«BIZNESTRENER.UZ» бу – мамлакатимиз тадбиркор ва фермерлари ютуқларини кўрсатувчи кўзгу, «BIZNESTRENER.UZ» бу – хорижлик ишбилармонлар тажрибалари билан таништирувчи минбар, «BIZNESTRENER.UZ» бу – бой бўлишни истаганлар учун супер портал, «BIZNESTRENER.UZ» бу – тадбиркорлар ва инвесторларни боғлаб турувчи кўприк

biznestrener.uz » Бош сахифа » БОЛА ВА ПУЛ
Янгилик маълумоти
  • Кўрилди: 2049
  • Муаллий: Admin
  • Вақти: 4-06-2014, 16:36
4-06-2014, 16:36

БОЛА ВА ПУЛ

Йўналиши: Бош сахифа

 
Биз учун пул муаммолар «манбаи» ҳисобланади. Буни биргина оилада пулга бўлган муносабатда ҳам кўриш мумкин. Шу ўринда катталарнинг муносабатини қўйиб турайлик-да, ҳали ҳаёт қийинчиликларини тўлиқ тушуниб етмаган болаларнинг пулга бўлган муносабатига эътибор қаратсак. Пул ҳеч кимни, табиийки, болаларни ҳам бефарқ қолдирмайди. Пул топиш ва уни сарфлаш қанчалик турлича бўлишига қарамай, оилаларда пул юзасидан туғиладиган муаммолар бир-бирига жудаям ўхшаш. Сабаби, ҳамманинг ҳаёти пул билан шундай боғлиқки, бунинг натижасида юзага келадиган муаммолар ижтимоий ҳаётнинг соғлиқ, ўзаро алоқалар, фарзанд ҳамда ота-она муносабатлари каби умумий муаммоларига таъсир кўрсатади. Демак, пул бизга доимий ҳамроҳ муаммо. Аммо...
Ота-она + бола + пул
...муаммо бўлганидай унинг ечими ҳам, албатта, топилади. Ҳамма гап унга қай тарзда ёндашишга боғлиқ. Кўпинча ота-оналар фарзандлари билан боғлиқ катта-кичик муаммоларга ҳам пулни сабабчи қилиб кўрсатишади. Тан олиш керак, пул оилавий ҳаётнинг моддий асосларидан бири. Бироқ кўп ҳолларда ота-оналар фарзандлари билан пул ҳақида қай тарзда гаплашишни, пулни қачон ва қанча беришни билмайдилар. Ўзаро эса фарзандга бериладиган пул миқдори қанча бўлиши кераклигини келиша олмайдилар. Бу ҳолат турли тушунмовчиликларга олиб келади ва охир-оқибат фарзанд тарбиясига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Қуйида бу муаммо билан боғлиқ бир неча ҳолатларга тўхталиб ўтмоқчимиз.
Оиладаги илк «шартнома»
Кундалик ҳаётда турли хил шартномалар ҳақида эшитамиз. Лекин сўнгги пайтларда пайдо бўлган оиладаги «шартнома»лар бошқача мазмунга эга. Бу ота-она ва фарзанд ўртасида пулли шартномадир. Бунинг энг оддий кўриниши - мактабда олинган ҳар бир юқори баҳо «шартнома»га мувофиқ ота-она томонидан рағбатлантирилади. Бир неча йил аввал ўқишдан бўш пайтларимда тил марказида мактаб ўқувчиларига инглиз тили тўгаракларида машғулот олиб борардим. Дарсларнинг бирида иккинчи синф ўқувчиларидан қизиқиб, ота-онасига уй ишларига қандай ёрдам беришлари ҳақида сўрадим. Биттаси "Уйда чангларни артаман ва хонамни йиғиштираман, ойим эса бунинг учун менга пул беради", деб қолди. Ҳайрон бўлдим. Энг қизиғи шундаки, саккиз яшар бола ўз хонасини йиғиштириб, ота-онасига жуда катта ёрдам кўрсатаётганига ишонарди. Ва бу ёрдамнинг «ҳақи»ни оларди. Яна бир болакай ёзма вазифаларини уйда бехато бажарса-да, марказдаги машғулотлар давомида бирорта ҳам сўзни тўғри ёзиб бермасди. Гаплашиб кўрсам, уйда бувиси унга ҳар бир тўғри ёзилган қатор учун пул тўлаб, вазифасини бажартирар экан. Шу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин: пул учун болалар ёқтирмаган дорини ичишга, уй вазифасини бажаришга, овқа¬тини вақтида ейишга, боғчага боришга ва ҳ.к.ни қилишга тайёр.
