«BIZNESTRENER.UZ» бу – мамлакатимиз тадбиркор ва фермерлари ютуқларини кўрсатувчи кўзгу, «BIZNESTRENER.UZ» бу – хорижлик ишбилармонлар тажрибалари билан таништирувчи минбар, «BIZNESTRENER.UZ» бу – бой бўлишни истаганлар учун супер портал, «BIZNESTRENER.UZ» бу – тадбиркорлар ва инвесторларни боғлаб турувчи кўприк

biznestrener.uz » Конунлар » "АГРОБАНК" АКЦИЯДОРЛИК ТИЖОРАТ БАНКИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Янгилик маълумоти
  • Кўрилди: 73071
  • Муаллий: Admin
  • Вақти: 9-12-2012, 21:48
9-12-2012, 21:48

"АГРОБАНК" АКЦИЯДОРЛИК ТИЖОРАТ БАНКИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

Йўналиши: Конунлар

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ 30.03.2009 й. N ПҚ-1084
"АГРОБАНК" АКЦИЯДОРЛИК ТИЖОРАТ БАНКИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

Иқтисодиётнинг аграр секторини янада барқарор ривожлантириш, қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни изчиллик билан чуқурлаштириб бориш, фермерлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш, унинг моддий ва молиявий базасини мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалик ишлаб чиқарувчиларига қишлоқ хўжалик маҳсулотларини чуқур қайта ишловчи замонавий корхоналарни жадал барпо этиш, юқори сифатли, рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича замонавий технологиялар ва ускуналарни тадбиқ қилиш ҳамда ички бозорни маҳаллий озиқ-овқат товарлари билан тўлдиришга йўналтирилган кенг турдаги банк хизматларини кўрсатиш мақсадида:

1. "Пахтабанк" акциядорлик тижорат банки акциядорларининг уни "Агробанк" акциядорлик тижорат банки этиб қайта ташкил қилиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
Белгилансинки, "Агробанк" АТБ очиқ турдаги акциядорлик жамияти шаклида ташкил қилинади ҳамда мулкий, молиявий ва бошқа мажбуриятлар бўйича, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларнинг пул маблағлари сақланиши ва ўз вақтида қайтарилишини кафолатловчи талаблар бўйича "Пахтабанк" АТБнинг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
2. Қўйидагилар "Агробанк" АТБнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи фермер хўжаликларига кредит бериш ва комплекс тарздаги банк хизматлари кўрсатиш;
қишлоқ хўжалик ишлаб чиқарувчилари, барча мулкчилик шаклидаги корхоналар, шу жумладан пахта ва ғалла маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш, ташиш ва сотишга ихтисослашган пахта тозалаш ва донни қайта ишлаш саноати корхоналарига кредит бериш ва молиялаштириш механизмларини изчил такомиллаштириб бориш;
ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга, агросаноат комплекси тармоқларида ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик янгилашга, замонавий чет эл технологиялари ва ускуналарини жалб этишга йўналтирилган фаол инвестиция сиёсатини амалга ошириш, шу асосда юқори сифатли, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни таъминлаш, ички истеъмол бозорини маҳаллий озиқ-овқат товарлари билан барқарор тўлдириш;
банкнинг шахсий ресурсларини сафарбар қилиш, омонатлар ва депозитларнинг янги жозибадор турларини таклиф этиш йўли билан аҳоли ва корхоналарнинг маблағларини жалб қилиш, улардан самарали, шу жумладан инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда самарали фойдаланиш, қўйилган маблағлар ўз вақтида ва тўлиқ қайтарилишини таъминлаш;
халқаро молия институтлари ва етакчи хорижий банкларнинг имтиёзли кредитлари, инвестициялари ва грантларини жалб этиб, кейинчалик қишлоқ хўжалик ишлаб чиқарувчилари ва республика иқтисодиёти агросаноат сектори корхоналарини ана шу маблағлар ҳисобига қайта молиялаштириш.
3. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Молия вазирлиги ва Марказий банк билан биргаликда "Агробанк" акциядорлик тижорат банкига банкнинг ресурс базасини мустаҳкамлаш учун халқаро молия институтлари ва хорижий молия-кредит тузилмаларининг имтиёзли кредитлари, инвестиция ва грантларини жалб этишда ёрдам кўрсатсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда "Агробанк" АТБ Кенгашининг таркибини тасдиқласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Адлия вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
6. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Ф.М. Муллажонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов

  

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ
31.03.2009 й. № 89

"АГРОБАНК" АКЦИЯДОРЛИК ТИЖОРАТ БАНКИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Агробанк" акциядорлик тижорат банкини ташкил этиш тўғрисида" 2009 йил 30 мартдаги ПҚ-1084-сон қарорини бажариш юзасидан ва унинг самарали фаолияти ташкил этилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси 

ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. "Агробанк" акциядорлик тижорат банки кенгаши таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Қуйидагилар "Агробанк" акциядорлик тижорат банки Кенгашининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига ҳамда иқтисодиётнинг агросаноат сектори корхоналарига кредит бериш ва уларни молиялаштириш бўйича кўрсатиладиган хизматлар сифатини ва қулайлигини оширишга йўналтирилган узоқ муддатли банк сиёсатини шакллантириш, шунингдек аҳолига ҳамда қишлоқ тадбиркорларига кенг кўламли банк ва консалтинг хизматлари кўрсатиш;
қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига, мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхоналарга, шу жумладан "Ўзпахтасаноат" уюшмаси ва "Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси тизимига кирадиган, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш, ташиш ва сотишга ихтисослашган корхоналарга юқори сифатли, жаҳон бозорида рақобатбардошли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича замонавий технологиялар ва асбоб-ускуналарни жорий этишга ҳамда ички истеъмол бозорини юқори сифатли озиқ-овқат товарлари билан тўлдиришга кўмаклашиш мақсадида кредит бериш ва уларни молиялаштириш механизмларини изчил такомиллаштириб бориш;
банкда замонавий корпоратив бошқарувни шакллантириш ва банк ижро этувчи органининг самарали фаолиятини таъминлаш;
банкнинг мақбул даражада капиталлашувини, ликвидлилигини унга юкланган вазифаларнинг бажарилиши ва мажбуриятларининг ўз вақтида амалга оширилиши учун етарли даражада сақлаб туриш;
универсал тижорат банки сифатида банк томонидан юридик ва жисмоний шахсларга комплекс хизмат кўрсатиш учун шарт-шароитлар яратиш;
қишлоқ жойларда фаолият кўрсатаётган банк-молия инфратузилмасини фаоллаштириш ва кенгайтириш.
3. "Агробанк" акциядорлик тижорат банкига марказий аппарати таркибида кредитларнинг қайтарилувчанлиги мониторингини олиб бориш ва улардан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш бўйича махсус гуруҳ ташкил этиш тавсия қилинсин, қуйидагилар махсус гуруҳнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
кредит маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини тизимли равишда чуқур таҳлил қилиш;
банк филиалларида молиялаштириш ишларини мувофиқлаштириш, кредит портфели ҳолатини, шунингдек кредитларнинг таъминланганлиги ва улардан мақсадли фойдаланилиши ҳолатини мониторинг қилиш ва холисона баҳолаш;
кредитларнинг қайтарилувчанлиги даражасини ошириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш.
4. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази "Пахта-банк" акциядорлик тижорат банки чиқарган акцияларни "Агробанк" акциядорлик тижорат банкига қайта рўйхатдан ўтказишни ва янгидан чиқарилаётган акцияларни рўйхатдан ўтказишни йиғимлар ундирмасдан амалга оширсин.
5. Белгилаб қўйилсинки, "Агробанк" акциядорлик тижорат банки бошқаруви раиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.
6. "Агробанк" акциядорлик тижорат банки Кенгаши ва бошқаруви:
бир ой муддатда банк уставини ишлаб чиқсин ва акциядорларнинг умумий йиғилишида тасдиқласин, шунингдек банкни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиш учун ҳужжатларнинг зарур пакетини тайёрласин ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига тақдим этсин;
банкка юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши зарурлигидан келиб чиққан ҳолда банк ҳамда унинг филиаллари тузилмасини ва штатлар жадвалини ўн кун муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
банкнинг марказий аппарати ва унинг филиалларини банкларнинг бўлинмаларида ва фермер хўжаликларига, пахта тозалаш ва донни қайта ишлаш саноатининг пахта ва дон маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш, ташиш ва сотишга ихтисослашган корхоналарига кредит бериш соҳасида иш тажрибасига эга бўлган юқори малакали мутахассислар билан таъминласин.
7. Ўзбекистон банклар уюшмаси ва Банк-молия академияси 2009 йил мобайнида "Агробанк" акциядорлик тижорат банки мутахассислари учун, ўқитиш ҳақини ундирмаган ҳолда, фермер хўжаликларига, пахта тозалаш ва донни қайта ишлаш саноатининг пахта ва дон маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш, ташиш ва сотишга ихтисослашган корхоналарига кредит бериш бўйича махсус курслар ташкил этилишини таъминласинлар.
8. "Агробанк" акциядорлик тижорат банкига Миллий телерадиокомпания, Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Ўзбекистон банклар уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда 2009-2010 йилларда оммавий ахборот воситаларида банк фаолиятини ҳамда унинг томонидан кўрсатилаётган хизматларни кенг ёритиш бўйича комплекс тадбирларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тавсия этилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Адлия вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Ф.М. Муллажонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.Мирзиёев

Марказий банки Бошқарувининг 2004 йил 1 мартдаги
563-сонли қарори билан тасдиқланган
Тижорат банклари томонидан фермер хўжаликларига бўлғуси ҳосилни гаровга олган ҳолда кредит бериш тартиби тўғрисида НИЗОМ
Адлия вазирлигидан №1337-рақам билан руйхатдан ўтган
Мазкур Низомга ЎзР АВ 30.04.2005 й. 1337-1-сон билан рўйхатга олинган ЎзР МББ Қарорига мувофиқ ўзгартиришлар киритилган
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, "Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида", "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида", "Фермер хўжаликлари тўғрисида"ги қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 27 октябрдаги ПФ-3342-сонли "2004-2006 йилларда фермер хўжаликларини ривожлантириш концепцияси тўғрисида"ги Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 30 октябрдаги 476-сонли "2004-2006 йилларда фермер хўжаликларини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, у тижорат банклари томонидан фермер хўжаликларига бўлғуси ҳосилни гаровга олган ҳолда кредит (кейинги ўринларда - кредит) бериш тартибини белгилайди.

I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Ушбу Низом асосида кредитлар давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи фермер хўжаликларига қайтаришлик, тўловлилик, таъминланганлик, муддатлилик ва мақсадли фойдаланиш шартлари асосида берилади.

