«BIZNESTRENER.UZ» бу – мамлакатимиз тадбиркор ва фермерлари ютуқларини кўрсатувчи кўзгу, «BIZNESTRENER.UZ» бу – хорижлик ишбилармонлар тажрибалари билан таништирувчи минбар, «BIZNESTRENER.UZ» бу – бой бўлишни истаганлар учун супер портал, «BIZNESTRENER.UZ» бу – тадбиркорлар ва инвесторларни боғлаб турувчи кўприк

biznestrener.uz » Машхурлар хаёти » Осиёлик «супермен»
Янгилик маълумоти
  • Кўрилди: 1475
  • Муаллий: Admin
  • Вақти: 20-01-2014, 17:10
20-01-2014, 17:10

Осиёлик «супермен»

Йўналиши: Машхурлар хаёти

 

Гонконглик тадбиркор Ли Кашин 2012 йилда "Осиёнинг энг бой кишиси” деб эътироф этилган ҳамда дунёнинг энг бой инсонлари рўйхатида тўққизинчи ўринни эгаллаган (25 миллиард доллар). Гонконгдаги ҳар еттинчи квартира­ни унга қарашли қурилиш компаниялари қурган, Гонконг порти орқали ўтадиган юкларнинг 70 фоизи унинг назо­ратида. Ли Кашинга қарашли компанияларда дунёнинг 53 мамлакатидаги 270 минг нафардан ортиқ киши меҳнат қилади. У бу мавқега қандай эришган?

БОЛАЛИК

Ли Кашин 1928 йили Хитойнинг Чаочжоу шаҳрида камбағал қишлоқ ўқитувчиси оиласи­да дунёга келган. 1940 йилда японлар истило­сидан жон сақлаш учун уларнинг оиласи Гон­конгга қочиб келади. Орадан икки йил ўтгач, унинг отаси даволанишга пул тополмай сил ка­саллигидан вафот этади. Ҳали мактабнинг бе­шинчи синфини ҳам битирмаган ўсмир соатлар тасмасини сотиш билан кун кўради. Кейинроқ у пластмасса гуллар ишлаб чиқарувчи завод­га ишга киради. Ли кунига 16 соатлаб ишлар, ишдан сўнг кечки мактабга борарди.

ТАДБИРКОРЛИК ФАОЛИЯТИНИНГ БОШЛАНИШИ

Ли Кашин озгина пул тўплаб олгач, ишдан кетди ва сунъий гуллар сотиш билан шуғуллана бошлади. 1950 йили эса 9000 долларга яқин пули билан пластмасса маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи компанияга асос солди. Маҳсулотларини АҚШга экспорт қилишни бошлагач, Кашиннинг бизнеси гуллаб-яшнай бошлади. Унинг компанияси сунъий гуллар­дан ташқари, пластмасса ўйинчоқлар, совун идишлари ва тароқлар ҳам ишлаб чиқарарди. Олинган фойдага эса у ўша даврда анча ар­зонлаб кетган кўчмас мулк сотиб ола бошлади. 1970-йилларнинг охирига келиб, Ли йирик тад­биркорга айланиб улгурганди.

ТАДБИРКОРЛИК САЛТАНАТИНИНГ БАРПО ЭТИЛИШИ

1979 йили Ли Кашин Гонконгдаги Hutchison Whampoa деб номланувчи Британиянинг йирик компаниясини сотиб олди. Компания савдо- сотиқ, кўчмас мулк, омборчилик, юк ташиш, салқинлатувчи ичимликлар ишлаб чиқариш би­лан шуғулланарди. Унинг раҳбарлигида қайта ташкил этилган компания тез орада дунёдаги йирик порт оператори ҳамда савдо, қурилиш, телекоммуникация ва энергетика корпорация­сига айланди. 1980 йилдан бошлаб у биржа опе­рациялари ва иқтисодиётнинг янги соҳаларига сармоя киритиш билан ҳам шуғуллана бошла­ди. Ли Кашин келажакда даромад келтирувчи соҳаларни олдиндан кўра олар ва пул тикар, кейин эса қиммат нархга сотарди. 1985 йили у Hongkong Electric энергетика компаниясининг акциядорига айланди. Орадан икки йил ўтгач, Ли "Форбс” журналининг миллиардерлар рей­тингига киритилди.

Буюк Британия мобил алоқа бозорига кирган Кашин 1991 йили инқирозга учраган Rabbit хиз­матини сотиб олиб, уни Orange бренди остида қайта шакллантирди ва 1999 йили 14,6 милли­ард долларга сотди.

1996 йили Ли Кашиннинг компанияси Панама каналининг ҳар икки томонидаги портлар назо­ратини ўз қўлига олди.

