«BIZNESTRENER.UZ» бу – мамлакатимиз тадбиркор ва фермерлари ютуқларини кўрсатувчи кўзгу, «BIZNESTRENER.UZ» бу – хорижлик ишбилармонлар тажрибалари билан таништирувчи минбар, «BIZNESTRENER.UZ» бу – бой бўлишни истаганлар учун супер портал, «BIZNESTRENER.UZ» бу – тадбиркорлар ва инвесторларни боғлаб турувчи кўприк

biznestrener.uz » Тадбиркорлик фаолияти » Америка Қўшма Штатлари Доллори
Янгилик маълумоти
  • Кўрилди: 83705
  • Муаллий: Admin
  • Вақти: 17-02-2013, 01:14
17-02-2013, 01:14

Америка Қўшма Штатлари Доллори

Йўналиши: Тадбиркорлик фаолияти

 Асрларки унга бўлган қизиқиш сусаймаган. Чунки давлатлар заҳирасининг 50-70 фоизи мана шу валютада сақланади.  Бугунги ҳикоямиз бойликнинг ўзига хос рамзларидан бири бўлган Америка Қўшма Штатлари доллари ҳақида.

 Доллар сўзининг келиб чиқишини 17-18 асрларда Германияда зарб қилинган ва «талер» деб номланган кумуш тангалар  билан боғлашади. Данияда талерлар «далер» тарзида талаффуз қилинади. Инглизлар унга янада жарангдор – доллар  номини беришади. Америка қитъаси испанлар колонияси бўлгани боис бу ҳуддуда испан тангалари ишлатилиб келинади.  Америка Қўшма Штатлари узоқ давом этган урушлардан сўнг мустақилликка эришади ва 1785 йилда бу давлатнинг пул бирлиги доллар деб эълон қилинади.  АҚШнинг биринчи долларлари 1794 йилда кумушдан зарб қилина бошланади. 

Доллар муомалага киритилган вақтдан бошлаб АҚШ ҳукумати унинг қийматини олтин билан боғлаганлар. 1792 йилда олтиннинг бир унцияси 19,3 $ деб белгиланган. 1834 йилда АҚШнинг олтин заҳираси етарли бўлмаганлиги туфайли унция баҳоси 20,67 $ га кўтарилган. Бу қиймат асрлар давомида ўзгариб борсада долларнинг олтин билан баҳоланиши ва боғлиқлиги сақланиб қолинаверган.

Иккинчи Жаҳон урушидан кейин заифлашиб қолган Европа қитъаси давлатларининг миллий валюталари ҳали тикланмаган иқтисод туфайли қадрсизлиги, долларнинг АҚШ ҳукумати томонидан олтинга ламаштирилиши бўйича кафолат ўз ишини қилади. Доллар Кўҳна Қитъага оқиб кела бошлайди.

1944 йилда Бреттон-Вуд келишувига асосан АҚШ ҳукумати 35 доллар эвазига бир троя унцияси миқдорида олтин бериш мажбуриятини олади, олтин асосий валютадан заҳира валютасига айланади.

1960 йилларга келиб бу қийматни сақлаб туриш ҳам муаммога айланади. Олтиннинг нархи яна кўтарилиб кетади. 1971 йилда 38 долларга, 1973 йилда 42,22 $га тенг бўлади. 1971 йилда президент Ричард Никсон долларнинг олтин билан боғлиқлигига чек қўяди, расман бу хабар 1976 йилдагина эълон қилинади. Ўша йилда Ямайка бўлиб ўтган учрашувда валюта тизимларининг ўзгарувчан курси йўлга қўйилади, олтин эркин нархда сотила бошлайди. Бу олтиннинг валюта хусусиятини йўқотганлигини, доллар заҳира валютасига айланганини англатарди. «Энди долларнинг дунё бўйлаб ҳукмронлигига чек қўйилди, олтинга алмашилмайдиган валюта ўз қадрини йўқотади» дея фикр юритганлар тез орада хато қилганларига амин бўладилар. Бу вақтга келиб АҚШ доллари ҳар қандай олди-бердиларда қулайлиги билан қадр қозониб улгурганди.