Аслида пул билан рағбатлантириш чорасини кўп ҳолларда фарзандини бошқа усуллар билан ўз вазифасини бажаришига мажбурлай олмаган ота-оналар қўллайди, бироқ, энг ёмони, улар бунинг салбий оқибатлари ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Ўқитувчиларнинг бу масалада ота-оналарни огоҳлантириши бесамар кетади. Афсуски, ота-оналар ўғли ёки қизига мактабда олган яхши баҳолари, ўз вақтида бажарилган уй вазифаси, йиғиштирилган хонаси ва шу кабилар учун рағбат сифатида пул тўлаши қандайдир маънода урф¬га айланиб бормоқда.
Яна бир ҳаётий мисол: таниш оилада уч нафар фарзанд тарбия¬ланади. Йўлим тушиб меҳмонга боргандим. Суҳбат орасида болаларнинг мактабдаги ўқиши ҳақида гап очилди. Танишим фарзандларининг орасида кенжаси энг аълочи эканлиги, шу сабаб, унга бошқаларига нисбатан анча кўп пул бериши ҳақида гапириб қолди. Ҳайрон қолдим. Бундай «шартнома» қачон урфга айланиб улгурди? Бизнинг оилада эса муҳит тамомила бошқача эди. Ўқитувчиларнинг фарзанди бўлганим учунми, нафақат «яхши», балки «аъло» баҳоларга ўқишни бурчим деб билардим. Ундан бош¬қа баҳо мен учун мавжуд эмас эди, энг муҳими, бунинг эвазига ота-онамдан бирор бир нарсага умидвор бўлмасдим.
Тўғри, баҳо билим кўрсаткичи бўлиши керак. Лекин, фарзанд томонидан олинаётган таълимнинг натижаси фақат баҳоларда эмас, балки ўзлаштирилаётган билимда кўринади-ку! Шу боис, рағбат ўқитувчи томонидан берилса, мақсадга мувофиқ. Айнан шу рағбат болани ҳаракат қилишга ундовчи асосий куч бўлиши керак. Негаки, олинган билим ва кўникмалар болада ўзига ишонч, масъулият ҳиссини оширади. Акс ҳолда, фарзанд¬да шаклланаётган қадриятлар тушунчаси салбий томонга ўзгаради: у фақат пул эвазига яхши натижага эришишга интилади. Хонани йиғиштириш, уй вазифасини бажариш каби мажбурий ишларни ҳам бола ўзи учун эмас, балки ота-онаси томонидан бериладиган қандайдир манфаат учун қилади. Бундай тарбия олган фарзандда худбинлик, фақат ўзини ўйлаш, ҳар бир қилган иши учун нимадандир умидвор бўлиш ҳисси ортади. Керак бўлса, ёлғон гапиради, вазифаларни ўзи бажармай кўчиришни бошлайди ва ҳ.к. Қолаверса, пул эвазига ёрдам берадиган бола кейинчалик бировга беғараз кўмаклашиши амримаҳол.
Шу тарзда кўп ҳолларда ота-оналар томонидан ўйлаб-ўйламай бериладиган пулли рағбат салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Аслида-ку, пул болага батамом салбий ёки ижобий таъсир ўтказади, деб бўлмайди. Лекин унга бўлган нотўғри ёндашув кўпгина нохуш ҳолатларга олиб келиши эҳтимолдан холи эмас.
