«BIZNESTRENER.UZ» бу – мамлакатимиз тадбиркор ва фермерлари ютуқларини кўрсатувчи кўзгу, «BIZNESTRENER.UZ» бу – хорижлик ишбилармонлар тажрибалари билан таништирувчи минбар, «BIZNESTRENER.UZ» бу – бой бўлишни истаганлар учун супер портал, «BIZNESTRENER.UZ» бу – тадбиркорлар ва инвесторларни боғлаб турувчи кўприк

biznestrener.uz » Машхурлар хаёти » Шотландиядан келган туҳфа “Форбс” журналининг тарихи
Янгилик маълумоти
  • Кўрилди: 1273
  • Муаллий: Admin
  • Вақти: 24-01-2014, 20:03
24-01-2014, 20:03

Шотландиядан келган туҳфа “Форбс” журналининг тарихи

Йўналиши: Машхурлар хаёти

"Forbes” журнали ҳақида эшитмаган инсон кам бўлса керак. Айниқса, журналнинг турли воқеа-ҳодисалар ва компаниялар, дунёнинг энг бой инсонларига оид рейтинглари деярли ҳар бир оммавий ахборот воситасида тилга олинади. Бугунги кунда "Форбс” дунёда энг оммабоп журналлардан бири. Аммо бу журнални ташкил қилган инсон ҳақида ҳамма ҳам билавермаса керак. Мазкур журналнинг асосчиси Берти Чарльз Форбсдир.

Берти Форбс 1880 йилнинг 14 майида Шотландиянинг кичкинагина Нью-Дир шаҳарчасида дунёга келган. Оилада у ўн фарзанднинг олтинчиси эди. Отаси чевар бўлиб, топган даромади рўзғорни тебратишга аранг етарди. Берти бировларнинг молини боқиб ёки далада ишлаб отасига ёрдам берарди. Аммо у тинмай машҳур журналист бўлишни, ўз журналини ташкил этишни орзу қиларди.

Ўн тўрт ёшида у маҳаллий газеталардан бирига ҳарф терувчи бўлиб ишга кирди. Ойлик маоши эса ҳафтасига 75 фунт эди.

Қалби орзуларга тўла ўн тўрт ёшли ўсмирни ҳарф терувчилик қаноатлантирмади. У журналист бўлиб мақола ёзиш ўрнига бировларнинг мақолаларини тераётганди. "Тарих гувоҳлик беришича, машҳур ғолиблар ўз ғалабаларига эришгунларига қадар мислсиз қийинчиликларга дуч келишган экан. Улар мағлуб бўлишни истамаганлари учун ғалаба қозонишган”, деган эди кейинчалик Форбс. "Қийинчиликлар инсонни олға ундайди”, деб ҳисобларди у.

Ҳақиқатан ҳам Бертини қийинчиликлар олға ундади. Мағлуб бўлишни ва бир умр ҳарф терувчилик қилишни истамаган Берти... ўқишга қарор қилди. У стенография бўйича ўқиди ва маҳаллий газетага мухбир бўлиб жойлашди. Билим мустаҳкам таянч эканлигини англаган Форбс Данди университетида ҳам таҳсил олди.

Аммо газетада у узоқ ишламади. Севган қизи бошқасига турмушга чиқиб кетгач, Берти аламли муҳаббатини унутиш учун Жанубий Африкага кетди. У ердан эса АҚШга жўнади. Ўшанда 1904 йил эди.

Аввалига у молия ва бизнесга оид газеталарда ишлади. Сўнгра унга ўша даврларнинг йирик медиамагнати Уильям Рэндолф Хёрст "Нью-Йорк америкэн” журналида ишлашни таклиф қилди. Тез орада Форбс ўз мақолалари билан омма эътиборига тушди.

1917 йили Берти Форбснинг ҳаётида икки муҳим воқеа юз берди: у "Американи қурган инсонлар” китобини нашр этди ва ўз журналига асос солди. У журнални "Ишлар ва тадбиркорлар” деб номламоқчи эди, аммо дўстларининг маслаҳати билан журналга ўз номини берди. 15 сентябрь куни "Форбс”нинг илк сони дунё юзини кўрди.

Дастлабки сонидан бошлабоқ журнал ишбилармонлар ва уларнинг ишлари, миллионерларнинг ҳаёти, уларнинг муваффақияти ва инқирози, сабаблар ва оқибатлар ҳақида ҳикоя қилишни бошлади. Орадан ўн йил ўтиб, шахсан Хёрст журнални 10 миллион долларга сотиб олмоқчи бўлди. Лекин Форбс журналини сотмади. Унинг учун бу журнал ўз фарзандидек бўлиб қолганди. Ҳаттоки у журнал доимий равишда чиқиб туриши учун бошқа газеталарга мақола ёзиб, олган қалам ҳақини босмахоналарга тўлашга мажбур бўлса-да, журналидан воз кечмади.