Давлат эҳтиёжи учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириб бермайдиган фермер хўжаликларини кредитлаш Марказий банкнинг "Тижорат банклари томонидан фермер хўжаликлари, шунингдек кичик бизнес субъектларини миллий валютада кредитлаш Тартиби" (2000 йил 7 март, рўйхат рақами 907-сон - Меъёрий ҳужжатлар ахборотномаси, 2000 й., 5-сон) асосида амалга оширилади.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳисоб-китоб жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) кредит линиялари ҳисобидан имтиёзли кредит олган фермер хўжаликларига ғалла етиштириш учун "Ўздонмаҳсулот" тайёрлов корхоналари билан тузилган контрактация шартномаси суммасининг 30 фоизигача миқдорида, ушбу кредит линиялари ҳисобидан имтиёзли кредит олмаган фермер хўжаликларига контрактация шартномаси суммасининг 80 фоизигача миқдорида кредит берилиши мумкин.
Жамғарма кредит линиялари ҳисобидан имтиёзли кредит олган пахта хом ашёси етиштирадиган фермер хўжаликларига ушбу кредит контрактация шартномаси суммасининг 20 фоизгача миқдорида, ушбу кредит линиялари ҳисобидан имтиёзли кредит олмаган фермер хўжаликларига бериладиган кредит миқдори контрактация шартномаси суммасининг 70 фоизигача миқдорда берилади.
3. Кредитлар мазкур Низомда белгиланган шартлар асосида кредитни қайтаришга қодир бўлган қарз олувчиларга шартнома асосида 1,5 йилгача (18 ой) бўлган муддатга, қайтариш муддатини узайтириш ҳуқуқисиз мижознинг асосий талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағи жойлашган манзил бўйича берилади.
4. Кредитлардан фойдаланганлик учун фоиз ставкалари миқдори қарз олувчи ва банк ўртасидаги ўзаро келишувга кўра кредит шартномаси асосида белгиланади.
Тижорат банклари ушбу кредитлар бўйича имтиёзли фоиз ставкалари белгилаш борасида қарор қабул қилиш ҳуқуқига эгалар. (ЎзР АВ 30.04.2005 й. 1337-1-сон билан рўйхатга олинган ЎзР МББ Қарори тахриридаги хат боши)
5. Кредитлар қарз олувчиларга қуйидаги мақсадлар учун берилади:
қишлоқ хўжалиги техникаси, эҳтиёт қисмлар ва ускуналарни харид қилиш;
ёнилғи-мойлаш материалларини харид қилиш;
минерал ўғит, ўсимликларни ҳимоя қилишнинг кимёвий ва биологик воситалари, ветеринария дори-дармонлари сотиб олишга
МТП, муқобил МТП, ширкат хўжаликлари, СФУ (Сувдан фойданувчилар уюшмаси), бошқа хўжалик субъектлари хизматларидан фойдаланганлик учун тўловлар;
ғалла ҳосилини ўриш ва пахта хом ашёси йиғим-терими харажатлари учун тўловлар; (ЎзР АВ 30.04.2005 й. 1337-1-сон билан рўйхатга олинган ЎзР МББ Қарори тахриридаги хат боши)
бевосита ғалла ва пахта хом ашёси ишлаб чиқариш фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа харажатлар учун.

II. КРЕДИТЛАРНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ

6. Кредит олиш учун фермер хўжалиги унинг асосий депозит ҳисобварағига хизмат кўрсатаётган банкка қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари лозим:

кредит олиш учун ариза;
тайёрлов ташкилотлари билан тузилган контрактация шартномалари нусхалари;
пул оқими таҳлили мажбурий тарзда кўрсатилган бизнес-режа;
охирги ҳисобот санасига Давлат солиқ хизматининг маҳаллий (туман) идораси томонидан тасдиқланган бухгалтерлик баланси (1-шакл), дебиторлик ва кредиторлик қарзи ҳақидаги маълумотнома (2а-шакл), шунингдек, 90 кундан ортиқ муддатдаги қарздорликни солиштириш далолатномалари, молиявий натижалари ҳақида ҳисобот (2-шакл).
кредитни қайтариш таъминоти.
7. Олинадиган кредитнинг қайтариш таъминоти сифатида қарз олувчи банкка ўзига узоқ муддатга ижарага берилган ердан жорий йилда олинадиган бўлғуси ҳосилни таъминот сифатида тақдим этади.
Бунда банк ва фермер хўжалиги ўртасида бўлажак ҳосилни гарови шартномаси имзоланади. Шартномада гаровга қўйилган ҳосилни "Ўздонмаҳсулот" ва "Пахтасаноат" тайёрлов корхоналарига ва бошқа хўжалик субъектларига сотишдан тушган барча пул маблағлари биринчи навбатда ушбу кредитлар ва улар бўйича ҳисобланган фоизларни тўлашга йўналтирилиши тўғрисидаги шартлар белгилаб қўйилади.
Шунингдек, гаров шартномасига фермер хўжалиги томонидан бўлғуси ҳосилни кредит берган банк-бенефициар фойдасига ихтиёрий суғурта қилинганлиги тўғрисидаги суғурта полисини илова этиши шарт.
8. Кредит сўраб, мазкур Низомнинг 6 ва 7-бандларида кўрсатилган барча зарур ҳужжатларни илова қилган ҳолда, берилган аризанинг банкка келиб тушган кундан бошлаб, ушбу ариза бўйича банк томонидан кредит бериш ёки рад қилиш ҳақида хулоса бериш муддати 10 иш кунидан ошмаслиги лозим.
9. Кредит шартномаси тузилганидан сўнг кредит бўлими бошлиғи (ходими), бериладиган кредитнинг миқдори, муддати ва фоиз ставкасини кўрсатган ҳолда, ссуда ҳисобварағини очиш тўғрисида бухгалтерияга фармойиш беради.

III. КРЕДИТЛАРНИ БЕРИШ, ҲИСОБИНИ ЮРИТИШ ВА КРЕДИТНИ 

ҚАЙТАРИШ ТАРТИБИ

 10. Банк ва фермер хўжалиги ўртасида кредит шартномаси имзоланиб, у амалга киритилганидан кейин, банк фермер хўжалиги учун алоҳида ссуда ҳисобварағини очади ва ундан қарз олувчининг тўлов топшириқномалари асосида фақат нақд пулсиз шаклда тўловларни амалга ошириш йўли билан берилади. 