Доллар ҳақида фактлар:

АҚШ доллари давлат пул бирлиги сифатида Маршалл ороллари, Сальвадорда ҳам ишлатилади;

1961 йилдан кейин чиқарилган ҳар қандай федерал банкнот ҳозирги кунда ҳам тўлов воситаси сифатида қабул қилинаверади. Яъни «эски» пуллар ҳам ўтаверади;

 Биз билган ва кўрган 1, 5, 10, 20, 50, 100 долларликлардан ташқари 2500, 1000, 5000, 10000, 100000 долларликлар ҳам бор. Икки долларлик жуда кам нусхада чиқарилган бўлса, катта қийматдаги пуллар фақат банклараро тўловларда ишлатилган. Тўловларнинг электрон тизими (пул кўчириш) йўлга қўйилгач, бу пуллар муомаладан олинган. Лекин бу банкнотлар ҳали ҳануз кимларнингдир қўлида бор ва уларнинг нумизматик қиймати номинал қийматидан бир неча бробар ортиқ;

Тангаларнинг ҳам ўз номлари бор: 1 центлик - пенни, 5 цент – никель,10 цент – дайм, 25 цент – квотер, 50 цент – хаф деб юритилади;

Ҳар куни АҚШда 35 млн. дона турли номиналдаги банкнотлар ишлаб чиқарилади. Уларнинг умумий қиймати тахминан 650 миллион долларга тенг. Бу пулларнинг 95 %и яроқсиз пуллар ўрнига ишлатилади. 2005 йилда бир банкнотни чоп этиш учун тахминан 5,7 цент сарфланиши ҳисоблаб чиқилган;

АҚШ Федерал Заҳира Тизими маълумотларига кўра 1 долларлик 22 ойда, 5$ 24 ойда, ўнталик 18 ойда, 20$ 25 ойда, 50$ лик – 55 ойда янгисига алмаштирилади. Юзталик энг кўп «яшайди», у 60 ой айланиб юради;

Долларнинг яшил рангда товланиши сабаби ҳам қизиқ. 1869 йилда АҚШ Молия Вазирлиги Филадельфиянинг «Messers J. М. & Сох» компаниясига янги пуллар чоп этиш бўйича буюртма беради. Унгача бўлган даврда доллар асосан оқ-қора рангда бўлиб, фақат бир четигина яшил рангда бўялган. Фотографиянинг пайдо бўлиш туфайли оқ-қора рангдаги пуллар осонгина қалбакилаштирила бошланди. Бунинг олдини олиш мақсадида банкнотларга бошқа ранглар қўшишга қарор қилинади. Фабрикаларда кўп миқдорда яшил бўёқлар борлиги, бошқа ранглар қўшимча ҳаражатлар келтириб чиқариши мумкинлиги учун шу рангга зўр берилади ва доллар «кўкидан» (тўғрироғи «яшилидан») деган яна бир синонимга эга бўлади. Охирги йилларда чоп этилаётган банкнотларда қизил ранг ҳам пайдо бўлди. Ҳар куни доллар ишлаб чиқариш учун тахминан 20 тонна бўёқ сарфланади;

Доллар энг кўп қалбакилаштириладиган валютадир. Шунинг учун АҚШда қалбакилаштиришга қарши курашга доим ҳам қаттиқ эътибор берилади. Доллар қоғозини фақат битта компания ишлаб чиқаради ва бу компанияга  АҚШ ҳукуматидан ташқари ҳар қандай жойга маҳсулот сотиш таъқиқланган. Бўёқлар формуласи АҚШнинг Гравировка ва Муҳр бюроси сири ҳсиобланади. 1990 йилдан бошлаб доллар ҳимояси янада кучайтирилди. Унга қўшимча иплар ва микромуҳр қўйила бошланди. Ҳар 7-10 йилда банкнотлар дизайни ўзгартириб турилади. Доллар фақат иккита фабрикада - Техас ва Вашингтонда тайёрланади ва бу корхоналарда уч минга яқин ходимлар ишлашади;

Чоп этилган пулларнинг 30-50 %и АҚШ ҳудудидан ташқарига чиқиб кетади;

Номинал қийматидан ҳар қандай банкнот тахминан 1 грамм оғирликка тенг;

Банкнотларнинг асосий дизайни 1928 йилда тасдиқланади ва унга кўра пулларда асосан АҚШ президентлари суратлари тасвирланади: 1 долларликда АҚШнинг биринчи президенти Жорж Вашингтон, 2 $ да учинчи президент Томас Жефферсон, 5 $ да 16- президент, Шимол ва Жануб ўртасидаги уруш ғолиби Авраам Линкольн, 10 $ да АҚШ «асосчиларидан бири», биринчи молия вазири Александр Гамильтон, 20 $ да еттинчи президент Эндрю Жексон, 50 $да 18-президент, фуқаролар уруши қаҳрамони Улисс Грант, 100 $ликда олим, публицист ва моҳир дипломат Бенжамин Франклин сурати туширилган.

Ҳурматли мехмон, Сиз рўйхатдан ўтмасдан сайтимизга кирдингиз.
Лекин ўз фикр ва изоҳларингизни рўйхатдан ўтмасдан ҳам қолдиришингиз мумкин.
Орқага Олдинга