«BIZNESTRENER.UZ» бу – мамлакатимиз тадбиркор ва фермерлари ютуқларини кўрсатувчи кўзгу, «BIZNESTRENER.UZ» бу – хорижлик ишбилармонлар тажрибалари билан таништирувчи минбар, «BIZNESTRENER.UZ» бу – бой бўлишни истаганлар учун супер портал, «BIZNESTRENER.UZ» бу – тадбиркорлар ва инвесторларни боғлаб турувчи кўприк

biznestrener.uz » Конунлар » Фермер хужаликлари тугрисида конун
Янгилик маълумоти
  • Кўрилди: 83754
  • Муаллий: Admin
  • Вақти: 9-12-2012, 23:56
9-12-2012, 23:56

Фермер хужаликлари тугрисида конун

Йўналиши: Конунлар

Ўзбекистон Республикасининг қонуни
Тошкент ш., 2004 йил 26 август, 662-II-сон
ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИ ТЎҒРИСИДА

 

I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади фермер хўжаликларининг ташкил этилиши, фаолияти, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2-модда. Фермер хўжалиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Фермер хўжалиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг фермер хўжалиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
3-модда. Фермер хўжалиги
Фермер хўжалиги ижарага берилган ер участкаларидан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқариши билан шуғулланувчи, мустақил хўжалик юритувчи субъектдир.
Фермер хўжалиги Ўзбекистон Республикасида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг асосий субъектидир.
4-модда. Фермер хўжалигининг бошлиғи
Фермер хўжалигининг бошлиғи шу хўжаликнинг муассиси — фермердир. Ўн саккиз ёшга тўлган, қишлоқ хўжалигида тегишли малака ёки иш тажрибасига эга бўлган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси фермер бўлиши мумкин.
Бошқа юридик ва жисмоний шахслар билан муносабатларда фермер хўжалиги номидан ана шу хўжалик бошлиғи иш кўради. Фермер хўжалиги бошлиғининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини бошқа шахсга ўтказиш тақиқланади, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
II. ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ
5-модда. Фермер хўжалигини ташкил этиш шартлари
Фермер хўжалиги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда ва захира ерларда ташкил этилади.
Чорвачилик маҳсулоти етиштиришга ихтисослаштирилган фермер хўжалиги камида 30 шартли бош чорва моли бўлган тақдирда ташкил этилади. Фермер хўжалигига ижарага бериладиган ер участкаларининг энг кам ўлчами бир шартли бош чорва молга ҳисоблаганда Андижон, Наманган, Самарқанд, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятларидаги суғориладиган ерларда камида 0,3 гектарни, бошқа вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасидаги суғориладиган ерларда камида 0,45 гектарни, суғорилмайдиган (лалмикор) ерларда эса камида 2 гектарни ташкил этади.
Деҳқончилик маҳсулоти етиштиришга ихтисослаштирилган фермер хўжаликларига ижарага бериладиган ер участкаларининг энг кам ўлчами пахтачилик ва ғаллачилик учун камида 30 гектарни, боғдорчилик, узумчилик, сабзавотчилик ва бошқа экинларни етиштириш учун камида 5 гектарни ташкил этади.
Ер участкалари берилганда фермер хўжалиги ўз зиммасига қишлоқ хўжалик экинларининг ҳосилдорлиги (уч йил учун ўртача йиллик ҳосил ҳисобида) ернинг кадастр баҳосидан кам бўлмаслигини таъминлаш мажбуриятини олади. Бу мажбурият ер участкасини ижарага олиш шартномасида мустаҳкамлаб қўйилади.
6-модда. Фермер хўжалигини ташкил этиш тартиби
Фермер хўжалиги шу хўжалик бошлиғи томонидан ташкил этилади, у фермер хўжалигига тегишлича алоҳида мол-мулк ажратиб беради ва уставини тасдиқлайди.
Фермер хўжалиги ташкил этиш учун унинг бошлиғи белгиланган тартибда ер участкаси олиши керак.