Бунда, ушбу Низомнинг 5-бандида келтирилган экинларни етиштириш харажатларининг ҳар бир турини молиялаштириш учун бериладиган кредитларнинг энг кўп миқдорини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан ҳар йилги ҳосил учун тасдиқланган агротехкарталардан келиб чиққан ҳолда белгилаш тавсия этилади. (ЎзР АВ 30.04.2005 й. 1337-1-сон билан рўйхатга олинган ЎзР МББ Қарори тахриридаги хат боши)
11. Берилган кредитлар 14301 - "Хусусий корхоналарга, ширкатлар ва корпорацияларга берилган ўрта муддатли ссудалар" баланс ҳисобварағида ҳисобга олинади.
12. Алоҳида ссуда ҳисобварақлари бўйича берилган кредитлар бўйича муддатли мажбуриятномалар расмийлаштирилади ва улар кредит бўлими ходимининг фармойишига кўра кредит тўла қайтарилгунига қадар 91903 - "Қарз олувчиларнинг ўрта муддатли ссудалар бўйича мажбуриятлари" номли, кўзда тутилмаган шароитлар ҳисобварағида ҳисобга олинади.
13. Тижорат банклари томонидан кредитдан фойдаланишнинг бутун муддати давомида доимий мониторинг амалга оширилади ва у қарз олувчи томонидан унинг лойиҳаси ва кредит шартномаси шартларининг амалга оширилишига ҳар томонлама кўмаклашишга қаратилган бўлиши лозим. Банклар томонидан мониторинг амалга оширилиш тартиби, берилган кредитлар бошқа мақсадларда ишлатилган қарздорга нисбатан қўлланиладиган жавобгарлик чоралари кредит шартномасида белгилаб қўйилган бўлиши керак.
14. Мониторинг жараёнида фермер хўжалиги томонидан етиштирилаётган экинлар ҳолати ва уларни парваришлаш бўйича зарур агротехника ишларининг ўтказилиши ва кредитдан самарали ҳамда мақсадли фойдаланиш бўйича жойларга бориб ўрганишлар ўтказиб турилади. Экинлар (тўлиқ ёки қисман) мавжуд бўлмаган ёки улар аҳволининг қониқарсизлиги, жумладан, агротехника тадбирларининг муддатида амалга оширилмаслиги, экин майдонини бегона ўтлар босиб кетгани, суғорилмаганлик натижасида экинларни нобуд бўлиш хавфи вужудга келгани ва шунга ўхшаш ҳолатлар сабабли етарли ҳосил тўпланмаслиги хавфи вужудга келса, банк кредитлашни тўхтатади ҳамда берилган кредит ва унга ҳисобланган фоизларни муддатидан олдин ундириб олади. Ушбу ҳолатлар кредит шартномасида келишиб олинган бўлиши лозим.
15. Кредитдан фойдаланганлик учун фоизларни ҳисоблаш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади, уларни ундириш ойда бир марта, кредит шартномасида келишилган санада амалга оширилади. Олинган кредит бўйича ҳисобланган фоизларнинг қолдиғи ва асосий қарз тўлови қарз олувчининг махсус 23210, 23220-сонли ҳисобварақларига қишлоқ хўжалик маҳсулотларини тайёрлов корхоналарига сотишдан тушган маблағлар ҳисобидан биринчи навбатда амалга оширилади. Бунда ҳисобланган фоизлар кредит бўйича қарздан олдин ундириб олинади.
Фермер хўжаликлари кредит бўйича асосий қарз ва ҳисобланган фоизларни кредит шартномасида белгиланган муддатдан олдин қайтариш ҳуқуқига эгалар.
16. Қарздорнинг 23210, 23220-сонли махсус ҳисобварағидаги маблағлар олинган кредит ва унга ҳисобланган фоизларни тўлаш учун етарли бўлмаган тақдирда, фоизлар ва кредит қолдиғини ундириш қарздорнинг асосий талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағида мавжуд маблағлар ҳисобидан қонунчиликда белгиланган навбат тартибида амалга оширилади.
Бунда ҳисобланган фоизлар ва кредит қолдиғи муддати ўтган ссудалар ҳисобварағи орқали ундириб олишга тақдим этилади, у бўйича муддатли мажбуриятномалар эса 2-картотекага жойлаштирилади
17. Қарздорнинг асосий талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағида ҳисобланган фоизлар ва кредит қолдиғини ундириш учун маблағлар етарли бўлмаган тақдирда, банк қарздорнинг муддатли мажбуриятномаси асосида унинг барча иккиламчи депозит ҳисобварақлари очилган банкларга ушбу ҳисобварақларда мавжуд пул маблағларини асосий талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига ўтказиб беришни сўраб ёзма талаб йўллайди. Қарздорнинг иккиламчи талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағи очилган банклар кредитор банкнинг ушбу талабини Фуқаролик кодексининг 784-моддаси талабларидан келиб чиққан ҳолда, мемориал ордер билан иккиламчи талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағи эгасининг асосий талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига ўтказиб бериши шарт. Бунда қарздорнинг асосий талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига келиб тушган маблағлар ҳисобидан фоизлар ва кредит қолдиғи "Хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини ҳисобдан ўчириш тартиби тўғрисида"ги Йўриқномада (1999 йил 30 январь, рўйхат рақами 615-сон) белгиланган календарь навбати тартибида ундирилади. Бунда фоизлар кредитдан олдин қайтарилади.
18. Агар қарздор томонидан етиштирилган ҳосилни сотишдан тушган маблағлар ва унинг талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағларидаги маблағлари банк кредитини ва ҳисобланган фоизлар бўйича тўловларни амалга оширишга етарли бўлмаган тақдирда, банк бўлғуси ҳосилни суғуртаси тўловидан олинган маблағларни кредитни ва ҳисобланган фоизлар тўловини амалга оширишга йўналтиради.
Ҳосилни сотишдан ҳамда суғурта тўловларидан тушган маблағлар ҳисобланган фоизлар ва кредитни қайтаришга етмаган тақдирда банк томонидан кредит ва ҳисобланган фоиз қолдиғи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 4 декабридаги 422-сонли қарори билан тасдиқланган "Банкларнинг кредитлари бўйича қарздорлик ўз вақтида қайтарилмаган тақдирда ундирувни қарздорларнинг ликвидли мол-мулкига қаратиш тартиби"да белгиланган тартибда ундириб олинади.
19. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватла қўмитаси, Ер ресурслари давлат қўмитаси ҳамда Деҳқон ва фермер хўжаликлари уюшмаси билан келишилди.

