«BIZNESTRENER.UZ» бу – мамлакатимиз тадбиркор ва фермерлари ютуқларини кўрсатувчи кўзгу, «BIZNESTRENER.UZ» бу – хорижлик ишбилармонлар тажрибалари билан таништирувчи минбар, «BIZNESTRENER.UZ» бу – бой бўлишни истаганлар учун супер портал, «BIZNESTRENER.UZ» бу – тадбиркорлар ва инвесторларни боғлаб турувчи кўприк

biznestrener.uz » Тадбиркорлик фаолияти » “Тадбиркорлик – тинимсиз ҳаракат демакдир”
Янгилик маълумоти
  • Кўрилди: 4868
  • Муаллий: Admin
  • Вақти: 20-01-2014, 09:25
20-01-2014, 09:25

“Тадбиркорлик – тинимсиз ҳаракат демакдир”

Йўналиши: Тадбиркорлик фаолияти

Келажакка ишонч кўзи билан қараб, нафақат ўз манфаати, балки ўзи яшаб тур­ган жамият манфаатини ҳам ўйлайдиган, ҳар доим олға қадам ташлашга тайёр ин­сон ўз олдига буюк мақсадларни қўяди, ул­кан ишларни режалаштиради ва бу режа­ларини амалга ҳам ошира олади. Андижон вилояти, Қўрғонтепа туманидаги "Универ­сал Белла” масъулияти чекланган жами­яти иш юритувчиси Муҳаббат Юлдашева ана шундай инсонлар сирасидан. Муҳаббат опа билан суҳбатимиз жараёнида унинг бугунги эришган ютуқлари билан чекла­ниб қолмаганлиги, жамият манфаати учун яна кўплаб ишларни амалга оширишга ас­тойдил бел боғлаганлигига ишонч ҳосил қилдик.

 

– Сиз трикотаж маҳсулотлари ва пайпоқлар тайёрловчи корхонада фаолият олиб борасиз. Асл касбингиз нима?

– Ҳисобчилик йўналишида таҳсил олганман ва Қўрғонтепа туман улгуржи савдо базасида ҳисобчи бўлиб ишлаганман. Кейин аста-секин савдо соҳасини ўргана бошладим. 2007 йили савдо билан чекланиб қолмай, беш дона тикув машинасини уйимга ўрна­тиб, кичик тикувчилик цехини очдим. Дастлаб аёллар учун халатлар тикиб сотганмиз. Цех ишини қизим Шаҳнозахон юритарди. Тайёрлаган маҳсулотларимизга манзилимиз ва телефон рақамларимиз ёзилган ёрлиқларни ёпиштирганимиз учун тез орада мижозла­римиз сони кўпая бошлади. Буюртмаларни тайёрлаш­га улгурмай қолишимиз мумкинлигини ҳисобга олиб, 2009 йили "Универсал Белла” хусусий корхонасини ташкил қилдик. Туманимиз ҳокимияти ташкилотлар­дан бирига тегишли бўлган қаровсиз бинони ажратиб берди ва иш кўламимиз кенгайди. "Агробанк” томони­дан ажратилган 100 миллион сўм кредитга Хитой Халқ Республикасидан трикотаж дастгоҳларини олиб келиб, меҳнат унумдорлигини оширишга эришдик.

– Тикувчилик цехини очишингизга нима туртки бўлган?

– Вилоятнинг чекка туманида яшаймиз. Маҳалламизда ёшлар кўп. Шу ёшлар бекор юришмасин, ҳам иш билан таъминланишсин, ҳам ҳунарли бўлиш­син, бунинг ортидан оилаларга моддий ёрдам бўлсин деган ниятда цех ташкил қилганман.

– Ҳозирда корхонангизда неча нафар киши меҳнат қилади?

– Трикотаж ва пайпоқ тайёрлаш цехларимизда 60 нафар ёшлар ишлашади.

– Пайпоқ тайёрлаш цехи қачон ишга тушган? Нима сабабдан айнан пайпоқ тайёрлаш цехини оч­гансиз?

– Бозорни, аҳоли эҳтиёжини ўрганиб чиқдим. Шу аснода барчанинг пайпоқ учун эҳтиёжи бор­лиги маълум бўлди. Шундан сўнг ўтган йили ўз маблағларимиз ҳисобига Хитойдан 90600 долларга пайпоқ чиқарадиган замонавий дастгоҳлар келтир­дик. Айни пайтда трикотаж цехимизда ич кийимлар, эркаклар ва болалар учун устки ва спорт кийимла­ри – жами 12 хил маҳсулот тайёрланади. Кунига 1500 дона трикотаж маҳсулотлари, 2500 жуфт пайпоқ ишлаб чиқарилади. Пайпоқ тайёрлаш цехимизда иш икки сме­нада олиб борилади.

– Бу ишларни ташкил қилиш осон бўлмагандир?