7-модда. Фермер хўжалигини давлат рўйхатига олиш
Фермер хўжалиги белгиланган тартибда давлат рўйхатига олинган пайтдан эътиборан ташкил этилган деб ҳисобланади. Фермер хўжалиги ваколатли орган томонидан давлат рўйхатига олинганидан кейин юридик шахс мақомини олади, банк муассасасида ҳисоб-китоб варағи ва бошқа хил ҳисобварақлар очишга, ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлишга ҳақли.
Фермер хўжалиги ташкил этишнинг ушбу Қонунда белгиланган тартиби бузилган ёки хўжаликнинг устави қонунга мувофиқ бўлмаган тақдирда фермер хўжалигини давлат рўйхатига олиш рад этилиши мумкин.
Давлат рўйхатига олиш рад этилганлиги, шунингдек рўйхатга олиш муддатларининг бузилганлиги устидан судга шикоят қилиниши мумкин.
8-модда. Фермер хўжалигининг устави
Фермер хўжалиги устав асосида фаолият кўрсатади.
Фермер хўжалигининг намунавий устави Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
9-модда. Фермер хўжалиги уставининг мазмуни
Фермер хўжалигининг уставида қуйидагилар кўрсатилиши керак:
фермер хўжалигининг номи;
фермер хўжалиги бошлиғининг фамилияси, исми, отасининг исми ва яшаш жойи;
фермер хўжалигининг жойлашган ери тўғрисидаги маълумотлар ва почта манзили;
фермер хўжалигининг ихтисослашуви ва фаолиятининг асосий турлари;
устав фондининг миқдори.
Фермер хўжалигининг уставида қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа қоидалар ҳам бўлиши мумкин.
III. ФЕРМЕР ХЎЖАЛИКЛАРИ ЮРИТИШ УЧУН ЕР УЧАСТКАЛАРИ БЕРИШ. ЕРДАН ФОЙДАЛАНИШ ВА СУВ ИСТЕЪМОЛИ
10-модда. Фермер хўжаликлари юритиш учун бериладиган ер участкалари
Фермер хўжаликлари юритиш учун ер участкалари:
захира ерлардан;
юридик ва жисмоний шахсларга берилмаган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан;
қайта ташкил этилаётган ва тугатилаётган қишлоқ хўжалиги кооперативларининг (ширкат хўжаликларининг) ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг ер участкаларидан;
қишлоқ хўжалиги кооперативларининг (ширкат хўжаликларининг) ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг ер участкаларидан берилади.
Фермер хўжаликларига қишлоқ хўжалиги кооперативларининг (ширкат хўжаликларининг) ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг ер участкаларидан берилган ер участкалари уларнинг балансидан чиқарилади.
Илмий-тадқиқот муассасалари, олий ўқув юртлари, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактабларининг ерлари, шунингдек сув фонди ерлари фермер хўжаликларига берилиши мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси, катта ва кичик дарёлар, сув ҳавзалари бўйлаб жойлашган ер участкалари фермер хўжалиги юритиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда берилади. Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси бўйлаб беш юз метрли минтақада фаолияти ҳайвонларни (чорва моллар, паррандалар, мўйнали ва бошқа ҳайвонларни, балиқлар, асалариларни, ҳайвонот боғлари ҳамда виварийларнинг ҳайвонларини ва бошқа жониворларни) кўпайтириш, ўтлатиш ва боқиш билан боғлиқ бўлган чорвачилик, паррандачилик ҳамда бошқа йўналишдаги фермер хўжаликларига ер участкалари бериш тақиқланади.
11-модда. Фермер хўжаликлари юритиш учун ер участкалари бериш тартиби
Фермер хўжаликлари юритиш учун ер участкалари очиқ танлов асосида ижарага эллик йилгача бўлган, лекин ўттиз йилдан кам бўлмаган муддатга берилади.
Фермер хўжалиги юритиш учун ер участкасини олишда фермер хўжалиги ташкил этилаётган жойда яшовчи шахслар устун ҳуқуқдан фойдаланадилар.
Захира ерлардан ёки юридик ва жисмоний шахсларга берилмаган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан ер участкалари ер участкалари бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи туман комиссияси ўтказган танлов якунларига кўра туман ҳокимининг қарорига асосан берилади.