Марказий банк Бошқарувининг 2004 йил 1 мартдаги 564-сон қарори билан тасдиқланган
Тижорат банклари томонидан фермер хўжаликларининг ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини гаровга олган ҳолда кредитлаш тартиби тўғрисидаги НИЗОМ
Адлия вазирлигидан 1345-рақам билан руйхатдан ўтган
Мазкур Низомга ЎзР АВ 31.12.2004 й. 1345-1-сон билан рўйхатга олинган ЎзР МББ Қарорига мувофиқ ўзгартиришлар киритилган
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик ва Ер кодексларига, Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”, "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”, "Гаров тўғрисида”, "Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 27 октябрдаги "2004-2006 йилларда фермер хўжаликларини ривожлантириш концепцияси тўғрисида” ПФ-3342-сон Фармонига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 30 октябрдаги "2004-2006 йилларда фермер хўжаликларини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 476-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган ва фермер хўжаликларини ривожлантириш учун қулай шароитларни барпо этишга йўналтирилган.

I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

 1. Мазкур Низом тижорат банклари томонидан фермер хўжаликларининг ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини гаровга олган ҳолда кредитлаш тартибини изга солади. Кредит беришни тижорат банклари ажратилган кредитларни қайтариш, тўлаш, таъминлаш, муддатга амал қилиш ва мақсадли фойдаланиш шартларида амалга оширади.

2. Тижорат банклари қарз олувчиларга кредит беришни шартнома асосида, гаровга ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини гаровга тақдим этган ҳолда, амалга оширади.
Бунда ер участкасини ижарага бериш муддати кредит шартномасида белгиланган, таъминланиши учун у гаровга қўйилаётган кредитни қайтариш муддатидан камида беш йилга кўп бўлиши керак.
3. Кредит бериш муддатлари кредитланаётган тадбирнинг қопланиш муддатларига боғлиқ бўлади, хусусан:
қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ташкил этишга доир айланма маблағларни тўлдиришга кредит одатда 2 йилдан кам бўлмаган муддатга берилади;
фермер хўжаликларига инвестиция лойиҳаларини молиялаш учун кредитлар муддатни кечиктириш ҳуқуқисиз 5 йилгача бўлган муддатга берилиши мумкин.
Қишлоқ хўжалиги фаолияти билан боғланмаган фермер хўжаликларининг айланма маблағларини тўлдиришга доир бошқа кредитлар бўйича, уларнинг кредитлардан фойдаланиши энг кўп муддати, узайтиришни ҳисобга олганда, 12 ойдан ортиқ қилмасдан белгиланади.
4. Инвестиция мақсадлари учун берилган кредитлар бўйича банклар кредитлашнинг имтиёзли даврини белгилаши мумкин.
5. Кредитдан фойдаланиш учун фоиз ставкасининг миқдори қарз олувчи билан банкнинг ўзаро келишуви бўйича кредит шартномаси асосида белгиланади.
6. Кредит бериш қарз олувчининг талаб қилиб олингунигача асосий депозит ҳисобварағи жойлашган жой бўйича амалга оширилади.
7. Зарар кўриб ишлаётган, ноликвид балансга эга бўлган қарз олувчиларга кредит берилмайди, илгари берилган ссудалар эса белгиланган тартибда муддатидан олдин ундиришга тақдим этилади. Ушбу қоида кредит шартномасида албатта таъкидланиши керак.

II. КРЕДИТЛАРНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ

8. Кредит олиш учун қарз олувчилар банкка қуйидаги ҳужжатларни (кредит пакетини) тақдим этадилар:

