«BIZNESTRENER.UZ» бу – мамлакатимиз тадбиркор ва фермерлари ютуқларини кўрсатувчи кўзгу, «BIZNESTRENER.UZ» бу – хорижлик ишбилармонлар тажрибалари билан таништирувчи минбар, «BIZNESTRENER.UZ» бу – бой бўлишни истаганлар учун супер портал, «BIZNESTRENER.UZ» бу – тадбиркорлар ва инвесторларни боғлаб турувчи кўприк

biznestrener.uz » Машхурлар хаёти » Машҳур брендларнинг машҳур бўлмаган соҳиблари
Янгилик маълумоти
  • Кўрилди: 3274
  • Муаллий: Admin
  • Вақти: 19-03-2014, 20:17
19-03-2014, 20:17

Машҳур брендларнинг машҳур бўлмаган соҳиблари

Йўналиши: Машхурлар хаёти, Тадбиркорлик фаолияти

Биз "Microsoft” деганда Билл Гейтсни, "Apple” деганда Стив Жобсни, бокс деганда Майк Тайсонни, "Формула 1” деганда Шумахерни кўз олдимизга келтирамиз. Лекин дунёда шундай машҳур брендлар борки, уларнинг асосчилари ёки раҳбарларини деярли ҳеч ким билмайди. Бугунги рейтингимиз ана шундай машҳур брендларнинг машҳур бўлмаган соҳибларидан тузилган.
Марсель Херрманн Телеш, Жорже Пауло Леманн ва Карлос Альберто Сикупира

Бойлиги миқдори: 9,1 млрд. доллар., 17,8 млрд. доллар. ва 7,9 млрд. доллар. доллар
Брендлар: Budweiser, Stella Artois, Hoegaarden, Burger King, Heinz ва бошқалар
Бразилиялик уч бизнесмен 1970-йилларда бирга ишлашни бошлашган. Улар 1998 йилда ўзларининг Banco Garantia деб номланувчи банкини 675 миллион долларга Credit Suisse First Boston банкига сотишган. 2001 йили Бразилиянинг Brahma ваAntarctica пиво ишлаб чиқарувчи компаниялари AmBev номи билан ягона холдингга бирлашганида бу холдингни айнан юқорида айтиб ўтилган бизнесменлар бошқаришган. Орадан уч йил ўтгач, Бельгиянинг Interbrew компанияси билан бирлашди ва InBev номини олди. Ҳозирда компания дунёдаги энг йирик пиво ишлаб чиқарувчи ҳисобланади (200га яқин номда пиво чиқаради, булар орасида "Сибирская корона” ва "Толстяк” пиволари ҳам бор). Корпорация 2012 йили 40 млрд. доллар. доллар даромад кўрган.
2010 йилда бизнесменлар Burger King ресторанлар тармоғини, ўтган йили эса кетчуп ишлаб чиқарувчи Heinz компаниясини сотиб олишди.

Леонардо Дель Веккио
Бойлиги миқдори: 15,3 млрд. доллар
Брендлар: Ray-Ban, Oakley
Дель Веккио етти ёшга тўлганида отаси вафот этади ва у болалар уйида тарбияланади. Мактабни битиргач, автомобиллар учун эҳтиёт қисмлари ва кўзойнаклар тайёрлайдиган фабрикада ишлай бошлайди. 1961 йили, 26 ёшида Luxottica компаниясини ташкил этади. Ҳозирда Италияда Дель Веккиони кўзойнаклар қироли деб аташади. У ташкил қилган Luxottica қуёшда ҳимоя қилувчи кўзойнаклар ишлаб чиқарувчи дунёдаги энг йирик компаниядир.

