«BIZNESTRENER.UZ» бу – мамлакатимиз тадбиркор ва фермерлари ютуқларини кўрсатувчи кўзгу, «BIZNESTRENER.UZ» бу – хорижлик ишбилармонлар тажрибалари билан таништирувчи минбар, «BIZNESTRENER.UZ» бу – бой бўлишни истаганлар учун супер портал, «BIZNESTRENER.UZ» бу – тадбиркорлар ва инвесторларни боғлаб турувчи кўприк

biznestrener.uz » Конунлар » Давлат бюджети параметрлари
Янгилик маълумоти
  • Кўрилди: 81056
  • Муаллий: Admin
  • Вақти: 9-12-2012, 23:30
9-12-2012, 23:30

Давлат бюджети параметрлари

Йўналиши: Конунлар

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
30.12.2011 й.
N ПҚ-1675


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ
2012 ЙИЛГИ АСОСИЙ МАКРОИҚТИСОДИЙ
КЎРСАТКИЧЛАРИ ПРОГНОЗИ ВА ДАВЛАТ
БЮДЖЕТИ ПАРАМЕТРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
[Кўчирма]

7-илова. Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи Ставкалари

8-илова. Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи Ставкалари

9-1-илова. Микрофирмалар ва кичик корхоналар учун (савдо ва умумий
овқатланиш корхоналаридан ташқари) ягона солиқ тўлови Ставкалари

9-2-илова. Савдо ва умумий овқатланиш корхоналари,
шу жумладан микрофирмалар ва кичик корхоналар
учун ягона солиқ тўловининг Ставкалари

9-3-илова. Айрим тоифадаги корхоналар
учун ягона солиқ тўлови Ставкаси

10-илова. Юридик ва жисмоний шахслардан тадбиркорлик
фаолияти айрим турлари бўйича олинадиган қатъий
белгиланган солиқ Ставкалари

11-илова. Юридик шахсни ташкил этмасдан тадбиркорлик
фаолияти билан шуғулланадиган жисмоний шахслар
(якка тартибдаги тадбиркорлар)дан олинадиган
қатъий белгиланган солиқ Ставкалари

12-1-илова. Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган, акциз
солиғи солинадиган товарларга нисбатан акциз солиғи Ставкалари

12-2-илова. Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган
акцизли товарларга акциз солиғи Ставкалари

13-илова. Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ Ставкалари

14-илова. Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ Ставкалари

15-1-илова. Имзоланадиган бонус Ставкалари

15-2-илова. Тижорат топилмаси бонуси Ставкаси

16-илова. Айрим турдаги маҳсулотлар
бўйича қўшимча фойда солиғи Ставкаси

17-илова. Юридик шахсларнинг мол-мулкига
солинадиган солиқ Ставкаси

18-илова. Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига
солинадиган солиқ Ставкаси

19-илова. Юридик ва жисмоний шахслардан
олинадиган ер солиғи Ставкалари

20-илова. Ягона ер солиғи Ставкаси

21-илова. Маҳаллий солиқлар ва йиғимларнинг
чегараланган Ставкалари

22-илова. Ўзбекистон Республикаси молия вазирлиги ҳузуридаги
Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси, республикайўл
жамғармаси ҳамда таълим ва тиббиёт муассасаларини
реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш
жамғармасига мажбурий ажратмалар солиш Объектлари

23-илова. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги
Республика йўл жамғармасига йиғимлар ва ажратмалар Ставкалари

24-илова. Ягона ижтимоий тўлов Ставкаси

25-илова. Уяли алоқа хизматлари кўрсатадиган юридик
шахслар (уяли алоқа компаниялари) томонидан абонент
рақамидан фойдаланганлик учун тўланадиган тўловни
тақсимлаш Меъёрлари

26-илова. Уй-жойни ижарага берувчи жисмоний
шахслар учун белгиланган ижара тўлови Ставкалари

27-илова. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон
Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг имтиёзлари берилган
ва амал қилиш муддати 2014 йилнинг 1 январигача
узайтирилган қарорлари Рўйхати

32-илова. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон
Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 январдан
ўз кучини йўқотган деб ҳисобланадиган қарорлари

33-илова. 2012 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси
Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
айрим қарорларига киритиладиган ўзгартиш ва қўшимчалар



Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг "Ўзбекистон Республикасининг 2012 йилги Давлат бюджети тўғрисида" 2011 йил 18 ноябрдаги 407-II-сон қарори ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг "Ўзбекистон Республикасининг 2012 йилги Давлат бюджети тўғрисида" 2011 йил 5 декабрдаги 255-II-сон қарорига мувофиқ:

1. Қуйидагилар:
2012 йилда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози 1-иловага* мувофиқ;
Ўзбекистон Республикасининг 2012 йилги Давлат бюджети асосий параметрлари 2-иловага* мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг, Республика йўл жамғармасининг, бюджетдан ташқари Таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасининг, Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасининг 2012 йилги асосий параметрлари 3-6-иловаларга* мувофиқ тасдиқлансин.

