«BIZNESTRENER.UZ» бу – мамлакатимиз тадбиркор ва фермерлари ютуқларини кўрсатувчи кўзгу, «BIZNESTRENER.UZ» бу – хорижлик ишбилармонлар тажрибалари билан таништирувчи минбар, «BIZNESTRENER.UZ» бу – бой бўлишни истаганлар учун супер портал, «BIZNESTRENER.UZ» бу – тадбиркорлар ва инвесторларни боғлаб турувчи кўприк

biznestrener.uz » Машхурлар хаёти » Янги америкалик миллиардерлар – 2014: Forbes рейтинги
Янгилик маълумоти
  • Кўрилди: 1665
  • Муаллий: Admin
  • Вақти: 12-11-2014, 16:32
12-11-2014, 16:32

Янги америкалик миллиардерлар – 2014: Forbes рейтинги

Йўналиши: Машхурлар хаёти

2014 йилнинг энг бой америкаликлар рўйхатига 27 янги вакил киритилган. Forbes уларнинг ичидан ўз кучи билан 1 миллиард доллардан ортиқ маблағ жамғара олган 10 кишининг ўзига илҳомлантира олувчи муваффақиятга эришиш тарихи билан ўртоқлашди. 

Ян Кум

Бойлиги: $7,7 млрд

Рейтингдаги ўрни: 62

Ёши: 38

Даромад манбаи: WhatsApp

Оилавий ҳолати: бўйдоқ

Маълумоти: Сан-Хосе университетидаги ўқишини охирига тамомлаймай, ташлаб кетган.

Асли украиналик бўлган Ян 16 ёшида онаси билан Калифорнияга кўчиб кетган. Ижтимоий қўллаб-қувватлаш дастури бўйича оилага вақтинчалик уй-жой берилган. Яннинг онаси энага бўлиб, унинг ўзи эса фаррош бўлиб ишларди. Улар топадиган пул аранг рўзғорни тебратишга етар эди. Яннинг онаси рак билан касал бўлиб қолганда, уларнинг асосий даромад манбаи бўлиб онасининг ишсизлик бўйича нафақаси хизмат қилди. Ёшлигиданоқ компьютерларга астойдил қизиққан Ян Yahoo компаниясига ишга кириши билан оила етарлича пул билан таъминланди. У бу компанияда, 2007 йилда муддатсиз таътилга кетмагунигача қадар, компаниянинг асосчиларидан бири бўлган Дэвид Файлонинг қўл остида муҳандислик лавозимларида 9 йил ишлади. 2009 йилда Кум ҳозирда энг оммавий бўлган WhatsApp мобил мессенжерини ихтиро этди. 600 млн аудиторияга эга бўлган дастур 2014 йилнинг февралида Facebook ижтимоий тармоғи томонидан рекорд даражадаги $19 млрд га сотиб олинди.


 

 Элизабет Холмс

Бойлиги: $4,5 млрд

Рейтингдаги ўрни: 110

Ёши: 30

Даромад манбаи: тиббиёт соҳасидаги технологиялар

Оилавий ҳолати: турмушга чиқмаган

Маълумоти: Стэнфорд университетидаги ўқишини охирига тамомлаймай, ташлаб кетган

30 ёшлик Холмс хоним мерос ҳисобига эмас, балки ўз кучи билан давлатга эга бўлган Forbes рейтингидаги энг ёш-миллиардер аёлдир. У ўқишга кетадиган маблағни 2003 йилда ўзининг Пало-Альтодаги Theranos компаниясига асос солиш учун тежаш мақсадида Стенфорддаги ўқишини ташлаб кетишга мажбур бўлди. Холмснинг бизнеси қонни таҳлил қилишга асосланган. Theranos нинг ноёб технологияси қон таҳлилини ўтказишни соддалаштириш ва арзонлаштиришга имкон беради. Шунинг учун Кремний водийсида фаолият юритувчи етакчи сармоячилар бу истиқболи порлоқ тадқиқотга ёрдам бериш учун навбатга туриб олишган.

Венчур сармоячилари бу бизнесни $9 млрд атрофида баҳолаб, Холмснинг компаниясига $400 млн миқдорида маблағ киритишган. Холмснинг эса бундаги улуши $4,5 млрд гача кўтарилиб кетди. Қўшимча равишда бу тадбиркор аёл компаниясининг директорлар кенгашига нуфузли амалдорларнинг киришига эришди: бу лойиҳани қўллаб-қувватлашга АҚШнинг собиқ давлат котиблари Джордж Шульц ва Генри Киссинджерлар рози бўлишди. Американинг фармацевтик воситалар билан савдо-сотиқ қилувчи энг катта компанияси Walgreens эса 8100 дан ортиқ дорихоналарни Theranos компаниясининг экспресс-лабораториялари билан жиҳозлашга тайёр эканлигини маълум қилди.


