«BIZNESTRENER.UZ» бу – мамлакатимиз тадбиркор ва фермерлари ютуқларини кўрсатувчи кўзгу, «BIZNESTRENER.UZ» бу – хорижлик ишбилармонлар тажрибалари билан таништирувчи минбар, «BIZNESTRENER.UZ» бу – бой бўлишни истаганлар учун супер портал, «BIZNESTRENER.UZ» бу – тадбиркорлар ва инвесторларни боғлаб турувчи кўприк

biznestrener.uz » Машхурлар хаёти » Компьютер олами инкқилобчиси
Янгилик маълумоти
  • Кўрилди: 1324
  • Муаллий: Admin
  • Вақти: 2-01-2014, 10:42
2-01-2014, 10:42

Компьютер олами инкқилобчиси

Йўналиши: Машхурлар хаёти

Microsoft компаниясининг шахсий компьютерлар учун дастурий таъминот ишлаб чиқариш борасида етакчига айланишида унинг асосчи­ларидан бири бўлмиш Билл Гейтснинг хизмати беқиёс. Ай­нан унинг дастурлаштиришга бўлган қизиқиши, таваккалчи­лиги ва келажакни кўра оли­ши туфайли бугунги кунда Microsoft Windows деярли ҳар бир уйга кириб борган.

Уильям Генри Гейтс III 1955 йилда Сиэтл (Ва­шингтон штати) шаҳрида ўзига тўқ оилада дунё­га келган. Унинг отаси адвокат, онаси эса мактаб ўқитувчиси эди. Оилада қатъий тартиб-интизом ўрнатилганди: белгиланган вақтда овқатланилар, ухлашга ётилар, болалар доимо озода кийинишар ва кат­таларнинг чизган чизиғидан чиқишмасди. Кичик Гейтс кўп ўқир, болалигидан иқтисодий ўйинларни яхши кўрарди. Ҳатто бир куни у опаси Кристи билан ёзма шартнома тузганди. Шартномага кўра, опаси 5 доллар эвазига унинг бейсбол қўлқопидан истаган вақтида фойдаланиши мумкин эди. Бизнесга иштиёқ унинг қонида болалигидаёқ бор эди.

Билл тарбияли бола бўлиб ўсаётганди. Аммо ўн бир ёшга тўлганида у бирданига ўзгарди: онаси билан тин­май баҳслашадиган бўлди, ота-она назоратига қарши уруш эълон қилди. У мактабда ҳам ўқитувчиларнинг айтганларини қилмай қўйди. Уни психолог кўригига ҳам олиб боришди, психолог эса ота-онага таслим бў­лишлари кераклигини айтди. Шундан сўнг Биллга эр­кинлик берилди ва у бошқа мактабга ўтказилди.

Айнан мана шу мактабда Билл Гейтснинг ҳаётидаги муҳим воқеа - компьютер билан учрашув юз берди. Сиэтлдаги компьютер компанияси мактаб маъмурия­тининг илтимосига кўра ўқувчиларга компьютер билан ишлаш имкониятини тақдим этганди. Ва Гейтс ўн уч ёшида ўзининг илк дастури – "Икс-ноль” ўйинини ёзди. Ўша ерда у кейинчалик ҳамкорига ва Microsoft компаниясининг асосчиларидан бирига айланган Пол Аллен билан танишди. Пол Биллдан икки ёш катта бўлиб, ўша мактабда ўқир ва дастурлаштиришга жудаям қизиқарди. Улар кун бўйи компьютер хонасидан чиқишмас, дарсларга ҳам киришмасди. Пол ва Билл компьютер хонасида ўти­риш учун ажратилган вақт ниҳоясига етганида уларнинг ишини тўхтатиб қўювчи дастурни ишдан чиқаришади. Бу ишлари учун уларни анча вақтгача компьютер хонасига яқинлаштиришмайди. Аммо кейинроқ компания улардан дастурлардаги хатоларни топиш билан шуғулланишни илтимос қилади ва икковлонга компьютер хонасида иста­ганча ўтириш имкониятини беради. Дўстларнинг навбат­даги ишлари компания учун бухгалтерия дастурини ту­зиш бўлади. Кейин эса мактабда дарс жадвалини тузиш учун дастур яратилади.