Фаолият кўрсатаётган, қайта ташкил этилаётган ва тугатилаётган қишлоқ хўжалиги кооперативларининг (ширкат хўжаликларининг) ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг ер участкалари махсус ташкил этилган комиссия ўтказган танлов якунларига кўра туман ҳокимининг қарорига асосан берилади.
Туман ҳокимининг фермер хўжалиги юритиш учун ер участкаси бериш тўғрисидаги қарори вилоят ҳокими бошчилик қиладиган ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи вилоят комиссияси томонидан тасдиқланганидан кейин кучга киради.
Қишлоқ хўжалиги кооперативининг (ширкат хўжалигининг) умумий йиғилиши ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги корхонаси, муассасаси ва ташкилотининг ваколатли органи фермер хўжаликларига берилиши лозим бўлган ер участкаларини ижарачини аниқламаган ҳолда белгилаши мумкин. Бундай ҳолда фермер хўжалигига ер участкаси ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган тартибда берилади.
Ер участкасини ижарага олиш шартномаси фермер хўжалигининг бошлиғи ва туман ҳокими томонидан имзоланади.
Туман ҳокимининг фермер хўжалиги юритиш учун ер участкаси беришни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан, шунингдек ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи вилоят комиссиясининг туман ҳокимининг қарорини тасдиқлашни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан судга ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи органга, мансабдор шахсга шикоят қилиниши мумкин.
Фермер хўжалиги юритиш учун ер участкалари олган ва қишлоқ аҳоли пунктида тураржойи бўлган шахсларнинг томорқа ер участкаси сақланиб қолади.
Фермер хўжалигининг ер участкаси чегаралари натурада (жойнинг ўзида) ер тузиш хизмати органлари томонидан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан белгиланади.
12-модда. Қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкат хўжаликлари) аъзолари томонидан фермер хўжалигини ташкил этиш хусусиятлари
Қишлоқ хўжалиги кооперативларининг (ширкат хўжаликларининг) таркибидан чиқиш ва фермер хўжалигини мустақил юритиш истагини билдирган аъзолари ушбу Қонуннинг 11-моддасига мувофиқ ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқига эга.
13-модда. Ердан фойдаланиш
Фермер хўжалигининг ер участкасига эгалик қилиш ҳамда ундан фойдаланиш борасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонун ҳужжатларида белгиланади.
Фермер хўжалигига берилган ер участкаларидан қатъий белгиланган мақсадда фойдаланилади. Улар хусусийлаштирилиши, шунингдек олди-сотди, гаров, ҳадя, айирбошлаш объекти бўлиши ва иккиламчи ижарага берилиши мумкин эмас.
Ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи кредитлар олишда фермер хўжалиги томонидан гаровга қўйилиши мумкин.
Фермер хўжалигига берилган ер участкаси фермер хўжалиги қайта ташкил этилган тақдирда, агар ер участкасининг бўлиниши натижасида янги ташкил топган ер участкаларининг ўлчами ушбу Қонуннинг 5-моддасида назарда тутилган энг кам ўлчамлардан кам бўлмаса, бўлиниши мумкин.
Ер участкасининг ўлчами ва чегаралари фақат фермер хўжалиги бошлиғининг розилиги билан ўзгартирилиши мумкин.
Фермер хўжалиги бошлиғи вафот этган тақдирда, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи қонун ҳужжатларига мувофиқ ижарага олиш шартномасининг амал қилиш муддатига мерос бўйича ўтади.
Фермер хўжалиги бошлиғи пенсия ёшига тўлганда ёки меҳнат қобилиятини йўқотганда ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини ушбу Қонуннинг 4-моддаси биринчи қисми талабларига жавоб берадиган ўз оила аъзоларидан бирига қонун ҳужжатларига мувофиқ ижара шартномаси амал қиладиган муддатга бериши мумкин.