кредит буюртманомаси;
қарз олувчининг банк ҳисобварағига пул тушумларининг (пул оқимининг) прогнози албатта кўрсатилган бизнес-режа;
Давлат солиқ хизматининг маҳаллий (туман) органи томонидан тасдиқланган, охирги ҳисобот даври учун бухгалтерия балансининг нусхаси (1-сон шакл) ҳамда дебиторлик ва кредиторлик қарзлари тўғрисида маълумотнома (2а-сон шакл), шунингдек 90 кундан ортиқ бўлган қарзга доир солиштириш далолатномалари, молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот (2-сон шакл);
фермер хўжалиги томонидан ер участкаси узоқ муддатли ижарага олиш шартномасининг нотариал тасдиқланган нусхаси;
ЎзР АВ 31.12.2004 й. 1345-1-сон билан рўйхатга олинган ЎзР МББ Қарорига мувофиқ 8 банднинг олтинчи хат боши чиқариб ташланган
ижарага берувчи (туман ҳокими)нинг ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини гаровга бериш учун розилиги;
ер участкасининг чизмаси.
9. Ер кодекси, Ўзбекистон Республикасининг "Фермер хўжалиги тўғрисида”, "Гаров тўғрисида”ги қонунларига мувофиқ, шунингдек мазкур Низомга мувофиқ тузиладиган, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини гаровга қўйиш кредит қайтарилишининг таъминоти бўлиб ҳисобланади.
10. Ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқининг қийматини баҳолаш Марказий банк Бошқарувининг 2004 йил 13 мартдаги 6/17-сон қарори (рўйхат рақами 1336, 2004 йил 8 апрель, ЎзР ҚТ, 14-сон, 176-модда) билан тасдиқланган Ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи қийматини баҳолаш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ амалга оширилади ҳамда гаров берувчи ва гаров олувчининг келишуви билан расмийлаштирилади.
Бериладиган кредитнинг суммаси ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи қийматининг 80 фоизидан ошиши мумкин эмас.
Сўралаётган кредит суммасининг қайтарилишини таъминлаш сифатида ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқининг қиймати етарли бўлмаган тақдирда қарз олувчи ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини гаровга қўйишга қўшимча тарзда таъминотнинг бошқа шаклларини тақдим этишга ҳақлидир. Кредит қайтарилишининг қўшимча таъминоти сифатида мол-мулк ва қимматли қоғозларнинг гарови, олинган кредитнинг қайтарилмаслик хатарини суғурталаш, учинчи шахсларнинг кафиллиги, шунингдек таъминотнинг бошқа турлари тақдим этилиши мумкин.
11. Фермер хўжалиги буюртманомасининг банк томонидан кўриб чиқилиш муддати, мазкур Низомнинг 8-бандида келтирилган барча зарур ҳужжатлар илова қилинган ҳолда кредит олиш учун ариза топширилганидан кейин 10 иш кунидан ошмаслиги керак. Банкнинг кредит қўмитаси кредит беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилган тақдирда банк фермер хўжалигига асосланган ёзма жавоб бериши шарт.
12. Банкнинг кредит қўмитаси томонидан кредит бериш тўғрисида ижобий қарор қабул қилинганидан кейин, банк кредит қўмитаси қарор қабул қилганидан кейинги кундан кечиктирмай қарз олувчи билан кредит шартномасини тузади.
Кредит шартномаси тузилганидан кейин банк бўлимининг раҳбари ёки кредит бўлимининг бошлиғи (ходими), ўз ваколатлари доирасида, бухгалтерияга муддат ва фоиз ставкасини кўрсатган ҳолда ссуда ҳисобварағини очиш тўғрисида фармойиш беради.
13. Кредит бериш тўғрисида қарор қабул қилиш билан бир вақтда қарз олувчига кредит карточкаси очилиб, кредит устидан назорат унга асосан амалга оширилади.

14. Қурилиш, техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш ва реконструкция қилишга тақдим этилган кредитлар ҳисобига молиялаш Ер кодексига, Ўзбекистон Республикасининг "Инвестиция фаолияти тўғрисида”, "Экология тўғрисида”ги қонунлари ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ барча зарур лойиҳа-смета ҳамда ўзга ҳужжатлар банкка тақдим этилганидан кейин очилади.

III. ЕР УЧАСТКАСИНИ ИЖАРАГА ОЛИШ ҲУҚУҚИНИ ГАРОВГА ҚЎЙИШНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ

ЎзР АВ 31.12.2004 й. 1345-1-сон билан рўйхатга олинган ЎзР МББ Қарорига мувофиқ 15 банд чиқариб ташланган

15. Фермер хўжалигининг раҳбари кредит олиш учун туман ҳокимига фермер хўжалигини юритиш учун берилган ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш ҳуқуқини гаровга қўйишга розилик бериш илтимос қилинган ариза юборади.
ЎзР АВ 31.12.2004 й. 1345-1-сон билан рўйхатга олинган ЎзР МББ Қарорига мувофиқ 16 банд чиқариб ташланган
16. Туман ҳокими фермер хўжалиги раҳбарининг аризасини белгиланган тартибда кўриб чиқиб, уч кун ичида ёзма шаклда фермер хўжалигини юритиш учун берилган ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш ҳуқуқини гаровга қўйишга ўз розилигини беради ёки рози эмаслиги тўғрисида асосланган рад жавоби беради.
17. Агар гаровга ер участкасининг бир қисмини ижарага олиш ҳуқуқи берилса, бу ҳолда фермер хўжалигининг раҳбари туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимига гаровга таклиф қилинаётган ер участкасининг режасини тузиш учун мурожаат қилади. (ЎзР АВ 31.12.2004 й. 1345-1-сон билан рўйхатга олинган ЎзР МББ Қарори тахриридаги банд)
18. Туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими ўн кун ичида бутун ер участкасини суратга олиб, гаровга бериладиган қисмини ажратади. Ишлар буюртмачининг маблағлари ҳисобига бажарилади. (ЎзР АВ 31.12.2004 й. 1345-1-сон билан рўйхатга олинган ЎзР МББ Қарори тахриридаги банд)
19. Ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш ҳуқуқини гаровга қўйиш тўғрисидаги шартномада Марказий банк Бошқарувининг 2004 йил 13 мартдаги 6/17-сон қарори (рўйхат рақами 1336, 2004 йил 8 апрель, ЎзР ҚТ, 2004 йил, 14-сон, 176-модда) билан тасдиқланган Ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи қийматини баҳолаш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ белгиланган, ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш ҳуқуқининг қиймати кўрсатилиши керак.
20. Ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш ҳуқуқини гаровга қўйиш шартномасига, унинг ажралмас қисми сифатида, туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимининг бошлиғи тасдиқлаган, унинг гаровга қўйилаётган қисми киритилган ер участкасининг чизмаси илова қилинади. (ЎзР АВ 31.12.2004 й. 1345-1-сон билан рўйхатга олинган ЎзР МББ Қарори тахриридаги банд)
21. Ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш ҳуқуқини гаровга қўйиш шартномаси ёзма шаклда тузилади. Кредит шартномаси нотариал тасдиқланган тақдирда ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини гаровга қўйиш шартномаси ҳам албатта нотариал тасдиқланиши керак.
22. Гаров берувчининг аризасига асосан туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини гаровга қўйишни давлат рўйхатидан ўтказишни ариза берилган кундан бошлаб уч кундан ошмайдиган муддатда амалга оширади ва рўйхатдан ўтказиш ёзувини қайд этиш санаси ва унинг рақамини кўрсатган ҳолда гувоҳнома беради. (ЎзР АВ 31.12.2004 й. 1345-1-сон билан рўйхатга олинган ЎзР МББ Қарори тахриридаги хат боши)
Гаров ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини гаровга қўйиш шартномаси рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб юзага келади.
23. Ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи бошқа шахсга мерос қолиш тартибида ўтганда гаров ўз кучини сақлаб қолади. Бунда ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини гаровга қўйиш шартномаси қўшимча равишда рўйхатдан ўтказилади.
24. Ижарага олиш ҳуқуқи гаровга қўйилган ер участкаси фақат гаров тутувчининг барча талаблари қаноатлантирилганидан кейингина давлат ҳокимияти органлари томонидан бошқага берилиши мумкин.
Давлат ҳокимияти органлари томонидан Ер кодексига мувофиқ ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини бекор қилиш масаласи кўтарилганда, банк, қарз олувчи билан тузилган шартномага кўра, шу жумладан қарз олувчи томонидан гаровга қўйилган ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини оммавий савдоларда мазкур Низомда белгиланган тартибда сотиш йўли билан, берилган кредитлар ва улар бўйича ҳисоблаб ёзилган фоизлар ва жарималарни муддатидан олдин сўндириш чораларини кўришга ҳақлидир. Ижарага олиш ҳуқуқи гаровга қўйилган ер участкасини олиб қўйишда, банк ўз талабини қарз олувчига етказилган зарарларни қоплаш ҳисобига келиб тушган суммадан қаноатлантириш учун устувор ҳуқуққа эгадир.