2. 2012 йилги Давлат бюджети тақчиллигининг чекланган миқдори ялпи ички маҳсулот ҳажмига нисбатан 1,0 фоиз миқдорида белгилансин.
Белгилаб қўйилсинки, Давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш, қонун ҳужжатларига мувофиқ республика бюджети маблағларининг 2012 йил бошидаги бўш қолдиқлари ва бошқа қадрсизланмайдиган манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

3. 2012 йил учун:
қўшилган қиймат солиғи ставкалари 20 фоиз миқдорида;
юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкалари 7-иловага мувофиқ;
жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкалари 8-иловага мувофиқ;
ягона солиқ тўлови ставкалари 9-1, 9-2 ва 9-3-иловаларга мувофиқ;
тадбиркорлик фаолияти айрим турлари бўйича юридик ва жисмоний шахсларга белгилаб қўйилган солиқ ставкалари 10-иловага мувофиқ;
юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар (якка тартибдаги тадбиркорлар)га белгилаб қўйилган солиқ ставкалари 11-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси резидентларига дивидендлар ва фоизлар тарзида тўланадиган даромад солиғи ставкалари 10 фоиз миқдорида;
Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган ва рўйхат бўйича четдан келтириладиган акциз солиғига тортиладиган товарларга акциз солиғи ставкалари 12-1 ва 12-2-иловаларга мувофиқ;
сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 13-иловага мувофиқ;
ер ости бойликларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 14-иловага мувофиқ;
имзоланадиган бонус ва тижорат топилмаси бонуси 15-1 ва 15-2-иловаларга мувофиқ;
айрим турдаги маҳсулотлар бўйича ортиқча фойдадан солиқ ставкалари 16-иловага мувофиқ;
юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган мулк солиғи ставкалари 17 ва 18-иловаларга мувофиқ;
юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи ставкалари 19-иловага мувофиқ;
ягона ер солиғи ставкалари 20-иловага мувофиқ;
маҳаллий солиқлар ва йиғимлар ставкалари 21-иловага мувофиқ;
22-иловага мувофиқ белгиланган солиққа тортиш объектларининг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий ажратмалар ставкалари 1,6 фоиз, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар ставкалари 1,4 фоиз миқдорда ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар ставкалари 0,5 фоиз миқдорида;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига йиғимлар ва ажратмалар ставкалари 23-иловага мувофиқ;
маблағларни бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ўртасида 24-иловада келтирилган нормативларга мувофиқ тақсимлаган ҳолда ягона ижтимоий тўлов ставкаси 25 фоиз миқдорида;
фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига уларнинг меҳнат ҳақи даромадларидан мажбурий суғурта бадаллари ставкаси 5,5 фоиз миқдорида тасдиқлансин.

4. 2012 йилнинг 1 январидан бошлаб:
меҳнатга ҳақ тўлаш Ягона тариф сеткасининг бошланғич разряди этиб биринчи разряд белгилансин, нулинчи разряд бекор қилинсин;
республиканинг барча ташкилотларида меҳнат ҳақи миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг Ягона тариф сеткаси бўйича биринчи разряддан кам бўлмаган ҳолда белгилансин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда мазкур бандни амалга ошириш бўйича қарор қабул қилсин.

5. 2012 йилнинг 1 январидан бошлаб:
юк ташиш билан шуғулланувчи ягона солиқ тўловини тўловчилар учун ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори, худди шундай фаолиятни амалга ошираётган якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган солиқ ставкаларидан келиб чиқиб, ҳар бир транспорт воситасини ҳисобга олган ҳолда белгиланади;
ихтисослашган савдо тармоғидан Россия Федерацияси ва Украинада ишлаб чиқарилган янги автомобиль харид қилувчи фуқаролар автотранспорт воситаларини сотиб олганлиги ва (ёки) вақтинчалик Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирганлиги учун Республика йўл жамғармасига тўланадиган йиғимлардан озод этилади;
республиканинг ички истеъмолчилари учун пахта толасини сотиш 20 фоизлик ставка бўйича қўшилган қиймат солиғига тортилади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси билан ҳамкорликда бир ҳафта муддатда республиканинг ички истеъмолчилари учун пахта толасини сотишга қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш ва тўлаш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