Ер участкасини ижарага олиш шартномасининг амал қилиш муддати тугаганидан кейин фермер хўжалиги ижарага олиш шартномасини янги муддатга узайтириш ҳуқуқига эга. Фермер хўжалигининг бошлиғи вафот этган тақдирда, ижарага олиш шартномасини янги муддатга узайтириш ҳуқуқига унинг меросхўри эга бўлади.
Ер участкасини ижарага олиш шартномаси тарафларнинг келишувига биноан, тарафлар келишувга эришмаган тақдирда эса, суд томонидан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.
Фермер хўжалиги тугатилган тақдирда, ер участкасини ижарага олиш шартномаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилиниши лозим.
15-модда. Сув истеъмоли
Фермер хўжаликларининг сув истеъмоли уларга хизмат кўрсатувчи сув истеъмолчилари уюшмалари томонидан белгиланадиган сув объектларидан сув олиш лимитлари асосида белгиланган тартибда амалга оширилади.
IV. ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ, МАЖБУРИЯТЛАРИ ҲАМДА МОЛ-МУЛКИ
16-модда. Фермер хўжалигининг ҳуқуқлари
Фермер хўжалиги қуйидаги ҳуқуқларга эга:
берилган ер участкасида ўз уставида назарда тутилган ихтисослашувга ва ижарага олиш шартномасига мувофиқ фермер хўжалигининг ишлаб чиқариш фаолиятини ташкил этиш;
ихтисослашувни ҳисобга олган ҳолда ва тузилган контрактация шартномалари асосида қишлоқ хўжалик экинларини жойлаштиришни амалга ошириш;
харид қилинадиган маҳсулотга олдиндан ҳақ тўланадиган фьючерс контрактлари тузиш;
етиштирган маҳсулотини, шу жумладан бу маҳсулотни истеъмолчиларга реализация қилиш ҳуқуқини ўз хоҳишига кўра тасарруф этиш;
етиштираётган маҳсулоти, бажараётган ишлари ва кўрсатаётган хизматларига нарх белгилаш;
электр энергияси, ёқилғи-мойлаш материаллари, минерал ўғитларнинг, ўсимликларни ҳимоя қилишнинг кимёвий ва биологик воситалари етказиб берилиши, сув хўжалиги хизматлари, техник ва бошқа хизматлар кўрсатилиши учун шартномалар тузиш;
тадбиркорлик фаолиятидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда солиқ солинадиган, чекланмаган миқдорда даромад (фойда) олиш;
олган даромадларини (фойдасини), банк муассасасидаги ўзининг ҳисобварақларида бўлган пул маблағларини тасарруф этиш;
акциялар ва бошқа қимматли қоғозлар олиш;
кредитлар олиш, бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг пул маблағларини ҳамда бошқа мол-мулкини шартнома асосида жалб этиш ҳамда уларни ишлаб чиқаришга ва такрор ишлаб чиқаришга йўналтириш;
кредитлар олиш учун ўз мол-мулкини, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини гаровга қўйиш;
кичик ҳамда хусусий корхоналар учун берилган имтиёзлар ва преференцияларнинг барча турларидан фойдаланиш;
зарур асбоб-ускуналар, ишлаб чиқариш воситалари ҳамда бошқа мол-мулкни олиш, ижарага олиш, бинолар ва иншоотлар қуриш ҳамда уларни таъмирлаш;
ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат этиш.