 

Брайан Эктон

Бойлиги: $3,4 млрд

Рейтингдаги ўрни: 161

Ёши: 42

Даромад манбаи: WhatsApp

Оилавий ҳолати: оилали, фарзанди битта 

2009 йили Facebook Yahoo нинг собиқ муҳандиси Эктонни ишга олишдан бош тортди. Беш йил ўтиб Марк Цукербергнинг ижтимоий тармоғи қачонлардир ўзининг ходими бўлиши мумкин бўлган, WhatsApp мессенжерининг асосчиларидан бири Брайанга унинг бу мессенжердаги улушини $3 млрд нақд пул ва ўз акциялари ҳисобидан сотиб олишга рози бўлди. Эктон WhatsApp хизматининг икки асосчисидан бири ҳисобланади. Дастлаб Брайан Yahoo даги собиқ касбдоши Ян Кум лойиҳасида илк сармоячи сифатида иштирок этди, кейинчалик эса ҳамкорининг таклифи билан унга ҳаммуаллифлик қилди. Кум-Эктоннинг бу лойиҳаси Facebook томонидан рекорд даражадаги $19 млрд нархга баҳоланди.


 

Эван Уилльямс

Бойлиги: $3,1 млрд

Рейтингдаги ўрни: 179

Ёши: 42

Даромад манбаи: Twitter

Оилавий ҳолати: оилали, икки фарзанднинг отаси

Маълумоти: Небраскадаги Линкольн университетидаги ўқишини ташлаб кетган

Небраскалик Эван ўз оиласига тегишли фермада катта бўлди ва ёшликда дастурлаш билан эмас, балки маккажўхори ва соя етиштириш билан машғул бўлди. Университетда ўқиш йилларида дастурлар ёзиш унинг асосий қизиқишига айланди. Эван ўзининг курсдоши билан ўз шахсий дастурини ривожлантиришга асосий эътиборни қаратишга қарор қилди. Бу дастурдан келгусида Blogger блог-платформаси вужудга келди. 2003 йилда бу лойиҳани Google компанияси сотиб олди. Уилльямс ҳам ўзининг жамоаси билан бу компанияга ишга ўтди. У ерда икки йил ишлагач, у интернет-гигантни янги лойиҳа устида иш бошлаш мақсадида тарк этди. Кейинчалик бу лойиҳа негизида Twitter дунёга келди. У 2008 йилдан 2010 йилгача бу микроблоглар сервисида бош директор лавозимини эгаллаб келди, сўнгра компанияни ўзининг шахсий лойиҳаси Medium блог-платформаси деб тарк этди. Шунга қарамай, Уилльямснинг Twitter да ҳанузгача ўз улуши бор, ҳозирда у компаниянинг 10 фоизлик акциялари пакетига эга.


 

Трэвис Каланик

Бойлиги: $3 млрд

Рейтингдаги ўрни: 190

Ёши: 38

Даромад манбаи: Uber

Оилавий ҳолати: оилали

Маълумоти: Калифорния университетидаги ўқишини ташлаб кетган

Каланик Uber сервисининг ажойиб муваққиятга эришиши тарихининг сабабчисидир. Uber Technologies компаниясида у бош директор лавозимини эгаллайди. У 2014 йилнинг июн ойида компанияга янги $1,2 млрд лик сармоя киритилишига муваффақ бўлди. Uber нинг такси хизматини ташкил қилишнинг инновацион тизимига асосланган бизнеси $18,2 млрд лик нархга баҳоланмоқда. Ҳозирда бу хизмат АҚШнинг азалий таксопарклари билан бир қаторда, жаҳоннинг яна 44 та давлатидаги таксопарклар билан ҳам рақобатлашмоқда. Каланик, Forbes нинг баҳолашича, компаниянинг 17% акцияларига эгалик қилади.


 

Гарри Стайн

Бойлиги: $2,5 млрд

Рейтингдаги ўрни: 235

Ёши: 72

Даромад манбаи: қишлоқ хўжалиги

Оилавий ҳолати: оилали, тўртта фарзанднинг отаси

Айовалик фермер ўзининг АҚШнинг энг катта дон етиштирувчиларидан бири бўлган Stine Seed компаниясининг ниҳоятда катта муваффақиятлари туфайли илк бор Forbes рейтингидан жой олмоқда. Талаффузида нуқсони бор Стайн ёшлигиданоқ кишлоқ хўжалиги экинларини ўрганишга ноёб қобилиятлари борлигини намоён қиларди. Сермашаққат меҳнат ва кўп йиллик таҳлиллар натижасида у ноёб хусусиятларга эга бўлган соя ва маккажўхори экинларининг навларини олишга муваффақ бўлди. Ўзининг генетика соҳасидаги ушбу ихтироларини 1990-йилларнинг бошида патентлаб, Monsanto ва DuPont компаниялари каби қишлоқ хўжалиги соҳасининг гигантларига ўз ишланмаларини сотиш орқали ўнлаб миллион доллар маблағ ишлаб олди. Шу билан бирга Stine Seed ўзининг ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантиришни ўзининг янги дон навларини ишлаб чиқиш ва татбиқ қилиш ишлари билан биргаликда давом эттирмоқда.