Ўқиш мактаб ўқувчисининг энг асосий мажбуриятидир, бошқача қилиб айтганда, ўқиш ҳаракати эвазига пул тўланадиган меҳнат фаолияти эмас. Шу сабаб, фарзандга дарс қилганлиги ёки яхши баҳолари учун пул тўлаш тўғримикин? Агар у яхши ўқиса, ана шу олаётган баҳолари ва билим-кўникмалари унга рағбат бўлиши керак. Акс ҳолда, у ҳеч қачон мустақил бўлишга эришолмайди, янгидан-янги билимларни эгаллашга интилиш ўрнига фақат баҳо олишга ҳаракат қилади, холос.
Оила буджети сир тутилиши керакми?
Бир куни етти яшар қўшни боланинг онаси арз қилиб қолди. "Ўғлим ҳеч қачон пулга қизиқмасди, охирги пайтларда эса фақат шу ҳақда гапиради, нима қанча туришини сўрайверади". Лекин онани энг кўп хавотирга солган нарса ўғлининг пуллар расмини чиза бошлагани бўлди. Болаларда пулга қизиқишнинг пайдо бўлиши табиий: одатда, бу ҳолат улар икки ёшга тўлганида кузатилар экан. Масалан, бола тангалардан минора қуриши мумкин. Чунки бу ёшда у пулнинг катталар ҳаётидаги ўрнини кўрса-да, буни тушунмайди ва уни ўз табиатига хос беғараз мақсадларда ишлатади. Кейинчалик кузатсангиз, у аслига ўхшатиб қоғоздан пул ясашга ҳаракат қилади. Аслида-ку, бу нарсаларнинг ҳеч ҳам хавотирли жойи йўқ: болакайлар шу тарзда катталар дунёсига мослашади.
Баъзи оилаларда нима қанча туриши, ким қанча пул ишлаб топиши ва кимнинг қанча пули бор каби масалаларни очиқ-ойдин муҳокама қилиш одобсизлик деган тушунча бор. Шу сабаб, ота-она ва фарзанд, эр-хотин, опа-сингил, ўртоқлар ўртасида пул масалалари муҳокама қилинмаса яхшироқ, дейилади. Лекин очиғини айтиш керак, бугунги кун болалари пулнинг инсон ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида анча вақтли хабардор бўлишмоқда. Сабаби, улар ота-онаси дўконда пул тўлаб, унга бирор нарса олиб берганини кўради. Уйда, кўчада, телевизорда пул ҳақидаги гапларни эшитади. Кичкиналигиданоқ пул кўп нарсага эга бўлиш имконини беришини тушуниб етади ва ўзлари мустақил равишда пул сарфлашга интилади. Мутахассисларнинг фикрича, айнан бошланғич синфларда аксарият болаларнинг пулга муносабати шаклланар экан ва шу ёшда уни тўғри йўналтириш мумкин.
Ҳозирда энг кўп ўйга толдирадиган саволлардан бири бу болага қачон кундалик сарф учун пул берила бошланиши ва бериладиган пулнинг миқдори қанча бўлиши керак, деган масала. Бу ҳолат кейинчалик болага салбий таъсир кўрсатиб, унинг эркаланиб кетишига ёки пулга енгил-элпи муносабатда бўлишига олиб келмасмикан? Умуман, боланинг чиқимларини ота-она кўтариши керакми?
Аслини олганда, болада пулнинг борлиги ва ўз ихтиёрига қараб сарфлаши озми-кўпми уни мустақилликка ўргатади. Одатда фарзанд мактабга қатнашни бошлаганида майда нарсалар учун бериладиган чўнтак пулига эҳтиёж туғилади. Айнан мактабда даставвал болада тушлик учун у-бу нарса сотиб олиш иштиёқи уйғонади. Ҳафтасига бир марта ёки ҳар куни бериб туриладиган чўнтак пули мавжуд нарх-наводан келиб чиққан ҳолда бўлса, нур устига нур. Қолаверса, ота-она фарзанднинг ёшига қараб унинг эҳтиёжларини билиши ва шу орқали чўнтак пули миқдорини белгилаши мақсадга мувофиқ. Наздимизда, айнан шу энг мақбул йўл.
Болага пул берилмаса-чи?
