«BIZNESTRENER.UZ» бу – мамлакатимиз тадбиркор ва фермерлари ютуқларини кўрсатувчи кўзгу, «BIZNESTRENER.UZ» бу – хорижлик ишбилармонлар тажрибалари билан таништирувчи минбар, «BIZNESTRENER.UZ» бу – бой бўлишни истаганлар учун супер портал, «BIZNESTRENER.UZ» бу – тадбиркорлар ва инвесторларни боғлаб турувчи кўприк

biznestrener.uz » Конунлар » Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш
Янгилик маълумоти
  • Кўрилди: 77099
  • Муаллий: Admin
  • Вақти: 10-12-2012, 00:21
10-12-2012, 00:21

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш

Йўналиши: Конунлар

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ФАРМОНИ
24.08.2011 й.
N ПФ-4354



КИЧИК БИЗНЕС ВА ХУСУСИЙ
ТАДБИРКОРЛИКНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ
УЧУН ҚУЛАЙ ИШБИЛАРМОНЛИК МУҲИТИНИ
ШАКЛЛАНТИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА



Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда бозор иқтисодиётининг асоси бўлган хусусий мулк устуворлигини мустаҳкамлайдиган барқарор қонунчилик базаси яратилганини қайд этиш зарур. Ўрта мулкдорлар синфини шакллантириш, мамлакат иқтисодиётини барқарор юксалтириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадини оширишнинг муҳим омили бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш бўйича қулай ишбилармонлик муҳити ҳамда ишончли ҳуқуқий кафолатлар яратилди.
Натижада сўнгги ўн йилда ялпи ички маҳсулот таркибида кичик бизнес улуши 31,1 фоиздан 52,5 фоизга ўсди, ушбу соҳада бандлик даражаси иқтисодиёт тармоқларида иш билан банд аҳоли умумий сонининг 49,7 фоизидан 74,5 фоизигача ошди. Аҳоли даромадларининг 47 фоиздан зиёди тадбиркорлик фаолиятидан тушган даромадлар ҳиссасига тўғри келади.
"Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили" Давлат дастурига мувофиқ жорий йилда тадбиркорлик фаолиятини кенг ривожлантириш учун янада қулай бизнес-муҳитни яратиш бўйича комплекс чора-тадбирлар қабул қилинди.
Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларни муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш тартиби сезиларли даражада соддалаштирилди ҳамда бу жараён янада очиқлик касб этди. Рўйхатга олиш учун давлат божи ставкаси икки баробарга қисқартирилди. Ишчиларнинг йиллик ўртача сони 100 кишигача кўпайтирилган кичик корхоналар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхати сезиларли даражада кенгайтирилди. Кичик бизнес субъектларини давлат харидлари жараёнига кенг миқёсда жалб қилиш механизми ишлаб чиқилди ва жорий этилди.
Давлат ва назорат идораларининг корхоналар молиявий-хўжалик фаолиятига аралашувини кескин камайтириш ҳамда тадбиркорлик субъектларининг иқтисодий эркинлиги ва ҳуқуқларини сезиларли равишда кенгайтириш бўйича чоралар қабул қилинди. Янги ташкил қилинган кичик корхоналар ва микрофирмаларни режали солиқ текширувларидан озод этиш муддати икки йилдан уч йилга узайтирилди. Солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаётган, шунингдек ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсиш суръатлари ва рентабеллигини таъминлаётган кичик тадбиркорлик субъектларида уч йил давомида солиқ текширувларини ўтказиш тақиқланди.
Тижорат банкларининг капиталлашув даражаси ошмоқда, кичик бизнес субъектларини, айниқса, уларнинг юқори технологик ускуналар харид қилиши учун имтиёзли кредитлаш механизми такомиллаштирилди.
Шу билан бирга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланишига тўсқинлик қилаётган, тадбиркорлик фаолияти эркинлигини чеклаётган бир қатор муаммолар ҳал этилмай қолмоқда.
Тадбиркорлик субъектларининг давлат, солиқ ва назорат идоралари, тижорат банклари билан ўзаро муносабатларини аниқ белгилаб берадиган маъмурий регламент тўлиқ ишлаб чиқилмаган. Очиқлиги таъминланмаган кўплаб рухсат бериш тартиблари ҳамон сақланиб қолмоқда. Назорат идораларининг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашиш ҳолатлари учрамоқда. Кичик бизнес маҳсулотларини ҳудудий ва жаҳон бозорларига олиб чиқиш бўйича амалий механизм яратилмаган.
Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш, бозор ислоҳотларини либераллаштириш ва чуқурлаштириш йўлидан жадал ҳаракат қилиш, тадбиркорликка кўпроқ эркинлик бериш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг мамлакат иқтисодиётидаги роли ва улушини ошириш, экспорт салоҳиятини ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини таъминлаш мақсадида:

1. Қуйидагилар Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликларининг муҳим вазифалари деб ҳисоблансин:
кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги ортиқча бюрократик тўсиқ ва ғовларга барҳам бериш, давлат бошқаруви функцияларини қисқартириш ва тадбиркорликка кўпроқ эркинлик бериш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш, давлат бошқаруви органлари томонидан амалга оширилаётган турли рухсат бериш меъёрлари ҳамда чеклаш тартибларини кескин қисқартириш;
тадбиркорлик фаолияти субъектларининг давлат бошқаруви идоралари, солиқ ва назорат тузилмалари билан ўзаро муносабатларида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, ҳисоботлар тизими ҳамда молия, солиқ ва статистика идораларига ҳисоботларни топшириш механизмини уларни электрон тизим бўйича тақдим этишга босқичма-босқич ўтиш орқали тубдан соддалаштириш;
кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига солиқ, божхона ҳамда бошқа тўловлар бўйича тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш ва унинг самарадорлигини оширишга кўмаклашадиган қўшимча имтиёз ҳамда преференциялар бериш;
кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг тижорат банклари билан ўзаро ҳамкорлик механизмини янада такомиллаштириш ва соддалаштириш, тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, уларга ажратилаётган кредитлар, биринчи навбатда, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этишга, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилишга ва технологик янгилашга йўналтириладиган узоқ муддатли кредитлар ҳажмини кўпайтириш;
кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ташқи иқтисодий фаолиятда кенг иштирок этиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг маҳсулотларини ташқи бозорларга олиб чиқишга кўмаклашиш, экспорт шартномаларини рўйхатдан ўтказиш жараёнини ҳамда умуман божхона маъмуриятчилигини соддалаштириш ва либераллаштириш.

2. Белгилансинки, тадбиркорлик фаолияти субъектларининг барча даражадаги давлат бошқаруви идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари, тижорат банклари билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлар ҳуқуқлари устуворлиги принципига амал қилинади, яъни, унга мувофиқ, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардаги бартараф этиб бўлмайдиган барча зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлар фойдасига талқин этилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда амалдаги қонун ҳужжатларига уларда тадбиркорлар ҳуқуқлари устуворлиги принципини белгилашни кўзда тутувчи ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифларни пухта ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига тақдим этсин.

3. Белгилаб қўйилсинки, 2012 йилнинг 1 январидан саноат соҳасидаги микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкаси 6 фоиздан 5 фоизга камайтирилади.

4. 2011 йилнинг 1 октябридан бошлаб шундай тартиб жорий этилсинки, унга мувофиқ:
солиқлар, божхона божлари ва йиғимлари, шунингдек бошқа мажбурий тўловларни тўлаш муддатларини бузганлик учун пеня миқдори кечиктирилган ҳар бир кун учун пеняни ҳисоблаш тартиби сақланган ҳолда, амалдаги миқдорига нисбатан учдан бир қисмга камайтирилади;
юридик шахслар текширувлар натижалари бўйича қўшимча ҳисобланган солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни, шунингдек молиявий санкцияларни ундириш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб олти ой мобайнида тенг улушларда тўлаш ҳуқуқига эга.

5. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги билан биргаликда барча кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини 2014 йилнинг охиригача солиқ ва молиявий ҳисоботларни топширишнинг электрон тизимига босқичма-босқич ўтказишни таъминласин.

6. Марказий банк, Ўзбекистон банклари ассоциацияси, тижорат банкларининг тадбиркорлик субъектларига нисбатан банк фаолиятининг янада очиқлигини ошириш ва либераллаштириш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи таклифлари қабул қилинсин:
2011 йил 1 сентябрдан кичик бизнес субъектларидан тижорат банкларида миллий валютада ҳисоб рақами очганлик учун тўлов ундиришни бекор қилиш;
тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг келишилган ҳажмда кредитлар ажратиш ҳақидаги аризаларини кўриб чиқиш муддатини уч банк кунидан ошмайдиган муддат билан чеклаш;
хўжалик субъектлари томонидан савдо ва сервис соҳасида харид қилинадиган товар (иш, хизмат)лар учун корпоратив пластик карталардан фойдаланган ҳолда тўловларни амалга оширишда тўлов терминаллари чекларини бирламчи бухгалтерлик ҳужжатларига тенглаштириш;
кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига банк муассасаларига энг кам иш ҳақининг йигирма баробари миқдоригача бўлган нақд пул тушумини мустақил топшириш ҳуқуқини бериш.

7. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ўзбекистон банклари ассоциацияси, тижорат банклари билан ҳамкорликда бир ой муддатда халқаро молия тузилмалари, хорижий жамғармалар ва банклар билан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига тижорат банклари томонидан янги технологик ускуналар харид қилиш учун бериладиган кредитларнинг гаров билан қопланмаган қисми бўйича таъминотни тақдим этиш учун Тадбиркорликни ривожлантириш бўйича кафолатлаш фондини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

8. Микрофирмалар ва кичик корхоналар ўзи ишлаб чиқарган товар (иш, хизмат)ларни экспорт қилишдан тушадиган валюта тушумининг 50 фоизини мажбурий сотишдан озод этилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг "Марказсаноатэкспорт" давлат акциядорлик ташқи савдо компанияси қошида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича "Ўзтадбиркорэкспорт" ихтисослаштирилган ташқи савдо компаниясини ташкил этиш ва 2011 йилнинг охиригача республика ҳудудларида унинг ваколатхоналарини очиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

10. Хўжалик субъектлари ўрнатилган технологик ускуналарга Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича республика ҳудудига олиб келинадиган эҳтиёт ва бутловчи қисмлар учун 2016 йилнинг 1 январигача божхона тўловларини (божхона расмийлаштириш йиғимлари бундан мустасно) тўлашдан озод этилсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунлари лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритсин:
юридик шахслар учун солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш билан боғлиқ бўлмаган санкцияларни бекор қилиш, айни пайтда такрорий қонунбузарликка йўл қўйган хўжалик субъектларининг мансабдор шахсларининг маъмурий жавобгарлигини икки баробарга ошириш;
божхона назорати муддатини уч йил билан чеклаш, шунингдек товарлар божхона назоратидан ўтказилгандан бир йил кейин, божхона тўловларини қўшимча ҳисоблашни тақиқлаш.

12. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклиф киритсин.

13. Ушбу Фармон ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев зиммасига юклансин.

  


Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримов

 




"Халқ сўзи", 2011 йил 25 август
"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 34-35-сон, 344-модда
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2011 йил, 8-сон, 219-модда

Бўлим: Конун, Кичик бизнес

Ҳурматли мехмон, Сиз рўйхатдан ўтмасдан сайтимизга кирдингиз.
Лекин ўз фикр ва изоҳларингизни рўйхатдан ўтмасдан ҳам қолдиришингиз мумкин.