Стефан Квандт, Сьюзан Клаттен ва Йоханна Квандт

 
Бойлиги миқдори: 11,9 млрд., 14,3 млрд. ва 10,6 млрд. доллар
Бренд: BMW
47 ёшли Стефан ва 51 ёшли Сьюзан BMWни банкрот бўлишдан ва  Daimler-Benzга сотилиб кетишидан сақлаб қолган инвестор Герберт Квандтнинг (1982 йилда вафот этган) фарзандларидир. Уларнинг онаси Йоханна Гербертнинг котибаси бўлган ва кейинчалик унга турмушга чиққан. Оилага BMWнинг 47 фоиз акцияси тегишли, Стефан ва Сьюзан эса автоконцерннинг директорлар кенгашига кирадилар.

Ли Гон Хи
 
Бойлиги миқдори: 13 млрд. доллар
Бренд: Samsung
72 ёшли Ли Гон Хи —Samsung асосчиси Ли Бён Чхолнинг учинчи ўғли. Ли Гон Хи ўз ишини 1968 йили Samsung Groupда бошлаган. 1987 йили отасининг ўлимидан сўнг бошқарувни ўз қўлига олган. Businessweek журналининг маълумотига қараганда, Samsung Groupнинг йиллик даромади Жанубий Корея ЯИМнинг 17 фоизига тенг. Samsung Electronics компанияси дунёнинг энг йирик корпорациялари рейтингида 14-ўринда. 2009 йилда Ли Гон Хи компанияга етказган зарари учун шартли равишда уч йилга озодликдан маҳрум этилган ва 90 миллион доллар жарима тўлашга ҳукм қилинган, лекин кейинроқ мамлакат президенти уни афв этганди.

Алехандро Санто-Доминго Давила

Бойлиги миқдори: 11,7 млрд. доллар
Брендлар: Miller, Grolsch, Pilsner Urquell ва бошқалар
Колумбиялик миллиардер ва пиво магнати Хулио Марио Санто-Домингонинг ўғли. 2005 йили Санто-Доминго Колумбиядаги Bavaria пиво ишлаб чиқариш компанияси акцияларини SABMiller  холдинги улушига алмаштирган. Холдинг пиво ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги иккинчи йирик компания бўлиб, ўтган йили 34 млрд. доллар фойда кўрган. Алехандро 2011 йилда отасининг ўлимидан сўнг оилавий компания раҳбарига айланган. 

Шарлин де Корвальо-Хайнекен

Бойлиги миқдори: $11 млрд. доллар
Бренд: Heineken
Рўйхатдаги яна бир меросхўр: 59 ёшли Шарлин — голландиялик бизнесмен Альфред Хайнекеннинг қизи ва компания асосчиси Жерар Хайнекеннинг чевараси. Шарлинга компаниянинг 25 фоиз улуши тегишли, унинг эри Мишель де Корвальо эса компания директорлар кенгаши таркибида.
 
Кьелд Кирк Кристиансен
Бойлиги миқдори: 7,3 млрд. доллар
Бренд: Lego
Ўйинчоқ компанияси асосчиси Оле Кирк Кристиансеннинг набираси. 1979 йили 33 ёшида компания бошлиғи бўлган, 2004 йили Lego Group президентлигидан истеъфога чиққан. У ва унинг ўғли Томас Кирк Кристиансен Lego Group директорлар кенгаши таркибига киради.  

Чон Мон Гу

Бойлиги миқдори: 6,3 млрд. доллар
Бренд: Hyundai
Hyundai асосчиси Чон Чжу Ённинг 76 ёшли ўғли. 2000 йилдан буён Hyundai Motor Companyни бошқариб келади. 2012 йили компания 4,4 млн. дона автомобиль сотди. Чон Мон Гунинг укаси, миллиардер Чон Мон Жун Hyundai Heavy Industries кемасозлик компанияси раҳбари. 

