«BIZNESTRENER.UZ» бу – мамлакатимиз тадбиркор ва фермерлари ютуқларини кўрсатувчи кўзгу, «BIZNESTRENER.UZ» бу – хорижлик ишбилармонлар тажрибалари билан таништирувчи минбар, «BIZNESTRENER.UZ» бу – бой бўлишни истаганлар учун супер портал, «BIZNESTRENER.UZ» бу – тадбиркорлар ва инвесторларни боғлаб турувчи кўприк

biznestrener.uz » Бош сахифа » Г.Каримова: "МТС ва яна бошқа компанияларга мени алоқадор деб кўрсатмоқчи бўлганларнинг уринишлари бесамар"
Янгилик маълумоти
  • Кўрилди: 3343
  • Муаллий: Admin
  • Вақти: 10-03-2013, 10:09
10-03-2013, 10:09

Г.Каримова: "МТС ва яна бошқа компанияларга мени алоқадор деб кўрсатмоқчи бўлганларнинг уринишлари бесамар"

Йўналиши: Бош сахифа, Тадбиркорлик фаолияти

Г.Каримова: "МТС ва яна бошқа компанияларга мени алоқадор деб кўрсатмоқчи бўлганларнинг уринишлари бесамар"

 «Швейцарияда очилган иш бўйича ушбу мамлакатнинг қатор нашрлари томонидан таъқиб қилинган Ўзбекистон    Президентининг қизи воқеалар ривожи бўйича ўз талқинини маълум қилди», – деб ёзади Швейцариянинг Bilan  журнали. 7 март куни ушбу нашрда Гулнора Каримова билан интервью эълон қилинди.

 Ушбу интервьюнинг тўлиқ таржимасини эътиборингизга ҳавола қилади.

 «Малика Диана, Сара Пэйлин, Жэймс Бонднинг қаллиғи, Cruella de Vil ва ўз отасининг ўнг қўли» – бу,  Ўзбекистон  Президенти Ислом Каримовнинг катта қизи – Гулнора Каримованинг бундан бир неча йил аввал  Испаниянинг El Pais журнали томонидан «чизилган» портретидир. Бу унинг тўлиқ бўлмаган ҳислатлари мажмуи.  Дарҳақиқат, 40 ёшида, икки фарзанднинг онаси сифатида, у жуда кўп қиррали ҳаёт тарзини олиб бормоқда. У  Ўзбекистоннинг Испаниядаги собиқ элчиси, Женевада эса Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакиласи сифатида иш олиб боради. У, шунингдек, заргарлик буюмлари коллекциясини яратиш устида ишлайди ва Googoosha (Гугуша) ижодий тахаллуси остида куйлайди. Яна, Гулнора (таржима қилинса, «анор гули» ёки «гул сояси» деган маънони англатади») шеърлар ёзади ва турли хайрия тадбирларига раҳбарлик қилади. Гўзал, бой ва ақлли, у Нью-Йоркдаги Fashion Institute of Technology’да ўқиган, Тошкент университетида сиёсатшунослик бўйича докторлик диссертациясини ҳимоя қилиб, Гарвард университетида санъат йўналиши бўйича магистратурани тамомлаган. Yandex ва Google’нинг излаш сўрови натижалари бўйича, у Марказий Осиёнинг 2012 йилдаги энг машҳур шахслари рўйхатини бошқариб турибди.

Ўтган йили, Швейцария банкларида сақланаётган юз миллионлаб франк ўзбек активлари конфедерация прокуратураси томонидан «пул ювиш» иши бўйича музлатиб қўйилганидан сўнг, Ўзбекистон тез-тез Швейцария матбуотида эсланадиган бўлиб қолди. Ушбу жиноий ишнинг тармоқлари кўпайиб кетган бўлиб, улар орасида Ўзбекистон бозорига кириш учун пора берганликда гумон қилинаётган TeliaSonera мобил оператори – Швеция манфаатлари ҳам бор. Гулнора Каримова Bilan нашрига берган эксклюзив интервьюсида воқеалар ривожи бўйича ўз талқинини маълум қилишга рози бўлди. Интервью Twitter орқали хабарлашувдан бошланиб, кейин Тошкент ва Женева ўртасида электрон хат алмашиш билан давом этган.

Bilan: Ўтган йили ёзда, Россиянинг МТС мобил алоқа компаниясининг Ўзбекистондаги шўъбаси бош директори Беҳзод Аҳмедовнинг исми «Интерпол»нинг халқаро қидирув рўйхатида пайдо бўлганидан сўнг, Швейцария ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари мамлакат банкларида сақланаётган юз миллионлаб франк ўзбек активларини музлатиб қўйишди. «Пул ювиш»да гумон қилиниб, жиноий иш қўзғатилди. Вақт ўтиши билан коррупцияга оид бошқа – Швецияга тегишли TeliaSonera операторининг 2007 йил Ўзбекистонга кириши билан боғлиқ тергови билан алоқадар бўлиб қолган бу ишни ёритишда турли нашрлар сизнинг исмингиз ҳам эслаб ўтишди. Бу масала бўйича сизнинг нуқтаи назарингиз қандай?