IV. КРЕДИТЛАШ ВА ССУДАНИ СЎНДИРИШ ТАРТИБИ

25. Кредитлар алоҳида ссуда ҳисобварағини очиш ва товар-моддий бойликлар учун қарз олувчининг тўлов топшириқномаларини ана шу ҳисобварақдан нақд пулсиз тарзда тўлаш йўли билан берилади.

Нақд пулни ссуда ҳисобварағидан бериш фақат Ўз фаолиятини юридик шахсни ташкил этган ҳолда амалга оширувчи фермер хўжаликлари, кичик бизнеснинг бошқа субъектларини тижорат банклари томонидан миллий ва хорижий валюталарда микрокредитлаш тартиби (рўйхат рақами 903, 2000 йил 29 февраль) белгилаб берган мақсадларга ва тартиб ҳамда миқдорларда амалга оширилади.
26. Кредитлар кредитлаш муддатига боғлиқ ҳолда 13101-"Хусусий корхоналар, ширкатлар ва корпорацияларга тақдим этилган қисқа муддатли ссудалар” ва 14301-"Хусусий корхоналар, ширкатлар ва корпорацияларга тақдим этилган ўрта муддатли ссудалар”, 15500-"Хусусий корхоналар, ширкатлар ва корпорацияларга тақдим этилган узоқ муддатли ссудалар” баланс ҳисобварағида ҳисобга олинади.
27. Алоҳида ссуда ҳисобварақлари бўйича берилган кредитлар кредит ходимининг фармойишига кўра муддатли мажбуриятлар билан расмийлаштирилади, улар тўлиқ сўндирилишига қадар, кредитлаш муддатларига боғлиқ ҳолда, 91901-"Қисқа муддатли ссудалар бўйича қарз олувчиларнинг мажбуриятлари”, 91903-"Ўрта муддатли ссудалар бўйича қарз олувчиларнинг мажбуриятлари”, 91905-"Узоқ муддатли ссудалар бўйича қарз олувчиларнинг мажбуриятлари” кўзда тутилмаган ҳолатлар ҳисобварақларида ҳисобга олинади.
Сўндириш муддатлари жадвал кўринишида тақдим этилиши керак, бу жадвал уни пул оқимларининг келиб тушиш истиқболига боғлиқ ҳолда бир неча босқич билан сўндиришни назарда тутади.
Сўндириш муддати бошланган ва қарз олувчида пул маблағлари бўлмаган тақдирда кредит кечиктирилган ссудалар ҳисобварағи орқали ундиришга тақдим қилинади, унга доир муддатли мажбуриятлар эса 2-сон картотекага жойлаштирилади ва тақвимий навбат тартибида сўндирилиши керак. Бунда фоизлар кредит қарзидан аввал сўндирилади.
28. Тижорат банклари кредитдан фойдаланишнинг бутун муддати мобайнида доимий мониторингни амалга оширади. Мониторинг қарз олувчининг буюртманомасини ва кредит шартномаси шартларини амалга оширишга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга йўналтирилиши керак.
29. Мониторинг жараёнида қарз олувчининг молия-хўжалик фаолияти, унинг тузилган шартномаларга (буюртмаларга) мувофиқ маҳсулот етказиб бериш мажбуриятларини бажариши, ишлаб чиқариш ҳажмлари, ноишлаб чиқариш харажатлари ва талафотлари, муомала чиқимлари, фойда, ўз айланма маблағлари мавжудлигининг динамикаси, товар-моддий бойликлар захираларининг ҳолати, айланма маблағларнинг айланувчанлиги таҳлили амалга оширилади. Банк кредитга қобилликнинг доимий мониторингини амалга ошириб, қарз олувчининг кредит ишидаги кўрсаткичларни тизимлаштиради.
Гаровга қўйилган ер участкасидан фойдаланиш, кредит шартномасида таъкидланган шартларда самарали ва мақсадли фойдаланишнинг ҳолати жойнинг ўзида ўрганилади.
30. Қурилишни молиялашга берилган кредитлар бўйича, мониторинг жараёнида банк кредитланаётган объектда бажарилган ишлар ҳажмини кредит шартномасида таъкидланган муддатлар ва шартларда назорат ўлчовини амалга оширади.
31. Қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришга берилган кредитлар бўйича, мониторинг жараёнида банк экинларнинг мавжудлиги, экинларнинг ҳолатини, агротехник тадбирларни: ёввойи ўтлардан тозалаш (ўтоқ қилиш), суғориш, культивация ва ҳоказоларни ўз вақтида ўтказишни ўрганади.
Экинлар мавжуд эмаслиги ёки улар қаровсиз ҳолдалиги аниқланганда банк берилган кредитларни ва улар бўйича ҳисоблаб ёзилган фоизлар, жарималарни муддатидан олдин сўндириш чораларини кўради. Бу чора-тадбирларнинг ҳаммаси кредит шартномасида таъкидланиши керак.
32. Берилган кредитлардан мақсадга номувофиқ фойдаланилганлиги аниқланган тақдирда банк кредитнинг мақсадга мувофиқ фойдаланилмаган қисмини қарзга олувчининг талаб қилиб олингунгача депозит ҳисобварағидан муддатидан олдин ундириш ҳуқуқига эгадир.

