«BIZNESTRENER.UZ» бу – мамлакатимиз тадбиркор ва фермерлари ютуқларини кўрсатувчи кўзгу, «BIZNESTRENER.UZ» бу – хорижлик ишбилармонлар тажрибалари билан таништирувчи минбар, «BIZNESTRENER.UZ» бу – бой бўлишни истаганлар учун супер портал, «BIZNESTRENER.UZ» бу – тадбиркорлар ва инвесторларни боғлаб турувчи кўприк

biznestrener.uz » Машхурлар хаёти » Жобснинг ютуқлари
Янгилик маълумоти
  • Кўрилди: 1498
  • Муаллий: Admin
  • Вақти: 9-05-2014, 23:25
9-05-2014, 23:25

Жобснинг ютуқлари

Йўналиши: Машхурлар хаёти


Стив Жобс — дунёнинг энг машҳур кишиларидан бири эди. Афсус энди у орамизда йўқ. Стив Жобс — америкалик талабалар тақлидига муносиб намунали инсон.  Буни талабаларнинг ўзлари сўровлар жараёнида эътироф этадилар. Каттароқ ёшли америкаликлар эса Стивни америка орзусини ушалиш тимсоли деб ҳисоблайдилар.
У дунёдаги энг машҳур бренд тимсоли эди. Бутун танасини оғриқлар исканжасига олиб,  секин- аста емираётган касаллик ҳам уни руҳини синдирмаган, тушкунликка туширмаган эди.
Бинобарин, Стив Жобс инсонлар учун орзулар ушалишининг ёрқин мисолига айланди. Бунинг учун ота-онаси бадавлат бўлиши ёки қудратли ҳомийга ёхуд ғайриоддий истеъдодга эга бўлиш асло шарт эмас экан. Лекин бунинг учун нимадур керак-ку? Жобсни бошқалардан фарқи нимада эди? Унинг муваффақиятлари сири нима? Бу каби саволларга унинг таржимаи ҳолидан жавоб топиш мумкин.
Стив Жобснинг таржимаи ҳоли:
Стив 1955 йил 24 февраль куни туғилган. Асл ота-онаси ёш аспирантлар  бўлиб, онаси Жоан фарзанд кўриб парваришлашга ўзини тайёрмас деб ҳисоблайди ва гўдакни асраб оладиган муносиб оилани излайди. Жоан таълим олишни жуда муҳим ҳисоблагани учун, ҳали туғилмаган гўдакка олий маълумотли  ота-она  топишга ҳаракат қилади.
Шундай инсонларни топади ҳам, бироқ улар қиз фарзанд исташган эди, аксинча Жоан ўғил фарзанд кўради. Шунда улар ниятидан қайтиб, Жоан шошилинч равишда бошқа номзодларни қидиришга мажбур бўлади. Ўғил фарзандли бўлишни истаган бир оила топилади. Аммо уларнинг олий маълумоти йўқ эди.  Шунда улар Жоанга нима қилиб бўлса ҳам фарзандларини коллежда ўқитишга ваъда бериб,Стивни олиб кетишади. Айни шу нуқтада Жоанни Стив Жобснинг хаётидаги роли якун топади. Аммо...Стивннг ҳаётида бу ҳодисалар қандай из қолдирди? Ҳақиқатни билган чоғда унинг қалбида нималар кечган экан?
Асранди фарзанд эканлигидан Стив ўсмирлик пайтида хабар топади. Шундан бери у асл ота-оналарини топишга кўп бор уринади.  Лекин бундай маълумотлар сир сақланиб, муҳофаза этилгани сабабли фақатгина 27 ёшига келиб  унга ўтган воқеалар сири маълум бўлади.
Асл ота-онаси Стивдан кейин Мона исмли қиз кўрганлигини, отаси сиёсатшунос, онаси эса логопед бўлганлиги  эшитади. Маълум вақт синглиси Мона билан алоқада бўлса ҳам, ота-онаси билан ҳеч ҳам кўришмайди.
Кейинчалик Стив ҳаётидаги бу ҳодисалар унинг руҳий хусусиятларига ҳеч қандай таъсир ўтказмаганлигини бир неча бор таъкидлаган. Лекин унинг баъзи таниш ва дўстлари, Стивнинг муваффақиятлар сари тинимсиз интилишининг сабаби, асл ота-онасини қилган ишига қаттиқ ўкинишга ва пушаймон қилдиришга бўлган истак эди, деб ҳисоблайдилар. Буни ўзи билмаган ҳолда ёки чуқур ўйлаб қилган.
Энди уни асраб олган инсонлар ҳақида сўз юритсак. Улар Клара ва Пол Жобс эди. Айнан улар болага Стивен Пол Жобс деб исм қўядилар. Клара оддий ҳисобчи, Пол эса механик эди. Улар Калифорнияда, Кремний водийсида Маунтин-Вью шаҳрида яшашган. Оиладаги муносабатлар жуда ҳам яхши йўлга қўйилганди. Стив отаси билан дўстона муносабатда эди. Стив отасини унчалик яхши маълумотга эга бўлмасада, лекин қўли гул инсон бўлганлигини кўп бора айтган. Улар аксарият вақтини гаражда турли электрон буюмларни сочиб-йиғиш билан ўтказишарди. Отаси эса машина тузатиб ўғлини коллежда ўқитиш учун маблағ йиққан.