Фермер хўжалиги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
17-модда. Фермер хўжалигининг мажбуриятлари
Фермер хўжалиги:
ер участкасидан қонун ҳужжатларида ва ижарага олиш шартномасида кўрсатилган шартлар асосида, белгиланган мақсадда, самарали ва оқилона фойдаланилишини таъминлаши;
экологик талабларга ва атроф муҳитни муҳофаза қилишнинг бошқа қоидаларига риоя этиши;
ер участкасининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, унинг унумдорлигини сақлаб қолиш ва ошириш тадбир-чораларини кўриши, бизнес-режада шу мақсад учун маблағлар ажратилишини назарда тутиши;
агар ижарага олиш шартномасида бошқа муддат белгиланган бўлмаса, ер участкаси берилган вақтдан эътиборан бир йил ичида ундан фойдаланишга киришиши;
тузилган контрактация шартномаларига мувофиқ давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулоти назарда тутилган ҳажмларда етказиб берилишини таъминлаши;
ғўза ва дон экинларини навлар бўйича жойлаштиришнинг белгиланган талабларига риоя этиши;
сув ресурсларидан сув истеъмоли тўғрисидаги шартномага мувофиқ фойдаланиши, сувни тежаш, сув ресурсларидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш чора-тадбирларини кўриши;
мазкур фермер хўжалиги аъзо бўлган сув истеъмолчилари уюшмаси балансида турган суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларини тозалаш ва таъмирлашда белгиланган тартибда иштирок этиши, шунингдек уларни техник жиҳатдан соз ҳолатда сақлаши, улардан фойдаланишнинг белгиланган қоидаларига риоя этиши;
сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари, соҳил бўйи минтақалари, санитария муҳофазаси зоналарини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тартиби ва шартларига риоя этиши;
ер участкасини сақлаш шартларига ва сервитутларга риоя этиши;
меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини, ўз ходимлари учун хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаши;
солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни, шунингдек кўрсатилган хизматлар учун тўловларни белгиланган тартибда ўз вақтида тўлаши;
қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштиришда агротехника талабларига риоя этиши;
қишлоқ хўжалиги ўсимликларининг зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан муҳофаза қилинишини таъминлаши шарт
Фермер хўжалиги зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
18-модда. Фермер хўжалигининг устав фонди
Фермер хўжалигининг устав фонди фермер хўжалиги бошлиғи томонидан белгиланади.
Пул, қимматли қоғозлар, бинолар, иншоотлар, бошқа мол-мулк ёки пул билан баҳоланадиган мулкий ҳуқуқлар фермер хўжалигининг устав фондига қўшиладиган ҳисса бўлиши мумкин.
Агар фермер хўжалигининг устав фонди шакллантирилаётганда фермер хўжалигининг бошлиғи ўз оила аъзоларининг умумий (улушли ёки биргаликдаги) мулки ҳисобланган мол-мулкни фермер хўжалигига топшираётган бўлса, ушбу мол-мулкнинг барча мулкдорларидан нотариал тасдиқланган розилик олиш талаб этилади.
Фермер хўжалигининг устав фондини кўпайтириш ва камайтириш фермер хўжалиги бошлиғининг қарорига кўра фермер хўжалиги уставига ўзгартишлар киритиш йўли билан амалга оширилади.
19-модда. Фермер хўжалигининг мулк ҳуқуқи
Фермер хўжалигининг мулк ҳуқуқи давлат ҳимоясидадир.
Бинолар, иншоотлар, қишлоқ хўжалиги экинзорлари ва кўчатзорлари, дов-дарахтлар, чорва моллар, паррандаларга, етиштирган маҳсулотига, қишлоқ хўжалик техникаси, инвентарь, асбоб-ускуналар, транспорт воситалари, пул маблағлари, интеллектуал мулк объектларига, шунингдек фермер хўжалигининг балансидаги бошқа мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқи фермер хўжалигига қарашлидир.
Фермер хўжалиги бошлиғининг пул ва моддий маблағлари, товарларни реализация қилишдан (ишлар бажаришдан, хизматлар кўрсатишдан) олинган даромадлар (фойда), қимматли қоғозлардан келган даромадлар, қонунларда тақиқланмаган бошқа манбалар фермер хўжалигининг мол-мулкини шакллантириш манбалари бўлиши мумкин.
Фермер хўжалиги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мол-мулкни яратиш, кўпайтириш, олиш, сотиш, ижарага ёки вақтинча фойдаланишга олиш ҳуқуқига эга.
Фермер хўжалиги тугатилаётганда фаолиятни амалга ошириш даврида ўз маблағлари ҳисобига яратилган мол-мулкни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда эркин тасарруф этиши мумкин.
