«BIZNESTRENER.UZ» бу – мамлакатимиз тадбиркор ва фермерлари ютуқларини кўрсатувчи кўзгу, «BIZNESTRENER.UZ» бу – хорижлик ишбилармонлар тажрибалари билан таништирувчи минбар, «BIZNESTRENER.UZ» бу – бой бўлишни истаганлар учун супер портал, «BIZNESTRENER.UZ» бу – тадбиркорлар ва инвесторларни боғлаб турувчи кўприк

biznestrener.uz » Тадбиркорлик фаолияти » Муваффақият формуласини топган аёл
Янгилик маълумоти
  • Кўрилди: 3508
  • Муаллий: Admin
  • Вақти: 20-01-2014, 16:34
20-01-2014, 16:34

Муваффақият формуласини топган аёл

Йўналиши: Тадбиркорлик фаолияти

Аёлнинг зиммасидаги юк оғир. Фарзанд тарбияси, рўзғор ишларидан ортиб тад­биркорлик фаолияти орқали эл-юртга нафи тегаётган аёлларнинг зиммасидаги юк эса янада салмоқли. Юртимизда шун­дай аёллар борки, улар бугунги замона­вий аёл тимсоли десак муболаға бўлмай­ди. Ана шундайлардан бири наманганлик тадбиркор Шоҳистахон Мубошеровадир. Шоҳистахон билан суҳбат жараёнида юрагида ўти бор, иштиёқ ва шижоат билан ҳаракат қилган инсон албатта ўз мақсадига етишига гувоҳ бўлдик.

- Тадбиркорлик фаолиятингизни қачон бош­лагансиз?

- Талабалик пайтимда бошлаганман десам ҳам бўлади. Университетда ўқиётган пайтимда дарсдан сўнг мактабда гуруҳ тарбиячилигини қилардим. Бундан ташқари, курсдошларимнинг рефератлари­ни ёзиб қўшимча даромад топардим.

Университетни битиргач, ўз соҳамда ишладим.

Кейин "Оила зийнати” ўқув марказини ташкил қилдим. Мазкур ўқув маркази вилоятдаги биринчи ўқув марказларидан бири бўлди. Бу ерда қизларга бичиш-тикиш, пазандалик, рўзғор тутиш борасида сабоқлар бердик.

Сўнгра тақдир тақозоси билан тадбиркорлик фаолиятимни бошлашимга тўғри келди. 2011 йил­да қонуний рўйхатдан ўтиб, "Shohista-Mahina- Shahina” масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилдим. Самарқанд шаҳридан бахмал олиб келиб Наманганда тарқата бошладим. Тадбиркорлик бу йўқ нарсани олиб кириш, янгилик пайдо қилиш деганидир. Шу боис Самарқанддан бахмал билан биргаликда вилоятимизда эҳтиёж катта бўлган трансформатор қисмларини ҳам олиб кела бошла­дим. Шу тарзда сармоямни ошириб бордим.

- Қурилиш соҳасига қандай кириб қолдингиз? Ҳарҳолда, аёллар учун бу йўналиш анча нота­ниш ҳисобланади.

- Янгиликка, турли соҳаларга қизиқишим са­бабми, қурилиш материаллари савдосини ҳам йўл­га қўйдим. Мана шу савдо орқасидан қурилишга

меҳрим тушиб қолди. Маслакдошим, ҳамкорим ва маслаҳатгўйим Илҳом ака Ҳусаинов бу борада менга катта ёрдам берди. Дастлаб шартнома асосида боғча, мактабларни реконструкция қилиш ишлари билан шуғулландик. Етарлича тажрибага эга бўлгач, ўзаро маслаҳатлашиб, катта қурилишга қўл урдик. Айни кунларда жамиятимиз томонидан Уйчи туманидаги Жийдакапа мавзесида 13та замонавий типдаги уй­ларни қуриш ишлари якунига етказилмоқда. Бу уй­лар уч хонадан иборат бўлиб, барча қулайликларга эга. Уларнинг умумий қиймати 1 миллиард 722 мил­лион 500 минг сўмни ташкил этади.

- Фаолиятингиз давомида қийинчиликларга дуч келганмисиз?