6. 2012 йилнинг 1 январидан бошлаб:
чакана савдо тармоғида сотиладиган олтиндан ишланган заргарлик маҳсулотларига 1 грамм заргарлик буюми учун 10 АҚШ доллари эквивалентида акциз солиғи жорий этилсин, бунда чакана савдо тармоғи корхоналарига, тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжуд бўлганида, сотиб олинган заргарлик буюмларига тўланган акциз солиғини ҳисобдан чиқариш ҳуқуқи берилсин;
мобиль алоқа хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар (уяли алоқа компаниялари) томонидан абонент рақамидан фойдаланганлик учун ойига 400 сўм миқдорида тўлов жорий этилсин, маблағлар 25-иловага мувофиқ тақсимлансин.
Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан ҳамкорликда бир ой муддатда мобиль алоқа хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар (уяли алоқа компаниялари) томонидан абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўловларни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқласин.

7. 2012 йилнинг 1 январидан бошлаб кўчмас мулкни, шу жумладан уй-жойларни ижарага топширишдан олинадиган даромадларни солиққа тортиш шартномада белгиланган ижара ҳақи миқдоридан келиб чиққан ҳолда, бироқ қуйидагилардан:
юридик шахсларга - давлатнинг кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара ҳақининг энг кам ставкаларидан;
уй-жойларини ижарага топширувчи жисмоний шахслар учун - 26-иловага мувофиқ белгиланган ижара ҳақи ставкаларидан келиб чиқиб ҳисобланган миқдорлардан кам бўлмаган ҳолда белгилансин.

8. Товарларнинг айрим турларини ишлаб чиқаришни кенгайтиришни янада рағбатлантириш ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг айрим қарорлари билан 27-иловага мувофиқ аввал берилган имтиёзларнинг амал қилиш муддати 2014 йилнинг 1 январигача узайтирилсин.

9. Белгилаб қўйилсинки ягона солиқ тўлови тушумлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, Республика йўл жамғармаси ҳамда бюджетдан ташқари Таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармаси ўртасида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланадиган миқдорларда тақсимланади.

13. Давлат ҳокимияти ва маҳаллий давлат бошқаруви органларининг барча даражалардаги маҳаллий бюджетлар даромадлари ва харажатларини шакллантиришдаги роли, мустақиллиги ва масъулиятини ошириш, маҳаллий бюджетларнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидаги улушини кўпайтириш мақсадида қуйидаги умумдавлат солиқлари:
сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;
юридик ва жисмоний шахсларнинг тадбиркорлик фаолияти айрим турлари бўйича қатъий белгиланган солиқ;
юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар (якка тартибдаги тадбиркорлар)дан олинадиган қатъий белгиланган солиқ;
республикада ишлаб чиқариладиган пиво ва ўсимлик ёғига акциз солиғи бўйича тушумлар тўлиқ ҳажмда маҳаллий бюджетлар даромадларига ўтказилсин.

14. 2012 йил учун:
Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг даромадлар ва харажатлар ҳажмлари, республика бюджетидан субвенцияларнинг чекланган миқдорлари 28-иловага* мувофиқ;
Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига умумдавлат солиқлари тушумларидан ажратмалар нормативлари 29-иловага* мувофиқ;
республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг нақд пул касса айланмасининг йўл қўйиладиган энг кам миқдорлари 30-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

15. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тегишли маҳаллий бюджетларга бюджетдан субвенциялар ва ссудалар (даромадлар ва харажатлар ўртасидаги вақтинчалик касса тафовутларини қоплаш учун) ажратишда уларнинг миқдорларини ҳудудлар бўйича барча солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўлиқ тушишидан, шунингдек ягона ижтимоий тўлов билан бирга иш ҳақи, нафақалар ва уларга тенглаштирилган тўловлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг харажатларини биринчи навбатда сўзсиз молиялаштириш зарурлигидан келиб чиққан ҳолда аниқлаштириш ҳуқуқи берилсин.

