайлик. Режаларга келсак, фирмамиз фаолиятини кенгайтириш, хориж мебел маҳсулотларини ўзимизда ишлаб чиқариш, вилоятларда дилерлик шахобчаларимизни очиш ва такомиллаштиришни кўзда тутганмиз.

Хайрли ишларингизга омад ва зафарлар ёр бўлсин. Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

Умид АЗИЗ суҳбатлашди.

Ҳурматли мехмон, Сиз рўйхатдан ўтмасдан сайтимизга кирдингиз.
Лекин ўз фикр ва изоҳларингизни рўйхатдан ўтмасдан ҳам қолдиришингиз мумкин.