- Тўсиқларга, қийинчиликларга учрамай эри­шилган ютуқнинг мазаси бўлмайди. Инсонни ана шу тўсиқлар, қийинчиликлар чархлайди, тоблай­ди. Шундагина яхшиларнинг, дўстлар, устозлар, қолаверса, эришган ютуқларингизнинг қадрига етасиз.

- Тадбиркорнинг фаолияти банк билан боғлиқ бўлади. Банкларнинг тадбиркорларга бўлган муносабати ҳақида фикрингиз?

- Албатта, тадбиркорнинг тараққиётга эришиши банкларга ҳам боғлиқ. Биз ҳозирда "Қишлоққурилиш” банки билан ҳамкорлик қиламиз. Банк ходим­ларининг чеҳраларидаги самимийлик, мижозларга чиройли муомала қилишлари банкдан кўнглингиз тў­либ чиқиб кетишига сабаб бўлади. Банкдаги бундай муҳит, нафақат банкдаги, балки ҳар қандай ташки­лотдаги бундай муносабат корхона раҳбарининг юзи ҳисобланади. Вилоятимиздаги ана шундай банклар қаторига "Халқ” банки ва "Ҳамкорбанк” ҳам киради.

- Ютуқларга эришишнинг сири нимада?

- Ҳар бир кишида аввало истак-хоҳиш, мақсад бўлса ҳаракат билан барчасига эришса бўла­ди. Ҳаракатдан тўхтамаслик даркор. Биласизми, фарзандларимга нима дейман? Ҳар қандай очилмай­диган эшик ҳам тақиллатаверсанг бир куни очилади.

Тадбиркорликда энг муҳими, шошилиб қарор чиқармаслик. Шошилиб қилинган ишнинг натижаси хайрли бўлмаслиги мумкин.

- Илк марта қачон ўз меҳнатингиз билан пул ишлаб топгансиз?

- Мен туғилиб-ўсган Чуст туманида қизларни ёшликданоқ ҳунарга ўргатишади. Бешинчи синфда ўқиётганимда ўз қўлим билан тиккан дўппимни ойим етти сўмга сотиб келган. Ойимнинг айтганини қилиб, уч сўмига қанд-ширинлик олиб келиб улаш­ганман. Ирими шундай экан. Тўрт сўмига эса кийим олиб берган.

- Тадбиркорликда нима муҳим? Бошловчи тад­биркорларга қандай маслаҳат берган бўлардин­гиз?

- Тадбиркорларда ҳамжиҳатлик, ўзаро ишонч, ҳалоллик, дил ва тил бирлиги, эзгу ният бўлиши лозим. Ана шундагина уларнинг ишлари юришади.

Ўзимни ҳали бошловчи тадбиркор деб ҳисоблайман. Бўш вақт топишим билан вилоят "Тадбир­кор аёл” уюшмасига келиб, ўзим каби тадбиркорлар билан фикр алмашаман. Ҳали кўп нарсани ўргани­шим кераклигини англайман. Улкан ғалабаларга эришиш учун тинмай ўқиб-ўрганиш лозимлигини ҳис қиламан.

- Ходимларни ишга қабул қилишда нималар­га эътибор берасиз?

- Ишга кирмоқчи бўлган ҳар бир кишининг лаёқатини, хоҳиш-истагини ўрганиб, кейин ишга ола­ман. Ўзи кирмоқчи бўлаётган корхонани ривожлан­тира оладими-йўқми, бу ерда ишлашдан мақсади нима, текшириб кўраман.

- Нимага аямасдан пул сарфлашингиз мумкин?

- Даромад келтирадиган ҳар қандай қонуний ишга пул сарфлашим мумкин. Асосийси, пулни мақсадли сарфлайман.

- Нималарга қизиқасиз?

- Адабиёт, санъатга жудаям қизиқаман. Ўткир Ҳошимов, Саид Аҳмад сингари за­бардаст адибларимиз асарларини ҳар сафар ўқиганимда ўзгача маъно оламан. Габриэл Гарсиа Маркес, Артур Конан Дойл асарларини ҳам такрор-такрор ўқишдан чарчамай­ман. Уйга ишдан соат нечада қайтишимдан қатъи назар, албатта бадиий адабиёт муто­лаа қиламан ёки ўзим севган қўшиқ дискини қўйиб, хонанда билан биргаликда куйлайман. Шу билан чарчоғим ёзилади.

Шунингдек, шеърлар ҳам ёзиб тураман.