1954 йилнинг 6 май куни Берти Форбс вафот этди ва у асос солган журнал фарзандларига мерос қолди.

Унинг иккинчи ўғли Малкольм журналнинг янада ривожланишига катта ҳисса қўшди.

1964 йилда акаси вафот этгач, Малкольм акасининг бевасидан журналнинг қолган улушини сотиб олди. Айнан Малкольм бугунги кунда ҳаммани қизиқтирадиган рейтингларни доимий равишда эълон қилишни бошлаб берди.

Тўғри, вақти-вақти билан турли нашрлар рейтинг рўйхатларини бериб боришарди. Ҳаттоки 1918 йилда отаси Берти ҳам энг бой америкаликлар рейтингини берган, ўшанда Жон Рокфеллер 1,2 миллиард доллар бойлиги билан биринчи ўринни эгаллаганди. Лекин Малкольм Форбс рейтинглар журналнинг асосий қуролларидан бири бўлишини таъминлади.

Форбс журнални ривожлантира олганининг сабабларидан яна бири, у болалигиданоқ "Форбс” журналини севиб ўқир, журнални янада қизиқарлироқ қилиш учун нималар лозимлиги ҳақида бош қотирарди.

Малкольмнинг ўғли Стив ҳам худди отаси каби журнални гуллатди. 1990 йили отаси вафо этгач, у 1,4 миллард доллар пул, компаниянинг 51 фоиз акцияси ва Forbes Inc. корпорациясининг 35 фоиз сармояси билан оилавий бизнесни давом эттирди. Стив Форбс даврида журнал португал ва япон тилларида ҳам чоп этила бошланди.

Гиннесснинг рекордлар китоби сингари "Форбс” ҳам бизнеснинг рекордлар китобига айланди. Дунёнинг энг йирик компаниялари раҳбарлари, миллиардерлар, бизнесменлар бу журналнинг ҳар бир сонини интиқлик билан кутадилар. Кимлардир журналдаги рўйхатдан ўз номларини қидирсалар, яна кимлардир рўйхатдан жой олишни орзу қиладилар.

"Форбс” ҳақида маълумотлар

"Форбс” журналидан ташқари, Forbes Incorporated компаниясига Newsweek, Wall Paper каби газета-журналлар ҳам тегишли. Журналнинг бош муҳаррири Стив Форбс.

АҚШда чиқадиган "Форбс” журналининг адади 900 мингдан ортиқ. Бундан ташқари, журнал Россия, Япония, Бразилия, КореяХитойИсроил, Польша, араб давлатлари ва ЕвроИттифоқда ҳам чоп этилади.

Журналнинг Forbes Style, Forbes Woman, Forbes Life, Forbes Real Estate деб номланувчи иловалари ҳам бор.

Компаниянинг даромади ҳақидаги маълумотларни Стив Форбс ошкор этмайди. Бир неча йил илгари Форбснинг бойлиги 400 миллион доллар (отасидан мерос қолган 1,4 миллиард доллардан ташқари) деб баҳоланган. Стив йилига 1,2 миллион доллар маош олади.

Журналдаги энг бой инсонлар рўйхати илк марта 1918 йилнинг 2 мартида чоп этилган.

Дунёнинг энг бой инсонлари рейтингидан ташқари, журнал энг бой америкаликлар (Forbes 400), машҳурлар (The Celebrity 100), энг йирик компаниялар (The World’s Biggest Companies), энг бой шоу-бизнес юлдузлари, энг таъсир кўрсатувчи инсонлар, энг қиммат автомобиллар рейтинги каби рўйхатларни ҳам эълон қилади.

1982 йилнинг 13 сентябридан буён "Форбс” энг бой 400 нафар америкалик рўйхатини чоп этади. "400” рақами бежизга танланмаган: 1890-йилларда Уильям Блекхауз-Астор исмли аёл ўз саройида американинг энг бой инсонлари учун зиёфатлар уюштирган. Унинг саройига 400 нафардан ортиқ киши сиғмаган. Рейтинг номи шундан олинган. Дунёнинг энг бой кишилари рўйхати 1986 йилдан бери бериб борилади.

 "Омад севган иши билан шуғулланган инсонларга кулиб боқади. Омадга эришишнинг бошқа йўли йўқ”. (Берти Чарльз Форбс)
 

Интернет маълумотлари асосида Дилшодбек тайёрлади.

Ҳурматли мехмон, Сиз рўйхатдан ўтмасдан сайтимизга кирдингиз.
Лекин ўз фикр ва изоҳларингизни рўйхатдан ўтмасдан ҳам қолдиришингиз мумкин.