Гулнора Каримова: Мен узоқ вақт давомида ушбу мавзуда гапиришни хоҳламадим, бироқ, ўйлашимча, вазиятга ойдинлик киритадиган вақт етиб келди. Ҳаммаси 2011 йилнинг кузида, Солиқ қўмитаси томонидан МТСнинг Ўзбекистондаги фаолиятига доир суриштирувидан кейин бошланган эди. Мобил оператор кўплаб қонунларни бузгани ҳақида ОАВда ёзилган эди. Шундан кейин мен қизиқ воқеалар кетма-кетлигига гувоҳ бўлдим.

МТС, бу – катта компания бўлиб, у тажовузкор сиёсат олиб боради. У, хусусан, Қирғизистон, Туркманистон ва Ҳиндистонда кўнгилсиз тажрибалар орттириб бўлганди. Компания Ўзбекистонда ҳам ушбу тижорий уруш стратегиясини олиб боргани ҳайрон қоларли эмас. Мен Беҳзод Аҳмедовни кўпдан бери, Тошкентда университетда ўқиб юрган вақтларимдан биламан. Унинг опаси, онаси ва отасини ҳам яқиндан танир эдим. У Тошкентда ўзини ҳокимдек кўрсатадиган имидж яратиш учун ушбу вазиятдан фойдаланиб қолди. У ўз уруғи доирасида ўзига хос сиёсий ролга эга эди ва мамлакат иқтисодиётида сезиларли ўринни эгаллаганди. Кейинроқ, у абонентларнинг ҳисобларидан маблағларни ечиб оладиган махсус биллинг дастурларини ишлаб чиққани бизга маълум бўлди. Муаммони ҳал қилиш бўйича ҳаракатлар МТС компанияси томонидан пасткашликлар билан кутиб олинди. Тахминимча, Беҳзод Аҳмедовнинг Ўзбекистондан қочиб кетиши телекоммуникация масалаларидан кўра чуқурроқ илдизга эга.

Ушбу иш кейинчалик Москва, Швейцария ва Швецияда маълум бўлди. Мухолифлар унинг номини меники билан боғлаш учун вазиятдан фойдаланиб қолишди. TeliaSonera собиқ менежерларидан бирининг электрон хатларида Ўзбекистон бозорига кириш бўйича музокаралар худдики менинг синглимга алоқадар контактлар орқали амалга оширилгани, шунингдек, Беҳзод Аҳмедов ўзини гўёки менинг вакилим сифатида ҳаракат қилганини кўрсатувчи маълумотлар жамоатчилик мулкига айланганидан сўнг, иш ҳаддан ташқари шов-шув бўлиб кетди.

Мен бундай таъна-маломатларга биринчи марта дуч келаётганим йўқ. Шунга ўхшаш ҳодисалар 2011 йил кузида Нью-Йоркдаги Мода ҳафталиги давомида ва 2010 йил майида Каннда «Кино ОИТСга қарши» («Cinema Against AIDS») оқшомига мени ҳамраис қилиб тайинлашганида, шунингдек, Basel World ярмаркаси доирасида бўлиб ўтган менинг заргарлик буюмларим коллекцияси тақдимотида ҳам юз берган. Бу каби ҳужумлар тўлқини менинг яқинларим ва дўстларимга ҳам таъсир қилган. Ҳозирда машҳур шахслар томонидан Женевадаги банкларнинг бири устидан сохта гувоҳлик бериш ва обрўсизлантириш ҳолатлари бўйича даъволар берилган.

Bilan: Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини Беҳзод Аҳмедовнинг роли айниқса қизиқтирмоқда. TeliaSonera’нинг ички ҳужжатларига кўра, Швеция операторининг Coscom мобил алоқа компаниясини сотиб олиши бўйича музокараларида у гўёки сизнинг вакилингиз бўлган. Бошқа баъзилар эса, уни гўёки сизнинг ишончли кишиларингиздан бири, деб ҳисоблашади. TeliaSonera’нинг Ўзбекистонга келишига сиз қанчалик алоқадорсиз?