- Совға беришни ёқтирасизми? Олишни-чи?

- Ҳар қандай аёл совға олишни ҳам, совға беришни ҳам ёқтиради.

- Пул сиз учун нима?

- Пул мен учун оддий муомала во­ситаси.

- Кун тартибингиз қанақа?

- Соат нечада ухлагани ётган бўл­сам ҳам, эрталаб соат учда уйғонаман. Кунлик режамни тузиб, соат еттида ишга чиқиб кетаман. Баъзан туннинг ўрнига ҳам кундузи бўлса-ю ишлай­версам, умуман бўш вақтим бўлмаса дейман. Лекин фарзандларим учун ал­батта вақт ажратаман.

- Иш сиз учун қизиқишми, заруратми?

- Иш мен учун ҳам қизиқиш, ҳам зарурат. Қизларимнинг ёрқин келажаги учун ҳам ишлайман.

- Сизнингча, муваффақият формуласи қандай?

- Оила тинчлиги + аниқ режа + кўриладиган да­ромад = муваффақият.

- Таваккалчиликка қўл ура оласизми?

- Бизнеснинг ўзи таваккалчиликдан иборат. Биз­несда доимо таваккал қилинади. Аммо бу ўйла­масдан иш қилиш дегани эмас. Бирор янги соҳага қўл уриш, янги ғоямни амалга оширишдан олдин ҳамкорларим Илҳом ака Ҳусаинов, Дилшодбек Ми­замитдинов, Ҳафизхон ака ва Иброҳим акалар би­лан маслаҳатлашаман. Уларнинг фикрларини тинг­ламасдан туриб ўзимча қарор чиқармайман.

- Яна қандай режаларингиз бор?

- Ҳозирча иккита улкан режам бор. Ана шуларни амалга ошириш асосий мақсадимга айланган. Улар­дан биринчиси, аёллар учун кўкрак саратонининг олдини олиш ва соғломлаштиришга мўлжалланган марказ ташкил этиш. Бундай фикрга келишимга эса Хитойда бўлганимда кўрганларим сабаб бўлди. У ердаги аёллар учун мўлжалланган соғломлаштириш марказига кириб ҳайрон қолдим. Бу ерда фитобар­дан фитнесс залигача, пардоз ва массаж хоналаридан тортиб бассейн ва буғланиш хоналаригача бор экан. Марказга кирган аёлларни аввало шифокор кўрикдан ўтказиб, уларга қандай муолажа лозимлиги, қайси хонада қанча вақт бўлиши мумкинлиги борасида кўрсатма берар экан. Тўғриси, бу ерга ташриф буюр­ган аёл камида икки соатсиз чиқиб кетмас, чиқиб ке­таётганда эса соғлигини мустаҳкамлаган ҳолда тарк этар экан. Мен ҳам ана шундай марказни вилояти­мизда ташкил этишга қатъий аҳд қилганман. Иккин­чи мақсадим эса шаҳримизда аҳолининг ишдан сўнг ҳордиқ олиши учун гўзал хиёбон барпо этиш. Маз­кур хиёбон бунёд этилгач, шаҳримиз кўркига янада кўрк қўшилади деган умиддаман.

Мамлакатимизда биз аёлларга кўрсатилаёт­ган эътибор, ғамхўрлик таъриф бериб бўлмай­диган даражада юқори. Вилоят "Тадбиркор аёл” уюшмаси, Наманган шаҳар ва Уйчи тумани ҳокимиятларига ташаббусларимизни қўллаб- қувватлаётганликлари учун минг раҳмат. Биз­га ўзимизни кўрсатиш учун улкан имкони­ятлар яратиб берган Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовга чуқур миннатдор­чилик билдираман. Президентимизнинг ҳар бир чиқишлари, нутқлари менда янги-янги ғоялар пайдо бўлишига, улкан режалар тузиш­га илҳомлантиради. Мақсадим, бизга билдири­лаётган юксак ишончни оқлаш, юртим ободли­ги ва фаровонлиги учун хизмат қилишдир.

- Суҳбатингиз учун раҳмат.

Д. АСҚАРОВ суҳбатлашди.

Ҳурматли мехмон, Сиз рўйхатдан ўтмасдан сайтимизга кирдингиз.
Лекин ўз фикр ва изоҳларингизни рўйхатдан ўтмасдан ҳам қолдиришингиз мумкин.