Табиийки Стив электроника билан қизиқа бошлайди. Мактабда ўқиб юрган пайтларидаёқ, дарслардан кейин ўша даврда ҳам информацион технологиялар  соҳасидаги йирик америка компанияси Hewlett-Packardнинг лекцияларига қатнашган. Шу пайтда Жобс компьютер клуби устаси бошқа бир Стив (Возняк) билан танишади.
Катта ҳаёт бошланиши.
Мактабни тугатгандан сўнг Стив асл онаси орзу қилганидек коллежга ўқишга киради. Портленд шаҳридаги Рид-коллежга. Стив коллежда  бор йўғи олти ой ўқиди. Кейинчалик буни шундай изоҳлайди: «Ўша вақтлари мен ҳаётимда ким бўлишимни, нима иш билан шуғулланишимни билмасдим,  бу ишда коллежни ҳам менга ёрдами тегмасди».
Қисқаси, Стив уни ёшлигидан тайёрлашгани учунгина коллежга киради. Стивдан бошқа ҳаммага шу керак эди.  Сир эмаски, кўпгина одамлар ўзи ҳоҳламаган ва уни устига унга қобилияти ҳам бўлмаган касб эгасига айланади. Энди ўзингиз айтинг, бу касбида улар қанчалик юқори  натижаларга эриша олади?
Шундай экан, ўзингизга завқ бағишламайдиган ва ҳаётда муваффақиятлар сари етакламайдиган таълимга  вақт сарфлаш шартмикан? Кўпчилик бунақа шароитда  бўлаётган ишлар бекорга эмас деган умидда ўқишни давом эттириб юраверади. Лекин Стив бундайлардан эмасди: у вақтни бекорга кетказмасликка қарор қилади. Аввалига у ўзини англаб, ўзи ҳақиқатда қизиқадиган касбни топишни истади...
Стивдан нимани ўрганиш мумкин? Омадли инсонлар ўзига ҳақиқатда қизиқарли бўлган иш билан шуғулланишни афзал кўради. Стив Жобс-шундай инсонларнинг бири эди.
Кейинчалик Стив бу даврни ҳаётининг энг яхши пайтлардан бири деб эътироф этади. Ётоқхонада ўз хонаси бўлмаганидан, дўстларининг хонасида ерда тунаб, кола идишларини  йиғиб 5 центдан топшириб, хафтада бир марта  текин яхши овкат ейиш учун шаҳарни нариги бурчагига 7 км йўл босишига ҳам тўғри келарди. Шу билан бирга коллежда маълум бир дарсларгагина, мисол учун хаттотликка қатнашарди. Анча йил ўтиб Стив, Macintoshга шрифтлар тайёрлашда бу билимлар асқотганини таъкидлайди.
Талабаликнинг бу гаштли онлари узоқ давом этмади. Ярим йил ўтиб Жобс Калифорнияга қайтади. У ерда  видеоўйинлар ишлаб чиқарувчи  Atari компаниясида техник бўлиб бир муддат ишлайди. Ишлашдан мақсад тажриба эмас, Ҳиндистон сафари учун бир оз пул ишлаш бўлган.
Стивдан нимани ўрганиш мумкин? Яна ўша, тақдирига  келажакда машҳур ва омадли инсон бўлиш битилган кимса,  одатга кўра эмас, ўзи ҳоҳлаганидек иш тутади! Омадли инсонлар шиори — «Ўзганинг ҳаёти билан яшама!»
Жобс сафарга коллеждаги дўсти Даниэл Коттке билан чиқади. Ҳиндистонда етти ой бўлиб, буддист бўлиб қайтади. Шундан бироз ўтиб Жобс Возняк билан  Apple Computers га асос солади.
Икки Стив: Джобс ва Возняк, AppleComputers

