«BIZNESTRENER.UZ» бу – мамлакатимиз тадбиркор ва фермерлари ютуқларини кўрсатувчи кўзгу, «BIZNESTRENER.UZ» бу – хорижлик ишбилармонлар тажрибалари билан таништирувчи минбар, «BIZNESTRENER.UZ» бу – бой бўлишни истаганлар учун супер портал, «BIZNESTRENER.UZ» бу – тадбиркорлар ва инвесторларни боғлаб турувчи кўприк

biznestrener.uz » Машхурлар хаёти » Томми Хилфигер: "Мен 25 ёшга кирганимда…"
Янгилик маълумоти
  • Кўрилди: 2804
  • Муаллий: Admin
  • Вақти: 23-03-2014, 14:19
23-03-2014, 14:19

Томми Хилфигер: "Мен 25 ёшга кирганимда…"

Йўналиши: Машхурлар хаёти

 
Мактабда ўқиб юрган давридаёқ Томми Хилфигер илк бизнесини йўлга қўйган, 25 ёшида эса бизнеси инқирозга учраганди. Бу инқироз унга улкан сабоқ бўлди – ҳар бир тадбиркор ўз бизнесини ипидан-игнасигача пухта билиши даркор экан.
Қуйида Хилфигер қандай қилиб ўз бизнесини яна ривожлантира олгани ҳақида ўқийсиз.
Мен Нью-Йорк штатининг Элмир шаҳрида туғилганман. Дадам заргар эди, оилада тўққиз нафар фарзанд эдик. Болалигим ҳамма бир-бирини танийдиган кичкинагина шаҳарчада ўтган. Ёшлигимизданоқ биздан ишлаш талаб қилинарди: газета сотардик, ўтлоқларни қиртишлардик, қор тозалардик. Бу эса пул топиш дегани эди. Ва мен қўлимдан келганича пул топардим. Менга ишлаш ёқарди.
Менда ижодкорлик қобилияти бор эди. Мана шу ижодкорлик мени мода саноатига етаклади. Мен асосан "преппи” услуби – оксфордча кўйлаклар ва чиносга эътибор қаратдим. Йилдан-йилга бу услуб менга борган сари зерикарли туюла бошлади. Менда бу услубни ўзгартириш истаги пайдо бўлди. 18 ёшимда мода билан шуғулланишга қарор қилдим.
Битирувчи синфда ўқиётганимда синфдош дўстларим билан бизнес бошладим. Ҳар биримиз 125 доллардан пул ташладик ва жинси сота бошладик. Сўнгра People’s Place деб номланувчи дўкон очдик. Бу ҳақиқий шов-шув бўлди. Ҳаттоки жинсиларни дўконда эмас, машина юкхонасидан олиб сотган пайтларим ҳам бўлди. Одамлар жинси сотиб олишга шу даражада ўч эдилар. Ота-онамнинг раъйига қарши бориб, коллежда ўқимасликка қарор қилдим. Мен ўзим ўқиб-ўрганишимга, компанияни қандай бошқариш илмини ҳақиқий ҳаёт мактабида олишимга қатъий ишонардим.
Бир неча йилдан сўнг биз бутун Нью-Йорк штати бўйлаб дўконлар очдик. Мен тинмай Нью-Йоркка бориб турли ишлаб чиқарувчилар тайёрлаган маҳсулотларни олиб келиб дўконларга тарқатар, шу билан бирга тунги клубларда маишат қилишдан бўшамасдим. Вақтим жуда зўр ўтарди, лекин бизнесимга тобора эътиборим камайиб борарди.
25 ёшга кирганимда ҳисобчим "Сенда молиявий муаммолар пайдо бўлди”, деди. Унга банкдан кредит олиш кераклигини айтдим. У "Биз банкдан аллақачон кредит олганмиз.  Энди бошқа ердан пул топиш ёки банкрот бўлганимизни эълон қилиш керак”, деб жавоб берди.  