V. ГАРОВ ТУТУВЧИНИНГ ТАЛАБЛАРИНИ ҚАНОАТЛАНТИРИШ ТАРТИБИ

33. Ер участкаларини ижарага олиш ҳуқуқини гаровга қўйган қарз олувчилар кредит шартномасида белгиланган муддатда гаров тутувчининг талабини қаноатлантириши керак.

34. Қарз олувчининг талаб қилиб олингунгача асосий депозит ҳисобварағида маблағлар мавжуд бўлмаганида банк муддатли мажбурият асосида бошқа банкларга қарз олувчининг иккиламчи депозит ҳисобварақларида бўлган маблағларни талаб қилиб олингунгача асосий депозит ҳисобварағига ўтказиш тўғрисида талабнома юборади. Қарз олувчининг талаб қилиб олингунгача иккиламчи депозит ҳисобварақларига хизмат кўрсатувчи банклар, Фуқаролик кодексининг 784-моддасида белгиланган ҳисобдан чиқаришлар навбатидан келиб чиқиб, бу талабларни бажариши ва кўрсатилган маблағларни қарз олувчининг талаб қилиб олингунгача асосий депозит ҳисобварағига мемориал ордерлар билан ўтказиши шарт.
Иккиламчи депозит ҳисобварақларида бўлган маблағларни қарз олувчининг талаб қилиб олингунгача асосий депозит ҳисобварағига кирим қилгандан кейин, ушбу маблағларни ҳисобдан чиқариш Хўжалик юритувчи субъектларининг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги йўриқномада (рўйхат рақами 615, 1999 йил 30 январь) белгиланган тартибда амалга оширилади.
35. Ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини гаровга қўйган фермер хўжалиги тугатилганда гаров тутувчи ер участкасини ижарага олишнинг гаровга қўйилган ҳуқуқини ундиришга муддатидан олдин қаратиш ҳуқуқини олади.
36. Банк суд қарорига кўра ўз талабларини ер участкасини ижарага олишнинг гаровга қўйилган ҳуқуқи ҳисобига Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 280-моддаси билан белгиланган тартибда қаноатлантира олади.
37. Ундириш қаратилган ер участкасини узоқ муддатли ижарага олишнинг қарз олувчи томонидан гаровга қўйилган ҳуқуқларининг амалга оширилиши қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда оммавий савдоларни ташкил этиш йўли билан бажарилади.
38. Оммавий савдоларда ўз зиммасига ер участкасига доир бевосита белгиланган ҳуқуқлар олинганидан кейин ундан фойдаланиш мажбуриятини қабул қиладиган ҳар қандай юридик ва жисмоний шахслар иштирок этиши мумкин.
39. Ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини оммавий савдоларда оладиган юридик ва жисмоний шахслар ҳуқуқларининг ижара муддати тугашига қадар тўхтатилишига фавқулодда ҳолларда, фақат унга етказилган зарарлар (шу жумладан бой берилган фойда) тўла қопланганидан кейин йўл қўйилади.
40. Ер участкасини ижарага олишнинг гаровга қўйилган ҳуқуқини сотишдан олинган маблағлар етарли бўлмаган тақдирда кредитни сўндириш учун банк Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 4 декабрдаги 422-сон қарори билан тасдиқланган "Банкларнинг кредитлари бўйича қарздорлик ўз вақтида қайтарилмаган тақдирда ундирувни қарздорларнинг ликвидли мол-мулкига қаратиш тартиби”га мувофиқ банк ундиришни қарз олувчининг ликвидли мол-мулкига қаратишга ҳақлидир.
41. Мазкур Низом Молия вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари давлат қўмитаси, Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси, Деҳқон ва фермер хўжаликлари уюшмаси билан келишилган.
Ҳурматли мехмон, Сиз рўйхатдан ўтмасдан сайтимизга кирдингиз.
Лекин ўз фикр ва изоҳларингизни рўйхатдан ўтмасдан ҳам қолдиришингиз мумкин.
Орқага Олдинга