Ҳаммаси Жобснинг гаражида бошланади. Бошланғич маблағ  сифатида Жобс ўзининг бироз эскирган Фольксваген микроавтобусини сотиб пулини ўртага ташлади, Возняк эса HP калькуляторидан воз кечишга мажбур бўлди. Ҳаммаси бўлиб икковлон   1300 доллар пул тўплашди. 1976 йил Apple га асос солинди.  Орадан 8 йил ўтиб эса, компания ўша машҳур Macintosh — график интерфейсли кичикроқ компьютерни дунёга тақдим этди.
Бу Appleнинг биринчи маҳсулоти эмасди. Икки Стив компьютер саноатида инқилобий ўзгаришларни амалга оширди : улар технологияларни оммалаштирдилар ва кичикроқ, тушунарлироқ, қулайроқ ва арзонроқ компьютерлар ишлаб чиқара бошладилар, бу эса ўз навбатида маҳсулотларни  харидоргирлигини оширарди.
Аммо 1984 йил охирига келиб савдолар ҳажми тушиб кетди.  Бу эса компания ичида зиддиятларни келтириб чиқарарди. Ўша вақтда Apple нинг бошқарувчи директори Жон  Скалли  ( бир йил олдин Стив уни ўзи  шу лавозимга таклиф этган эди) ва Стив  компания бошқаруви учун  ўзаро кураш олиб бораётган эди. Бу кураш Стив мағлубияти билан хотима топади.
Компаниянинг ҳамма ходимлари ҳам Стивдан у қадар мамнун эмасдилар. Баъзилар уни ўта эксцентрик, ҳиссиётли баъзан эса шафқатсиз деб ҳисобларди. Бу эса Скаллининг ғалабасига  жуда қўл келди. 1985 йил Стив истеъфога чиқиб, Apple дан кетади.
Appleда Стив даҳо эмасди - аввалига бу ишни Возняк бажарган бўлса, кейинчалик профессионал ходимлар ишга олинганди. Лекин қанақасига олиб қараманг, Жобссиз Apple ҳам бўлмасди.
Икки Apple ораси.
Жобс қўл қовуштириб ўтирмади. У Next Computer компаниясига асос солди. Компания график ишчи станциялар лойиҳалаш ва ишлаб чиқаришга ихтисослашганди.

Аммо бу ишчи станциялар савдоси кўнгилдагидек бўлмади. Улар жуда илғор бўлиши билан бирга анчагина қиммат ҳам эди. Харидорлар эса арзонроғини  ҳоҳларди.
Стивдан нимани ўрганиш мумкин?  Омадли инсон ўзи асос солган компаниядан кетса-да, тушкунликка тушмади. Тезгина янги бир компания ташкил қилиб, ўз қобилиятларини ишга солишни янги йўналишларини, имкониятларини излай бошлайди.
«NextComputer»га асос солинганидан бир йил ўтиб, Стив Жобс Жорж Лукаснинг «The Graphics Group» анимацион студиясини сотиб олади. Тез орада компания  Pixar Animation Studios номини олади. Жобс унга 50 миллион доллар ўз сармоясини киритади.
Аввалига Pixar нинг ишлари унча юришмади. Компания график станцияларга ускуналар (аппарат қисми) ишлаб чиқаришга ихтисослашиши мўлжалланганди. Кетма-кет зарарлардан кейин, компания йўналиши бироз ўзгартирилди. Дисней компанияси билан шартнома тузилгандан кейин, «Ўйинчоқлар тарихи», «Монстрлар Корпорацияси», « Немони қидириб», «Рататуй» каби ўта машҳур мультфилмлар дунё юзини кўрди.
PIXAR компанияси компьютер мультфильмларини ишлаб чиқара бошлади ва катта тушумлар даври бошланди. Биринчи мультфильм 1995 йилда экран юзини кўрган бўлса, кейинги 15 йилда кўплаб анимация хитлари пайдо бўлди.
1995 йилда «Ўйинчоқлар тарихи»( «Toy Story») чиқиши биланоқ бу муваффақиятлиги аён бўлди. 1997 йилда Жобс у қадар фойда келтирмаётган NextComputer ни сотади, яна кимга денг, албатта  Appleгада. Камига ўзи ҳам компаниянинг бошқарувини ўз қўлига олади.
Apple га қайтиш.
Шу заҳотиёқ Стивни  Appleнинг «тумори» сифатида кўра бошлашди. Айнан у билан  Apple  70-йилларда асос солиниши билан дарҳол оммалашиб кетди ва унинг ўзи билангина 90-йиллар охирида муваффақиятларининг иккинчи даврини  бошлайди.
Стив Жобс брендинг, дизайн,  маркетинг ва реклама соҳасида тенги йўқ уста эди. 90-йиллар охирида нафақат АҚШда, балки бутун дунёда оммалашиб  кетган iMAC  ҳам Стив Жобснинг ижоди маҳсули.
Стивнинг компанияга қайтиши муросасизлик билан бошланди: кетма-кет ходимлар ишдан бўшатила бошланди, компанияда асабий муҳит ҳукм сурарди. Лекин булар эвазига савдолар ҳажми ошарди. Стив компанияга жуда зарур эди. Янги бошлиқни борича қабул қилишдан ўзга чора қолмаганди.