– Тўғри, бошланишида қийинчиликлар бўлган. Мана шу соҳани ўрганиш мен учун энг қийини бўлган. Лекин ҳафсалам пир бўлмади, ишни ўргандим, изла­ниб-интилдим. Битта маҳсулот билан чегараланиб қолмадим, янгиликка ҳаракат қилдим.

– Шу даражага етиб келишингизда сизга нима­лар ёрдам берди?

– Турмуш ўртоғим Маъруфжон аканинг доимо ёнимда тиргак бўлиб мени қўллаб-қувватлаши, ғояларимни амалга оширишда ўз меҳнати ва маслаҳатларини аяма­ганлиги корхонамизнинг ривожланишига замин ярат­ди. Шу билан бирга интилувчанлик, қизиқувчанлик, қатъийлик ва таваккалчилик хусусиятларим ҳам ишим­ни йўлга қўйишимда ёрдам берди.

– Демак, таваккалчиликдан чўчимайсиз?

– Йўқ. Ҳамма нарса мақсадга, тиниб-тинчимаслик, ҳаракатга боғлиқ.

– Яна янги йўналишларга қўл уриш ниятингиз борми?

– Албатта. Мен жудаям қизиқувчанман. Битта нарса билан чегараланиб қолишни истамайман. Шу кунлар­да банкдан 300 миллион сўм миқдорида кредит олиб, хориждан яна дастгоҳлар келтирмоқчимиз. Бу ишлаб чиқариш ҳажмини оширади. Бундан ташқари, пойаб­зал ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчиман. Фермер хў­жалиги ҳам ташкил қилиш ниятим бор. Тадбиркорлик – тинимсиз ҳаракат демакдир.

 

– Тадбиркорликда ҳаракатдан ташқари яна ни­маларга эътибор бериш даркор?

– Аввало, шуғулланаётган ёки шуғулланмоқчи бўлган ишини яхши билиши, бу ишни севиши керак. Шундагина киши севган инсонидан ҳеч нарсани ая­магани каби тадбиркор ҳам ўз иши учун жонини фидо қилишга тайёр бўлади.

– Ўз бизнесини йўлга қўйиш учун албатта пул бў­лиши шартми?

– Йўқ, шарт эмас. Миллиардлаб пули бор инсон вақти келса тадбиркор бўла олмаслиги мумкин. Биринчи навбатда ақл, ғоя бўлиши керак. Агарда ақл билан ҳаракат қилинмаса, бор бойлик ҳам ҳавога совурили­ши ҳеч гапмас.

– Аёл кишига ҳам оила, ҳам тадбиркорлик оғирлик қилмайдими?

– "Аёл гулдек нозик, пўлатдек мустаҳкам” деган ибора бор. Аёл киши уддабурон, жонкуяр бўлса, ҳам оилани, ҳам масъулиятли вазифани бемалол эплай олади.

– Оилангиз ҳақида ҳам гапириб берсангиз.

– Бир ўғлимиз, бир қизимиз бор. Ўғлимиз Жавлон­бек Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институ­тида таҳсил олади, қизимиз Андижон машинасозлик институтининг бизнесни бошқариш йўналишини та­момлаган. Келинимиз чевар-дизайнер. Икки нафар набирамиз бор.

– Бўш вақтингизни қандай ўтказасиз?

– Бизда деярли бўш вақт бўлмайди. Аммо маҳалладаги тадбирларга, оиламиз жамулжам бў­либ чақчақлашиб ўтиришга, оилавий саёҳатларга чиқишга албатта вақт ажратамиз. Эрталаб ҳам бу­тун оила йиғилишиб нонушта қиламиз, ҳазил-ҳузул билан кайфиятимизни кўтарамиз. Уйдан доимо хуш кайфият билан чиқишга ҳаракат қиламиз.

– Кўнглингизда яна қандай гапларингиз бор?

– Юртимизда йилдан-йилга тадбиркорлар учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Биздан эса ушбу имкониятлардан унумли фойдаланиш талаб қилинади, холос. Халқимиз фаровонлигини кўзлаб иш олиб бораётган корхоналар мамлакатимизнинг ҳар бир туманида бўлсин дейман. Бизда ҳам хориж маҳсулотларидан қолишмайдиган, керак бўлса улар­никидан минг чандон сифатли маҳсулотлар тайёрла­нади. Мен "Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” деган ёрлиқ остида маҳсулот ишлаб чиқараётганимдан фахрланаман. Ана шундай фахр ҳисси ҳар бир юртдошимизга насиб этишини тилайман.

– Суҳбатингиз учун ташаккур.

Дилшодбек АСҚАРОВ суҳбатлашди.

Ҳурматли мехмон, Сиз рўйхатдан ўтмасдан сайтимизга кирдингиз.
Лекин ўз фикр ва изоҳларингизни рўйхатдан ўтмасдан ҳам қолдиришингиз мумкин.