Билл Гейтс ўн етти ёшида Traf-O-Data деб номланган ўзининг илк компаниясини ташкил этади. Сиэтлдаги йўл ҳаракатини таҳлил қилувчи дастур тузган Гейтс ва Аллен 20 минг доллар ишлаб олишади.

1973 йилда Гейтс мактабни битиради ва ота-онасининг қистови билан Гарвардга ўқишга киради. Аммо у ерда атиги бир йил ўқийди. Чунки Биллни амалиёт кўпроқ қизиқтирарди. 1974 йили "Popular Electronics” жур­налида Altair 8800 деб номланган микрокомпью тер ҳақида мақола чиқади. Гейтс ва Аллен ушбу компьютерни ишлаб чиқарувчи MITS компа­ниясига дарҳол қўнғироқ қилишади ва Altair 8800 учун BASIC деб номланган дастурий тилни ёзаётганликларини айтишади. Компания раҳбари Эд Робертс уларга бир ой­дан кейин келишларини ва ўз дастурларини кўрсатишла­рини таклиф қилади. Бу вақтда Гейтс ва Аллен ҳали дастурни ёзишга киришишмаганди ҳам. Аммо журналдаги мақолани бошқалар ҳам ўқиганлигини яхши англашар, шу боис бошқалардан олдинроқ дастур ёзаётганликлари­ни айтиб отни қамчилаб қолишганди.

Бир ой ичида ваъда қилинган дастур тайёр бўлади. Пол Аллен MITS компанияси жойлашган Альбукерке шаҳрига келади ва дастурни намойиш этади. MITS ушбу дастурни сотиб олади. Муваффақиятдан руҳланган Билл Гарвард­даги ўқишини ташлайди ва у ҳам Альбукеркега учиб кела­ди. 1975 йилда Гейтс ва Аллен Micro-Soft (microcomputer – микрокомпьютер ва software – дастурий таъминот сўз­ларидан олинган) компаниясини рўйхатдан ўтказишади. 1978 йилга келиб компаниядаги ходимлар сони 25 киши­га, даромади эса 2,5 миллион долларга етади.

Рақобатчилардан бир қадам олдинда юриш ва бозорда биринчилардан бўлиш икки дўстга муваффақият келтир­ди. 1981 йили Microsoft дастурий таъминот бозорида яна­да мустаҳкам жойлашиб олди. IBM компанияси шахсий компьютерлар ишлаб чиқаришга киришди ва компьютер­ларга дастурий таъминот ёзиш учун айнан Microsoftга бу­юртма берди.

IBM учун дастур ёзиш Гейтснинг хаёлига ҳам кел­маганди, аммо бундай ишлар унинг учун чўт эмасди. У IBM компьютерига ўхшаган компьютер учун мўлжаллан­ган дастурни сотиб олди ва қайта ишлаб, ўзгартиришлар киритиб IBMга сотди. Янги операцион тизим MS-DOS (Microsoft Disk Operating System) деб аталди. IBM дастур кодини сотиб олмоқчи бўлди, аммо Гейтс кодни сотиш­га унамади. У IBM компьютерига ўрнатилган MS-DOS­нинг ҳар бир нусхаси учун пул талаб қилди. 1981 йил­да Microsoftда 128 нафар киши ишлар, даромади эса 16 миллион долларга етганди. 1983 йилда бутун дунёдаги компьютерларнинг 30 фоизига Microsoft компаниясида яратилган дастур ўрнатилганди.