Стайн одати бўйича ҳали ҳам ўз бизнеси муваффақиятлари соясида юради. У ҳанузгача компаниясининг бош офисидан бир неча юз ярд узоқликда жойлашган ўзининг кичкинагина уйида яшайди, иш бўйича эса ўзининг эски Ford F-150 пикапида юришни афзал кўради. У ўзи ўқиган Макферсон коллежига ва бир қатор тиббиёт ташкилотларига хайрия ёрдамини кўрсатиб туради.


 

Дуглас Лион

Бойлиги: $2,1 млрд

Рейтингдаги ўрни: 302

Ёши: 57

Даромад манбаи: венчур сармоялари

Оилавий ҳолати: оилали, 4 фарзандниг отаси

Маълумоти: Массачусет технологиялар институти, Колумбия университети, Корнелль университетини тамомлаган

Sequoia Capital венчур жамғармаси ҳамкори Лион ўзининг касбдоши Майкл Моритц ортидан бу йил илк бор миллиардерлар клубига аъзо бўлди. Сармоялар билан Дуглас чорак асрдан бери шуғулланади. Мактабда "Паста" лақамини олган генуялик итальян мухожири (Кремний водийсида уни ҳурмат билан " консильери" деб аташади) хожатхона тозаловчиси ва таъмирлаш устасидан бошлаб Кремний водийсидаги топ-компаниялардан бирининг бошқарувчисига бўлган йўлни босиб ўтди. Sequoia да Лион операцион бошқарув билан шуғулланади ҳамда профессионаллар учун мўлжалланган ижтимоий тармоқ LinkedIn ва WhatsApp мобил мессенжерига ўз вақтида киритилган сармоялар каби жамғарманинг деярли барча катта муваффақиятлари сабабчисидир. Дуглас, шунингдек, ServiceNow, CafePress ва RingCentral компанияларининг директорлар кенгашида ҳам аъзолик қилади. У 2013 йилда илк бор акцияларини сотувга чиқарган FireEye лойиҳасига жамғарма маблағларининг киритилиши жараёнини бошқарган ҳамда Sequoia учун фойдали бўлган яна бир неча келишувларни амалга оширган.


 
Уилльям Экман

Бойлиги: $1,69 млрд

Рейтингдаги ўрни: 368

Ёши: 48

Даромад манби: хедж-фондларини бошқариш

Оилавий ҳолати: оилали, уч фарзанднинг отаси

Маълумоти: Гарвард университетини тамомлаган

Pershing Square Capital Management хедж-жамғармасининг асосчиси Экман 2014 йилда ажойиб натижаларни намойиш этмоқда. Йилнинг дастлабки 6 ойида унинг фирмаси қилган сармоялар рентабеллиги 25%ни ташкил қилди, Экман нафақат бозордаги ўртача натижани, балки Уолл-стритдаги барча етакчи рақобатчиларини ҳам ортда қолдирди. Allergan фармацевтик компаниясига қилинган ставка ўз натижасини берди. Pershing Square вақтида бу компанияда улушга эга бўлиб, Valeant Pharmaceuticals даги рақобатчиларини ортда қолдириб, улар томонидан режалаштирилаётган Allergan нинг ютиб юборилиши олдини олди. Allergan нинг акциялари нархи юқорилаб кетди, шу тариқа Экман ижобий натижага эришди. Herbalife га қарши қилган ўйини ҳам ўз натижасини берди – сармоячи башорат қилгандагидек, биоқўшилмалар ишлаб чиқарувчи бу компаниянинг акциялари нархи тушиб кетди.

Экман Уолл-стритдаги "корпоратив рейдерлар" ёки сармоячи-активистлар пули (бозор иштирокчилари бирлашмаси)нинг энг нуфузли вакилларидан бири бўлиб қолмоқда. Унинг бошқарувида $15 млрд лик маблағ бор. Бу у учун ҳали чегара эмас. Яқинда Pershing Square АҚШ ҳукуматига қарши судга даво аризаси берди – бу гал у инқирозга учраган ипотека гигантлари Freddie Mac ва Fannie Mae компанияларининг қимматли қоғозлари орқасидан пул ишлаб олмоқчи.