16. 2012 йил учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг захира жамғармалари миқдорлари 31-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

17. Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари орқали ижтимоий нафақаларни тайинлаш ва тўлашда манзил аниқлигини ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Республика "Маҳалла" жамғармаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ва Давлат статистика қўмитаси бир ой муддатда оилаларнинг умумий даромадлари янада тўлиқ ҳисобга олинишини назарда тутган ҳолда нафақалар тайинлашнинг амалдаги тартибини янада такомиллаштириш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

20. 2012 йилнинг 1 январидан бошлаб болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқитувчилари, концертмейстерлари ва раҳбар ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш базавий тариф ставкалари, уларнинг педагогик вазифаларини айни бир вақтда 10 фоизга кўпайтирган ҳолда ўртача 20 фоизга оширилсин.

21. Таълим жараёнига ўқитишнинг замонавий услубларини жорий этиш, ўқувчиларда мустақил билим олиш кўникмаларини ривожлантириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази амалдаги асосий ўқув режаларини қайтадан кўриб чиқсин, бунда 2012/2013 ўқув йилидан бошлаб синф (аудитория) машғулотлари ўртача 5 фоизга камайтирилиши назарда тутилсин, бўшайдиган маблағлар ўқув жараёнига ахборот ва бошқа замонавий педагогик технологияларни татбиқ этишни кенгайтириш, компьютер синфлари, ўқув-лаборатория синфларини, ўқув устахоналарини сарфланадиган материаллар ва бутловчи буюмлар билан таъминлаш бўйича дастурларни, шунингдек умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларининг биноларини жорий таъмирлашни молиялаштиришга йўналтирсин.

22. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Фанлар Академиясининг 2012 йил 1 январдан бошлаб илмий лойиҳаларга грантларни бюджетдан молиялаштириш тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин, унда қуйидагилар:
илмий грант маблағи миқдорининг 95 фоизини - тадқиқот даври мобайнида, илмий лойиҳани амалга оширишда меҳнат сарфи ва моддий харажатларни қоплаш учун ажратиш;
5 фоизини - кейинчалик ишлаб чиқаришга ёки илмий-педагогик жараёнга татбиқ этиш учун илмий лойиҳани амалга ошириш натижалари экспертизадан ўтказилиб буюртмачи томонидан қабул қилганидан сўнг ажратиш назарда тутилсин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, Фанлар академияси икки ҳафта муддатда фундаментал ва амалий тадқиқотларнинг илмий-техник дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга белгиланган тартибда ўзгартиш ва қўшимчалар киритсин.

23. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ўрта муддатли давлат ғазначилик мажбуриятларини янгидан жойлаштирмасдан, 2012 йил мобайнида улар бўйича қарзларни республика бюджети маблағлари ҳисобидан тўлиқ узишга эришсин.

24. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасининг 2010 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида" 2009 йил 22 декабрдаги ПҚ-1245-сон қарори 24-бандининг амал қилиши 2013 йилнинг 1 январигача узайтирилсин.

25. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2011 йилги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг асосий параметрларини ва Ўзбекистон Республикаси давлат мақсадли жамғармаларини қуйидаги ҳажмларда аниқлаштириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин:
бюджет тақчиллиги ялпи ички маҳсулот ҳажмига нисбатан 0,1 фоиз бўлгани ҳолда, Давлат бюджети даромадлари 16 746,8 млрд сўм, харажатлари 16 802,6 млрд сўм миқдорда;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг даромадлари 6 145,0 млрд сўм ва харажатлари 6 030,1 млрд сўм миқдорида;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасининг даромадлари 941,2 млрд сўм ва харажатлари 816,5 млрд сўм миқдорда.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Молия вазирлигининг Ғазначилиги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан биргаликда 2012 йилнинг январь ойида, ўтказилган операцияларни 2011 йилги Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирган ҳолда, 2011 йилги Давлат бюджети ижроси бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда якуний операциялар ўтказсин.

26. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози ҳар чоракда бажарилишини ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2012 йилги ижросини таҳлил этиш натижалари бўйича, зарур ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Давлат бюджетининг асосий параметрларини белгиланган тақчиллик доирасида аниқлаштиришга доир таклифлар киритсин.

27. 2012 йилнинг 1 январидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 32-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
2012 йилнинг 1 январидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг айрим қарорларига 33-иловага мувофиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин.

28. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
Вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бир ҳафта муддатда илгари қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

29. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
 

Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримов

*) 1-6, 28-31-иловалар берилмайди.
"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 52-сон, 561-модда
Ҳурматли мехмон, Сиз рўйхатдан ўтмасдан сайтимизга кирдингиз.
Лекин ўз фикр ва изоҳларингизни рўйхатдан ўтмасдан ҳам қолдиришингиз мумкин.