Юқоридаги фикрларда бир томонламалик устун. Яъни, бу фикрлар четдан кузатаётган кишига кўпроқ тегишли. Хўш, болага пул бериш масаласига ўқитувчилар қандай қарашади? Очиқ айтиш керакки, ўқитувчилар бунга қарши, аслида. Ҳатто ота-оналар мажлисларида имкон қадар болаларга пул бермасликни, шу пулга болалар қорни оч-тўқлигидан қатъи назар, нимадир сотиб олиш керак, деб ўйлашлари ва мактаб ёнидаги дўкондан ҳар хил шароитда тайёрланган озиқ-овқатни сотиб олишлари, бу ҳам етмагандай, айнан шу харид учун танаффусдан дарсга кечикишлари таълим жараёнига ва боланинг билим олишига салбий таъсир кўрсатишини айтадилар. Бунинг ўрнига болани мактабга яхшилаб тўйдириб юбориш, танаффусда тамадди учун егуликни бериб юборишни илтимос қиладилар.
Афсуски, ҳамма ота-оналар ҳам бунга амал қилавермайдилар. Кимдир овқатлантиришнинг иложини қила олмаганидан пул бериб юборишга мажбур бўлса, кимдир боласининг ўртоқлари олдида «танти»лигини кўрсатиб қўйиш учун пул беради. Пули йўқ болалар эса ўртоқларига ҳаваси туфайлими "бола"лик қилиб қўйишади. Эътибор берсангиз, баъзан кўча-кўйда туппа-тузук кийинган мактаб ўқувчилари ҳам одамлардан уялмай пул сўрашади. Қизиқсангиз, уларга ота-онаси майда харажатлари учун пул бермаган бўлиб чиқади. Ўйланиб қоласан киши - демак, фарзандни қаттиққўллик билан тарбиялаш мақсадида унга пул бермаслик ёки кам бериш ҳам нохуш ҳолатларга олиб келиши эҳтимолдан холи эмас экан. Боланинг пулга зориқиши унинг ёмон йўлга киришига олиб келади, деган қарашлар ҳам йўқ эмас. Агар у ўзи ишлаб пул топиш имконини қила олса-чи? Мактаб ўқувчисининг мактабдан бўш пайтида меҳнат қилиши эвазига пул топиши ҳам пулга ружу қўйишга кирадими? Баъзи ёшлар оила муҳитидан келиб чиққан ҳолда ёки ўз эҳтиёжларини қоплаш мақсадида пул ишлаб топишнинг турли йўлларини қидиради. Ўз меҳнати орқали эҳтиёжларини қопламоқчи бўлган бундай ёшларнинг ҳаракати замирида уларнинг мустақилликка интилиши сезилади. Улар таъминланган ёки ўртаҳол оиладан эканлиги муҳим аҳамиятга эга эмас, бу ерда асосийси, пулга бўлган муносабат, уни ишлаб топиш ва сарфлашга бўлган онгли ёндашувдир.
Хулоса ўрнида
Америкалик руҳшунос Алан Фроммнинг таъкидлашича, пул сарфлаш санъати бизнинг хоҳиш-истакларимизни бошқариш қобилиятимизни кўрсатади, шу сабаб бу санъатга ёшликдан, болада пулга қизиқиш пайдо бўлган даврдан ўрганиш керак. Бундан чиқди, агар фарзандга пул бериш, уни қандай сарфлаш ва кези келганда ишлаб топиш каби масалалар борасида тўғри ёндашилса, унда моддий бойликка нисбатан тўғри муносабат шакллантиришда ортиқча қийинчилик ёки муаммо туғдирмаслиги шубҳасиз. Муҳими, пулга ортиқча муҳаббат қўйиш ҳам, пул билан қўрқитиш, пулга зориқтириш ҳам инсонлар ўртасидаги самимий муносабатлардан узоқлаштиради. Шундай экан, болаларнинг кўзини пулнинг оддий восита эканлигига ўргатиш зарур.
Наргиза Иброҳимова
"Маърифат” газетасидан олинди.
Ҳурматли мехмон, Сиз рўйхатдан ўтмасдан сайтимизга кирдингиз.
Лекин ўз фикр ва изоҳларингизни рўйхатдан ўтмасдан ҳам қолдиришингиз мумкин.