1986 йили компаниянинг 45 фоиз акциясига эга бўлган Гейтс миллионерга айланди. Аммо у бу мақомда узоқ турмади - Microsoft акциялари нархи кундан-кунга ошиб бориши натижасида компания раҳбари бир йилдан сўнг миллиардерга айланди.

1994 йилда Билл Гейтс компания дастурий маҳсулотлари менежери Мелинда Энн Френчга уйланди. Ўша йили унинг оиласида фожиа юз берди. Шифокорлар Гейтснинг онасида саратон касаллигини аниқлашди ва бир неча ойдан сўнг она­си вафот этди. Бу воқеа Гейтснинг ҳаётига бошқача таъсир қилди: у хайр-саховат билан жиддий шуғуллана бошлади. Ўша йилиёқ Уильям Гейтс Фонди ташкил этилди. Фонднинг асосий вазифаси бутун дунёда соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш ва ўлим даражасини қисқартириш ҳамда АҚШ маориф тизимини такомиллаштириш этиб белгиланди.

Билл Гейтснинг бош тамойилларидан бири – бир қадам олдинда юришдир. Компьютер соҳаси мисли кўрилмаган тезликда ривожланиб бораётган ҳозирги за­монда қувишдан маъно йўқ, фақат олдинда юриш шарт. Гейтс ҳар қандай, ҳаттоки энг зўр дастур ҳам узоғи билан икки йилда эскиришини тушуниб етди. Шунинг учун у компанияда яратилган дастурларнинг доимий равишда янгиланиб боришини таъминлади. Айнан шу боис мана, йигирма йилдирки оммабопликда Microsoft маҳсулоти бўлмиш Windows операцион тизимига тенг келадиган дастур топилмаяпти. Гейтснинг айтишича, у Пол Аллен билан мактабда ўқиб юрган пайтларидаёқ ҳар бир уйда компьютер бўлишини орзу қилишган. Шунинг учун улар ўз дастурларини фойдаланишга қулай, нафақат электроника билимдонлари, балки оддий уй бекалари ҳам тушунадиган қилиб яратиш керак деб ҳисоблашган.

Microsoft корпорацияси ташкил этилган пайтда қандай тамойиллар асосида иш бошлаган бўлса, ҳозир ҳам ўша тамойиллар асосида иш олиб боради. Харажатлар иложи борича камайтирилади – барча маблағлар тадқиқотлар ўт­казиш ва янги маҳсулотлар ишлаб чиқаришга сарфланади. Гейтс ўзи учун ҳам истисно қилмаган: миллиардер бўлса- да, компания ортиқча харажатлар қилмаслиги учун оддий самолётда учади. Вақт ҳам қатъий равишда тежалади – йиғилишларда об-ҳаво ҳақида гаплашиб ўтиришмайди, дарҳол муҳим масалаларни муҳокама қилишга ўтилади.

Компанияда бюрократия, мураккаб қоидалар, қатъий кийиниш тартиби йўқ. Гейтс компаниянинг ички қоидалари мантиқли ва кам сонли бўлиши керак, акс ҳолда улар ходимларнинг вақти ва кучини олади, деб ҳисоблайди. Бундан ташқари, Microsoft энг ақлли ва истеъдодли мутахассисларни ишга олишга ҳаракат қилади. Ақлли инсонга эса бирор нарсани ўргатиш шарт эмас, нима қилиш кераклигини ўзи жуда яхши билади.

Гейтс бора-бора аксарият вақтини Фонд учун ажрата бошлади. 1998 йилда компания президентлигини уни­верситетда танишган дўсти Стив Балмерга топширди ва тўлалигича хайр-саховатга эътибор қаратишни бошлади. Чамаси, компьютер оламида инқилоб ясаган Билл Гейтс хайр-саховат бобида ҳам ном қозонишни мақсад қилган.

Ҳурматли мехмон, Сиз рўйхатдан ўтмасдан сайтимизга кирдингиз.
Лекин ўз фикр ва изоҳларингизни рўйхатдан ўтмасдан ҳам қолдиришингиз мумкин.