20-модда. Фермер хўжалигининг маблағлари ва ҳисоб-китоблари
Фермер хўжалиги пул муомаласини юритиш ҳамда пул маблағларини сақлаб туриш учун банк муассасасида ҳисобварақлар очиш ва бу маблағларни эркин тасарруф этиш ҳуқуқига эга. Фермер хўжалигининг ҳисоб-китоб варағидан маблағларни фақат фермер хўжалиги бошлиғининг розилиги билан ёки суднинг қарорига биноан ҳисобдан чиқариш мумкин.
21-модда. Фермер хўжалигининг мол-мулкини мерос қилиб қолдириш
Фермер хўжалигининг мол-мулки қонун ҳужжатларига мувофиқ мерос қилиб қолдирилади. Хўжаликда фаолиятни давом эттираётган меросхўрлар меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома берилганлиги учун давлат божи тўлашдан озод этиладилар.
V. ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИ ФАОЛИЯТИНИНГ ТАШКИЛ ЭТИЛИШИ
22-модда. Фермер хўжалигининг ишлаб чиқариш фаолияти
Фермер хўжалиги ўз уставида ва ер участкасини ижарага олиш шартномасида назарда тутилган ихтисослашувга мувофиқ фаолияти йўналишларини, ишлаб чиқариш тузилмаси ва ҳажмларини мустақил равишда белгилайди. Фермер хўжалиги қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг қонунларда тақиқланмаган ҳар қандай тури билан, шунингдек қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлаш ва реализация қилиш билан шуғулланишга ҳақли.
Фермер хўжалиги ўзи етиштираётган маҳсулот сифатига оид нормативлар ва стандартларга, экологияга, санитарияга тааллуқли ҳамда қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган бошқа талаблар ва қоидаларга риоя этиши шарт.
Фермер хўжаликларининг хўжалик фаолиятига давлат органлари ҳамда бошқа органлар ва ташкилотлар, шунингдек уларнинг мансабдор шахслари аралашувига йўл қўйилмайди.
Давлат органлари ҳамда бошқа органлар ва ташкилотларнинг ғайриқонуний қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ва фуқароларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида фермер хўжалигига етказилган зарарлар, шу жумладан бой берилган фойда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланади.
Фермер хўжалиги ташқи иқтисодий фаолиятни белгиланган тартибда амалга оширади.
23-модда. Фермер хўжалигидаги меҳнат
Фермер хўжалиги (иш берувчи) ва унинг ходимлари ўртасидаги меҳнатга оид муносабатлар қонун ҳужжатларига мувофиқ меҳнат шартномаси (контракти) билан тартибга солинади.
Фермер хўжалигидаги иш тартиби хўжалик бошлиғи томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади. Фермер хўжалиги ходимларининг меҳнат фаолияти ҳисобини олиб бориш хўжалик бошлиғи томонидан ташкил этилади.
Фермер хўжалиги ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тарафларнинг келишувига кўра пул ҳамда натура тарзида, қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақидан оз бўлмаган миқдорда белгиланади.
Фермер хўжалигининг бошлиғи ва ходимлари давлат ижтимоий суғуртасидан ўтказилади. Уларга давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар ва пенсиялар тайинлаш ҳамда тўлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва шартлар асосида амалга оширилади.
24-модда. Маҳсулотни фермер хўжалиги томонидан реализация қилиш тартиби
Фермер хўжалиги ўзи етиштираётган маҳсулотни реализация қилиш, шу жумладан давлат эҳтиёжлари учун реализация қилиш мақсадида юридик ва жисмоний шахслар билан хўжалик шартномалари тузиш ҳуқуқига эга. Шартнома мажбуриятлари бузилган тақдирда тарафлар қонун ҳужжатларида ёки шартномада белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Фермер хўжалиги етиштираётган маҳсулотнинг экспортга етказиб берилиши қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
25-модда. Фермер хўжаликларининг биргаликдаги фаолияти
Фермер хўжаликлари ихтиёрийлик асосида бирлашиши, маҳсулот етиштириш, харид қилиш, уни қайта ишлаш ва сотиш, моддий-техника таъминоти, қурилиш, техникавий, сув хўжалиги, ветеринария, агрокимё, маслаҳат бериш йўсинидаги ва бошқа хил хизматлар кўрсатиш бўйича уюшмалар ҳамда бошқа бирлашмаларга кириши мумкин.