Apple  тез суратлар билан ривожлана борди:  бирин-кетин  iPod, iPhone, iPad каби янги маҳсулотлар пайдо бўлди. Бу янги маҳсулотларнинг ҳаммасига  ҳам талаб жуда катта эди. Бу Жобснинг ғалабаси эди.
Хасталик
Аммо буларнинг ҳаммаси Жобснинг хасталик ғами остида қолиш хавфида эди-Стив ошқозон ости бези саратони билан хасталанганди. Бу нарса 2003 йилда Стивга маълум бўлди.  Аммо у тушкунликка тушмади. Стив дарҳол тиғ остига тушишни истамади, аввалига парҳез қилиб, шарқ табобати билан   даволаниб кўрди.  Директорлар кенгаши асабий ҳолатда эди. Борди-ю бу хабар тарқалиб кетса,  акциялар нархи пасайиб кетиши мумкин эди.  Натижада 2004 йилда охир оқибат ўсма  жарроҳлик йўли билан олиб ташланади.
Жобс озиб-тўзиб тинимсиз меҳнат қиларди. Турли семинар, конференция ва тақдимотлар усиз ўтмасди. У Apple нинг янги маҳсулотлари тақдимотларини ўтказарди. Яна шунақа моҳирлик биланки, миллионлаб одамларда  унинг бу маҳсулотларини шу заҳотиёқ олиш истагини уйғота оларди.
2011 йилнинг август ойида Стив истеъфога чиқади. 5 октябрь куни оиласи даврасида оламдан кўз юмади.
Шахсий ҳаёти.  Жобс оилали, тўрт фарзанд отаси эди.

Стив Жобснинг муваффақият сирлари:
1. Жамоа.  Стив, жамоасиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди деб ҳисобларди.  Кўпчилик  бўлганда,  иштирокчиларнинг салбий сифатлари намоён бўлмайди, аксинча улар ўзаро яхши сифатлари билан ўртоқлашади. Муҳими, улар  ҳар бири алоҳида қилган ишдан кўра биргаликда қилганлари унумлироқ бўлади.
2. Озгинаю-созгина. Стив  диққатини камроқ иш, максад ва натижаларга қаратишни афзал кўрган. У Appleга қайтган вақтда компания  ассортименти жуда катта бўлишига қарамасдан касод бўлишига озгина қолганди. Жобс 300 та энг умидсиз маҳсулотни 10 та энг харидоргирга айлантирди. Унинг шиори  «минглаб нарсаларга вақтида йўқ дея ол!». Бу каби минимализм  Стивга ҳамма ишда хос бўлган.  Биргина кийинишига қарасангиз бас.
3. Маҳсулот эмас, орзулар савдоси. Нима учун Apple Стив Жобс қайтганидан кейин бунақа тез ва юқори кўтарилди? Чунки Жобс маҳсулотни эмас, ҳаёт тарзини сотиш муҳимлигини англаб етганди. iPhone, iPad, Macbookларни бошқа шу каби маҳсулотлардан  нимаси устун? Шунисики,  Apple маҳсулотлари алоҳида мақомга эга.  Шунинг учун миллионлаб одамлар унинг маҳсулотларига эга бўлишга интилади.  Улар шунчаки бу даражадагиларга қўшилмоқчи холос.
4. Ижодий ёндашув. Жобс  ҳам ҳазил-мутойибага уста, ҳам ижодий фикрлаш қобилиятига эга эди. Оригинал жумла ва ғоялар унга йўл-йўлакай келарди. Шунинг учун ҳам болаларда мантиқий фикрлашдан ташқари абстракт, яъни ижодий фикрлаш қобилятини ҳам ривожлантириш жуда муҳимдир. Айнан шу нарса муваффақият калитларидан биридир. Шунингдек, фикрини қисқа ва аниқ изоҳлай(тушунтира) билиш ҳам муҳимдир. Жобс каби...
5. Ўз ҳаётинг билан яша. Жобснинг ҳаётини кузатаркансиз, у инсон фақат ва фақат ўзи ёқтирган иши билан шуғулланганини, ўзи қизиқмаган иш қилгандан кўра оч юришни маъқул кўрганини англаш мумкин.
Ҳурматли мехмон, Сиз рўйхатдан ўтмасдан сайтимизга кирдингиз.
Лекин ўз фикр ва изоҳларингизни рўйхатдан ўтмасдан ҳам қолдиришингиз мумкин.