Шундай қилиб банкрот бўлдим. Мен ўта тушкун аҳволда эдим. Ахир мен нолдан бошлаган эдимку. Қаттиқ ишлагандим, улкан натижаларга эришишим мумкин эди, аммо йўлдан чалғидим. Мен бизнесим ривожланишда давом этади деб ишонгандим. Бироқ бундай бўлмади, чунки бизнесимга етарли даражада эътибор қаратмагандим.
Лекин мана шу инқироз менга катта сабоқ бўлди, у менинг ҳаёт мактабидаги "дипломим” бўлди. Мен ўзимни бизнесни миридан-сиригача ўрганишга мажбурладим. Бутун фикр-хаёлимни шунга қаратдим. Ҳисобчиликни ҳам ўрганиб чиқдим. Харажатларни қандай қилиб назорат қилиш кераклигини англаб етдим. Коллежда компаниялар фаолиятини мисол қилиб бизнесга ўргатишади. Мен эса бизнесни ўз компаниям мисолида ўргандим.
28 ёшимда бир гуруҳ дизайнерларни атрофимга тўпладим ва Jordache фирмаси менинг мижозимга айланишига эришдим. Фирмага бизнинг дизайнимиз ёқди, лекин кейинроқ жинсидан бошқа нарса билан шуғулланмасликларини айтиб биздан узоқлашди. Мен яна аро йўлда қолдим.
Бир йилдан сўнг, 1985 йилда ўз брендимни яратишга аҳд қилдим. Ўтган даврда тўплаган тажрибам йирик рақобатчиларга қарши курашга тайёрлаганди. Мен яна ўша "преппи” услубини ўзгартириш ғоясига қайтдим. Мен бу услуб урфга айланишини истардим.  
Мени қўллаб-қувватлайдиган ишлаб чиқарувчи топилди, лекин дўконлар менинг дизайнимни тушунишмас ва сотиб олишмасди. Шунда кийимларни ўзим сотишга киришдим. Кийимларни катта қопга солдим-да, бутун округни айланиб ҳар бир эшикни тақиллатиб чиқдим. Кийимларимни Macy's, Saks ва Bloomingdale’s дўконларига таклиф қилдим. Эшикни юзимга тарсиллатиб ёпишди. Мен эшикни янада қаттиқроқ тақиллатдим. Қайсарлигим муваффақият калити бўлиб хизмат қилди. Охир-оқибат дўконлар мен яратган дизайндаги кўйлакларни сотиш учун шартнома имзолашди.
Компаниям фаолияти бўйича режа туздим. Режамни амалга ошириш учун энг яхши мутахассисларни жалб этдим. Мен ҳақиқатан бутун эътиборимни ўз бизнесимга қаратгандим.


1988 йили компаниямиз сотув ҳажми 25 миллион долларни ташкил этди. 1990 йилларнинг ўрталарида биз 500 миллион долларлик савдога эришдик. 2000 йилнинг бошига келиб, йиллик савдо ҳажми 1 миллиард долларга етди. Бизнинг муваффақиятимиз қатъий ҳаракат ва режага биноан иш қилишда деб ўйлайман. Ҳозирда PVH корпорациясига кирувчи менинг брендим йилига 6 миллиард доллар даромад қилади. Бутун дунё бўйича 1200та Tommy Hilfiger дўконлари фаолият кўрсатмоқда.  
Мендаги ижодкорлик қобилияти ҳали ҳам бор. Мен ҳозир ҳам янги дизайнлар яратаман. Лекин 25 ёшга кирганимдан бери ўзимни дизайнер эмас, бизнесмендек ҳис қиламан.
Д.Асқаров тайёрлади.
Ҳурматли мехмон, Сиз рўйхатдан ўтмасдан сайтимизга кирдингиз.
Лекин ўз фикр ва изоҳларингизни рўйхатдан ўтмасдан ҳам қолдиришингиз мумкин.