XXI АСРДАГИ ФАОЛИЯТ

2005 йилда у Skype хизматига, 2007 йили Facebook ижтимоий тармоғига, 2009 йили Siri компаниясига, Spotify мусиқий хизматига, Magisto видеоредакторига сармоя киритди. Ли ҳатто 15 ёшли компьютер дастурловчиси Ник Д`Алойзионинг ғояларини амалга ошириш учун пул тикишдан ҳам чўчимади.

2010 йили у Франциянинг Électricité de France компаниясини, бир йилдан сўнг Британиянинг Northumbrian Water Group (сув билан таъминлаш ва канализация), ўтган йили эса Австриянинг Orange Austria мобил операторини сотиб олди. Шунингдек, Ли Кашин ўтган йили Австралияда ҳам йирик савдоларни амалга оширди – қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ва со­тувчи Peaty Trading Group компаниясини, учта узумзорни ва туз ишлаб чиқарувчи Cheetham Salt компаниясини сотиб олди..

Ли кейинги пайтда бугунги ишлар билан шуғулланишдан кўра янги режалар тузиш билан машғул бўлмоқда. У интервьюларидан бири­да шундай деганди: "Мен бугунги ишларни ҳал қилишдан кўра эртанги кунимни режалашти­ришга кўпроқ вақт сарфлайман”.

ХАЙРИЯ ИШЛАРИ

Болалигида қашшоқликда кун кўрган, тўлиқ маълумот ололмаган Ли Кашин бойиб кетгач, йирик саховатпешага айлан­ди. Интервьюларидан бирида у "Келажак кўплаб нарсалардан ташкил топади, аммо инсонлар қалби ва онгида пайдо бўлади. Шунинг учун фақатгина ўз мақсадига эри­шиш ҳақида ўйламасдан, бутун инсоният тақдири ҳақида ўйлаш керак”, деганди.

1980 йили Ли хайрия жамғармасини ташкил этди. Бир йилдан сўнг у Шантоу университети қурилиши учун 3 милли­он доллар пул ажратди, кейин Сингапур менежмент университети кутубхонаси, Сингапур миллий университети, Гонконг университети, Калифорниядаги Берк­ли ва Альберт университетларига катта миқдорда пул эҳсон қилди. Кашин шунингдек, Ҳинд океанидаги цунами (2004 йил), Чаочжоудаги сув тошқини (2006 йил) ва Сичуан­даги зилзила (2006 йил) жабрдийдаларига дори- дармонлар ва илк ёрдам воситалари учун пул ажратди, уй-жойларни тиклаш ишларини молиялаштирди. Ли таълим, тиббиёт ва маданият учун жами 1,6 миллиард доллар маблағни грант сифатида сарфлади.

Ли Кашин Кембриж университетининг юридик фанлар бўйича фахрий доктори ва Пекин уни­верситетининг фахрий доктори ҳисобланади. 2001 йили у Asiaweek томонидан "Осиёнинг энг таъсир кўрсатувчи инсони” деб эътироф эти­лган бўлса, 2006 йили Time журнали томонидан

"Осиёнинг кейинги 60 йилдаги қаҳрамонлари” рўйхатидан жой олган. Гонконгда "ушбу шаҳарда сарфланган ҳар бир долларнинг 5 центи Ли Кашиннинг чўнтагига тушади” деган гап юради.

ШАХСИЙ ҲАЁТИ

Ли Кашин ўта бадавлат бўлса-да, жуда кам­тарона ҳаёт кечиради, ҳалигача арзон пойаб­зал кияди, пластмасса соат тақади, ўғли билан икки қаватли уйда истиқомат қилади.

Унинг хотини Лэй Чон Ютмин 1990 йили 56 ёшида юрак хуружидан вафот этган ва Ли қайтиб оила қурмаган. Унинг икки ўғли бўлиб, катта ўғли Виктор (1964 йилда туғилган) отасининг компаниясида раис ўринбосари, кичик ўғли Ричард (1966 йилда туғилган) эса Pacific Century Group деб номланувчи ўз корпорациясига эга. Ли Кашин хайрия жамғармасини ўзи­нинг учинчи ўғли деб атайди.

Ли Кашин муваффақиятининг асосий омил­ларидан бири унинг меҳнатсеварлик, интилув­чанлик ва интизомлилик фазилатларидир. У "Агар яхши обрў қозонсангиз, қаттиқ меҳнат қилсангиз, ваъдангизда турсангиз, бизнесин­гиз гуллаб-яшнайди” ҳамда "Мен учун энг роҳатланарлиси қаттиқ меҳнат қилиш ва катта даромад кўришдир” деган иборалари билан машҳур.

(Ли Кашин тўғрисида маълумот сайтимизда олдин хам чоп этилган. Лекин ушбу маълумот вақт ўтиб эскирганлиги сабабли янги маълумотни жойлаштиришга ҳаракат қилдик)

Ҳурматли мехмон, Сиз рўйхатдан ўтмасдан сайтимизга кирдингиз.
Лекин ўз фикр ва изоҳларингизни рўйхатдан ўтмасдан ҳам қолдиришингиз мумкин.