26-модда. Фермер хўжалигини кредитлаш ва суғурталаш
Фермер хўжалигини ишлаб чиқариш аҳамиятига молик объектлар қурилиши, асосий ишлаб чиқариш воситаларини олиш учун узоқ муддатли кредитлаш ҳамда унинг жорий ишлаб чиқариш фаолиятини қисқа муддатли кредитлаш кредит шартномаси асосида амалга оширилади.
Фермер хўжалигини имтиёзли кредитлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Фермер хўжалиги ўзига қарашли ва ижарага олинган ишлаб чиқариш воситаларининг, қишлоқ хўжалиги экинзорлари ва кўчатзорларининг, кўп йиллик дов-дарахтларнинг, етиштирган маҳсулотининг, хом ашёнинг, материалларнинг йўқотилиши (нобуд бўлиши), кам чиқиши ёки шикастланиши хавфини, тадбиркорлик хавфини, шунингдек шартномаларни бузганлик учун ўзининг жавобгарлик хавфини ихтиёрийлик асосида суғурта қилдиради ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва шартлар асосида суғурта товони (суғурта суммаси) олади.
27-модда. Фермер хўжалигига солиқ солиш
Қонун ҳужжатларига мувофиқ фермер хўжалиги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ва давлат мақсадли жамғармаларига солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар тўлайди.
Фермер хўжалигининг фойдаси солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин фермер хўжалиги бошлиғининг тасарруфига ўтади ва унга солиқ солинмайди.
28-модда. Фермер хўжалиги фаолиятининг натижаларини ҳисобга олиш
Фермер хўжалиги ўз фаолиятининг натижаларини ҳисобга олиб боради ҳамда маҳаллий статистика ва солиқ органларига белгиланган тартибда ҳисобот тақдим этади.
VI. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР
29-модда. Фермер хўжаликларини давлат йўли билан ва бошқа тарзда қўллаб-қувватлаш
Давлат фермер хўжаликларининг ҳуқуқларига риоя этилишини ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди.
Давлат органлари фермер хўжаликларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга кўмаклашишлари шарт.
Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, шаҳарча, қишлоқ ва овул фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда:
ишлаб чиқариш ва ижтимоий-маиший аҳамиятга молик объектлари бўлмаган ҳудудда фермер хўжаликлари ташкил этилганида мазкур ҳудудни бирламчи ободонлаштиришни (йўллар, электр узатиш ва алоқа линиялари қуришни, сув билан таъминлашни, газлаштиришни, телефонлаштиришни, радиолаштиришни, ер тузишни, ерларни мелиорациялашни) амалга оширадилар;
ишлаб чиқариш объектлари ва турар жойларни барпо этишда фермер хўжаликларига ёрдам кўрсатадилар;
қишлоқ хўжалик экинларининг навли уруғлик ҳамда кўчатлари, органик ва минерал ўғитлар, қишлоқ хўжалик ўсимликларини зараркунандалардан, касалликлар ҳамда бегона ўтлардан ҳимоя қилиш воситалари етказиб бериш юзасидан давлат агротехника хизмати кўрсатиш тизими орқали хизматлар, шунингдек техникавий хизмат кўрсатадилар;
қишлоқ хўжалиги техникаси, асбоб-ускуналар ва инвентарларни лизинг асосида сотиб олишга кўмаклашадилар;
зотдор чорва моллар ва паррандалар, шунингдек омихта ем сотиб олишда кўмаклашадилар;
фермер хўжаликларининг чорва молларига зооветеринария хизмати кўрсатилиши учун зарур шароитлар яратиб берадилар;
фермер хўжаликларида етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотини тайёрлаш ва реализация қилишда кўмаклашадилар;
ноқишлоқ хўжалик йўналишидаги ишлаб чиқаришларни ташкил этаётган фермерларни рағбатлантирадилар
консалтинг, ахборот йўсинидаги ва бошқа хил хизматлар кўрсатадилар.
Хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган қўллаб-қувватлашнинг бошқа шакллари фермер хўжаликларига ҳам татбиқ этилади.
30-модда. Фермер хўжалиги фаолиятини текшириш чекланганлиги
Фермер хўжалиги фаолиятини текшириш (молия-хўжалик фаолиятини текширишлар бундан мустасно), давлат эҳтиёжлари учун маҳсулот реализация қилиш шартнома мажбуриятлари бажарилмаган ёки ер тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлигига далиллар бўлган, шунингдек ягона ер солиғи ўз вақтида тўланмаган ҳолларда, ижарага олиш шартномасига мувофиқ ижарага берилган ер участкасидан фақат белгиланган мақсадда ва оқилона фойдаланиш масалалари бўйича, белгиланган тартибда амалга оширилади.
Фермер хўжаликларининг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишлар кўпи билан тўрт йилда бир марта амалга оширилади.
Янги ташкил этилган фермер хўжаликларининг молия-хўжалик фаолияти улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан икки йил мобайнида режали текширувлардан ўтказилиши мумкин эмас.
31-модда. Фермер хўжалигини қайта ташкил этиш
Фермер хўжалигини қайта ташкил этиш (қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш, ўзгартириш) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
32-модда. Фермер хўжалигини тугатиш асослари
Фермер хўжалиги қуйидаги ҳолларда тугатилади:
ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқидан ихтиёрий воз кечилганида;
фермер хўжалиги банкрот деб топилганда, шу жумладан моддий-техника ресурслари етказиб берувчилар, иш бажарувчилар ва хизмат кўрсатувчилар билан ҳисоб-китоб мунтазам равишда амалга оширилмаганида;
фермер хўжалигининг бошлиғи вафот этиб, хўжалик фаолиятини давом эттиришни хоҳловчи меросхўр бўлмаса;
давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ёки ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун, шу жумладан фермер хўжалиги ер участкасидан белгиланган мақсадда фойдаланмаганида, хусусан контрактация шартномасида назарда тутилмаган қишлоқ хўжалиги экинларини экканида ер участкасини олиб қўйиш зарурати бўлган тақдирда, ер участкасини ижарага олиш шартномаси белгиланган тартибда бекор қилинса.
33-модда. Фермер хўжалигини тугатиш тартиби
Фермер хўжалиги:
фермер хўжалиги бошлиғининг қарорига биноан;
қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда суднинг қарорига биноан тугатилади.
Фермер хўжалигини тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
34-модда. Низоларни ҳал этиш
Фермер хўжаликларининг ташкил этилиши, фаолияти, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади.
35-модда. Фермер хўжалигининг мажбуриятлари бўйича жавобгарлик
Фермер хўжалиги ўз мажбуриятлари бўйича, шу жумладан тузилган контрактация шартномаларига мувофиқ давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулоти назарда тутилган ҳажмларда етказиб берилишини таъминлаш бўйича, шунингдек моддий-техника ресурслари етказиб берилганлиги ва хизматлар кўрсатилганлиги учун ўз вақтида ҳақ тўлаш бўйича қонунларга мувофиқ ундирув қаратилиши мумкин бўлган ўз мол-мулки билан жавоб беради.
Фермер хўжалигининг бошлиғи фермер хўжалигининг мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда фермер хўжалигининг мажбуриятлари бўйича ўзига қарашли мол-мулк билан қонун ҳужжатларига мувофиқ субсидиар жавобгар бўлади.
Ходимнинг меҳнат мажбуриятларини бажариши муносабати билан унинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарар учун жавобгар қайта ташкил этилаётган ёки тугатилаётган фермер хўжалигида маблағ бўлмаган ёхуд етарли бўлмаган тақдирда, ундирилиши лозим бўлган суммалар қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда давлат томонидан тўланади.
36-модда. Фермер хўжалиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик
Фермер хўжалиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
Ҳурматли мехмон, Сиз рўйхатдан ўтмасдан сайтимизга кирдингиз.
Лекин ўз фикр ва изоҳларингизни рўйхатдан ўтмасдан ҳам қолдиришингиз мумкин.