Мария Асунсьон Арамбурузабала

Бойлиги миқдори: 5 млрд. доллар  
Бренд: Corona
Мексиканинг Grupo Modelo пиво ишлаб чиқариш компанияси асосчисининг набираси. 1995 йили отасининг ўлимидан сўнг у синглиси билан Grupo Modeloнинг сотилиб кетмаслиги учун бор кучи билан ҳаракат қилди. Барибир 2012 йили Anheuser-Busch InBev компанияси Grupo Modeloнинг 50 фоиз улушини сотиб олишга тайёрлигини билдирди. Монополия юз бермаслиги учун бунга АҚШ Адлия вазирлиги қарши чиқди.

Лесли Векснер

Бойлиги миқдори: $4,5 млрд. доллар
Бренд: Victoria's Secret
1963 йили Векснер холасидан 4000 доллар қарз олиб, The Limited деб номланган кийимлар дўкони тармоғини ташкил этган. 1982 йилда эса у Victoria's Secret компаниясини 1 миллион долларга сотиб олган. Ҳозирда компаниянинг йиллик даромади 6,1 млрд. доллар.  
Огайо штати универститетини битирган Векснер талабалар ва ўқитувчиларга саховат кўрсатиб келади. 1989 йили у университет тиббий марказига 75 млн. доллар ажратган.

Барбара Карлсон Кейдж ва Мэрилин Карлсон Нельсон
Бойлиги миқдори: 4,1 млрд. доллардан
Брендлар: Radisson, TGI Friday's
1938 йили 55 доллар қарз олиб Gold Bond Stamp Company (ҳозирда Carlson деб номланади) компаниясини ташкил этган Курт Карлсоннинг қизлари. Оиланинг илк бизнеси озиқ-овқат дўконлари бўлган. 1962 йилда компания Миннеаполисдаги Radisson меҳмонхонасини, 1975 йили эса TGI Friday's тезкор овқатланиш тармоғини сотиб олган. 1999 йили Курт Карлсоннинг вафотидан сўнг компания бошқарувига Мэрилин Карлсон Нельсон келди. 2008 йили у ўрнини қизи Диана Нельсонга бўшатиб берди. Ҳозирда Carlson компанияси таркибида 1300та Radisson, Park Inn ва Park Plaza меҳмонхоналари ҳамда 900дан ортиқ TGI Friday's ресторанлари бор.

Фред Делюка

Бойлиги миқдори: $2,6 млрд. доллар
Бренд: Subway
1965 йили 17 ёшли Фред ДеЛюка университетда ўқишига пул топиш учун дунёдаги биринчи сэндвич сотувчи нуқтани ташкил этганди. Унга бу ишни бошлаш учун дўсти Питер Бак 1000 доллар пул бериб турган. 1968 йили тармоқ Subway деб номланди, орадан 10 йил ўтгач 100дан ортиқ савдо нуқталарига эга бўлди. Ҳозирда Subway тармоғига дунёнинг 102 мамлакатида 40 000дан ортиқ ресторанлар киради. 

Исаак Перлмуттер

Бойлиги миқдори: $2,4 млрд. доллар
Бренд: Marvel
"Темир одам», "Ўргимчак одам”, "Капитан Америка”, "Халк”, "Қасоскорлар” — буларнинг барчаси Marvel Entertainment компанияси комиксларининг бир қисми. Компанияни 70 ёшли Исаак Перлмуттер бошқаради (Расмда ёшлиги). Исроил армиясида хизмат қилгач, у чўнтагида 250 доллар пул билан АҚШга йўл олади. Унинг илк бизнесларидан бири арзонлаштирилган моллар дўкони бўлган. 1997 йили у инқироз ёқасига келиб қолган Marvel Comics компаниясини сотиб олди. Перлмуттер раҳбарлиги остида компания гуллаб-яшнай бошлади ва у 2009 йили компанияни Disneyга 4,2 млрд. долларга сотди. Лекин бош директорлик лавозимини сақлаб қолди.  
Дилшодбек тайёрлади.

 

Ҳурматли мехмон, Сиз рўйхатдан ўтмасдан сайтимизга кирдингиз.
Лекин ўз фикр ва изоҳларингизни рўйхатдан ўтмасдан ҳам қолдиришингиз мумкин.