 

Дэвид Валентас

Бойлиги: $1,73 млрд

Рейтингдаги ўрни: 372

Ёши: 75

Даромад манбаи: девелопмент (кўчмас мулкни такомиллаштириш, ривожлантириш)

Оилавий ҳолати: оилали

Дэвид Валентас – охирги йилларда Бруклиннинг Дамбо (Down Under the Manhattan Bridge Overpass – Манхэттен кўприги остидаги ҳудудга ёндош ҳудудлар) тумани билан содир бўлган мўъжизанинг асосий яратувчисидир. Бу туман ҳувиллаб ётган бинолар қуриб ташланган саноат ҳудудидан нью-йорклик пассионарлар – муҳандислар, тадбиркорлар, рассом ва дизайнерлар яшайдиган мўъжазгина ҳудудга айланди. Валентас девелопер сифатида бу ишбилармонлар ва ижодкорлар билан эгалланаётган ҳудудларни инфратузилмавий қўллаб-қувватлашни таъминлайди, унинг ҳисобида Дамбо ва унга яқин бўлган Вилльямсбург, Манхэттен ва Бруклин тепаликларида амалга оширилаётган 15 дан ортиқ йирик лойиҳалар бор.

Муваффақиятга эришиш осон бўлмади: камбағал фермер оиласидан чиққан Дэвид ёшлигида мактабга ўқишга бориш ўрнига уй хўжалиги билан шуғулланишга мажбур эди. 1970-йилларнинг охирида, Нью-Йорк саноат ҳудудининг 2 млн квадрат фут келадиган майдонида қурилиш ишларига ҳуқуқни $12 млн сотиб олиб, Валентас ўзининг энг истиқболли сармоясини амалга оширди.

Ҳозирги кунда унинг Two Trees Management компанияси Нью-Йорк мегаполисининг девелопер бозоридаги етакчи ўйинчи ҳисобланади. Яқин орада Валентас ўзининг энг амбициоз лойиҳаси – Domino Sugar заводининг собиқ ҳудудини реконструкциялаш ишларини бошлайди. Бруклин соҳили олдидаги 11 акр майдон ҳар қандай девелопернинг орзусидаги ердир. Бироқ у учун курашни Нью-Йорк девелопер бозоридаги барча икир-чикирларни яхши биладиган Валентас ютиб олди ҳамда унинг компанияси 2012 йилда бу ер майдони учун $185,5 млн ҳақ тўлади. Дэвид оилавий бизнесни бошқаришни ўғли Джедга топширмоқчи. Компанияни оператив бошқариш сирларини у ўғлига 2011 йилдан бери қадамма-қадам ўргатиб келмоқда.


 

Джон Ярбро

Бойлиги: $1,66 млрд

Рейтингдаги ўрни: 382

Ёши: 57

Даромад манби: видеоўйинлар

Оилавий ҳолати: оилали, иккита фарзанди бор

Маълумоти: Теннеси технология университети

Теннесилик бу ишбилармоннинг муваффақиятга эришиш тарихи унинг талабалик йилларидаёқ бошланган. Ярбро ўйин ўйнаш учун мўлжалланган автоматлар жойлашган майдоннинг бир қисмини стол футболи ўйнаш учун ижарага олди. У тушган даромадни 50/50 нисбатда майдон эгаси билан бўлишарди. У маркетингни шундай ташкил қилдики, кун бўйи футбол ўйини столи олида ўз кучини синаб кўришни истовчиларнинг кети узилмасди. Олий маълумотга эга бўлгач, Ярбро бор эътиборини ўз бизнесига қаратди. у янада кўпроқ миқдорда стол футболи учун мўлжалланган столлар ва пинбол ўйнаш учун мўлжалланган автоматларни сотиб олди ҳамда ўзининг она штатидаги залларга ёйиб юборди.

Кейинчалик у видеоўйинлар яратиш билан шуғулланди. Унинг Video Gaming Technologies компанияси вақт ўтиши билан Теннесидаги казиноларда энг оммабоплашган, тармоқда ўйнаш учун мўлжалланган мультиплейер-ўйинларни ишлаб чиқарувчи етакчига айланди. 2014 йилнинг июнида Ярбро ўз компаниясини Австралиянинг Aristocrat Leisure компаниясига сотиш бўйича келишувга эришилганини эълон қилди. Унга кўра ишбилармон ўз бизнесини сотиш орқасидан $1,28 млрд фойда олади.

Ҳурматли мехмон, Сиз рўйхатдан ўтмасдан сайтимизга кирдингиз.
Лекин ўз фикр ва изоҳларингизни рўйхатдан ўтмасдан ҳам қолдиришингиз мумкин.