Гулнора Каримова: Мен ҳам худди шу саволни ўзимга ўзим бераман. Беҳзод Аҳмедов Ўзбекистонда телекоммуникация ускуналарини сотиб олишда ёки «Ўзбекнефтегаз» миллий холдинг компаниясида, шунингдек, оптик-толали алоқа тармоқларини ўтказиш ва бошқа турли соҳалардаги кўплаб лойиҳаларда қандай роль ўйнаган? Ўзбекистон Прокуратурасининг ўз сайтида ёзишича, МТС компанияси томонидан олиб кирилган ускуналар учун кўрсатилган ҳисоб-варақларида маҳсулот нархи аслидагидан 50 бараваргача қиммат кўрсатилган. Саволлар кўп. Беҳзод Аҳмедов Ўзбекистондаги кўплаб нуфузли шахслар – катта бойликка эга бўлган, лекин бу ҳақда билдиришни истамайдиган кишилар билан ишлар эди. Уларнинг кўпчилиги Беҳзод Аҳмедовни танирди ва уларни ҳам: «Қандай қилиб у МТС директори сифатида шубҳали савдоларни амалга ошира туриб, яна бизнинг дўстимиз бўлиб қолди?», деган савол қийнамоқда. ОАВда вазиятнинг турли талқинлари пайдо бўлди. Масалан, centasia.ru, news.ivest.kz, maxala.org каби сайтлардаги мақолаларда прокуратура хабаридаги ахборотга ўхшаш маълумотлар чоп этилди.

Мен шу ёзувлар ҳақиқатан ҳам бор-йўқлигига ишонч ҳосил қилиш учун ўша «ички ҳужжатлар»га бир назар ташлашни истардим. Швециянинг Mannheimer Swartling адвокатлар ҳайъати томонидан ўтказилган мустақил суриштирув бу каби ҳужжатларни топгани йўқ. Мен ҳеч қачон TeliaSonera вакиллари билан учрашмаган ва улар билан гаплашмаганман. Мен ишончли вакиллар орқали ҳаракат қилишни маъқул кўрмайман, чунки, тажрибам шуни кўрсатадики, мақомимдан келиб чиқиб, бундай йўналишда иш олиб бориш муаммоларни келтириб чиқаради.

Мен ўзимга-ўзим шундай савол бераман: TeliaSonera қандай қилиб Швеция компаниясининг Ўзбекистон бозоридаги бевосита рақобатчиси – МТСнинг бош директори сифатида ишлаб турган Беҳзод Аҳмедов билан шартнома тузиши мумкин? Сўнгги 10 йилдан бери Беҳзод Аҳмедов ҳам Москвада, ҳам Тошкентда МТСдан маош олиб турарди. Унга Москвадаги 15 миллион долларлик кўчмас мулк кўринишида берилган катта бонусларни ҳам эсдан чиқармаслик керак. TeliaSonera билан шартнома МТС билан келишмасдан туриб имзоланиши мумкин эмас эди. Менимча, бундай ҳаракатлар бизнес юритишнинг ҳар қандай қоидаларига зид. Coscom’ни сотиб олиш ортидан TeliaSonera нафақат Ўзбекистонда, балки Афғонистон ва Тожикистонда ҳам ўз ўрнини мустаҳкамлаб олди. Айни вақтда, коррупция бўйича айбловлар фақат Ўзбекистон бозорига нисбатан иддао қилинаётгани қизиқ.

Bilan: Швейцариядаги компанияларга бевосита ёки билвосита сармоя киритганмисиз, улардан бирортасини назорат қиласизми ёки назорат қилганмисиз?

Гулнора Каримова: Мен ҳеч қачон Швейцарияда бизнес юритиш имкониятларини кўриб чиқмаганман. Бундан ташқари, менинг дипломатик мақомим бунга йўл қўймайди. Агар сўнгги олти йилдан бери Швейцарияда менинг иштирокимда бизнес юритилаётгани билан боғлиқ маълумотлар аниқланганида эди, бу нафақат Швейцария ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан, балки БМТ томонидан ҳам тергов қилинган бўларди, чунки мен ўз мамлакатимнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги доимий вакиласи ҳисобланаман. Бу каби киноялар мухолифларимнинг туҳматларидир. «Зеромакс», Interspan, Oxus Gold олтин қазиб чиқариш компанияси, Россиянинг «Вимм-Биль-Дан» сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ширкати, Carlsberg пиво ишлаб чиқариш компанияси ва бошқаларга нисбатан ҳам менинг исмимни бир неча бор эслаб ўтишган.

2011 йилда мен қўрқитиш ва таҳдидлар устидан Швейцария судига даъво билан мурожаат қилишга ҳаракат қилгандим, бироқ менинг дипломатлик мақомим ўз ҳуқуқларимни ҳимоя қилиш бўйича даъво билан чиқишга имкон бермайди. Бироқ, билмасдан мени «Зеромакс» асосчиси ва ушбу компанияни назорат қилувчи шахс сифатида кўрсатган бир қатор Швейцария газеталарига жавоб бериш ҳуқуқига эга бўлгандим. Ушбу мақсадли таҳдидларга қарши туриш учун ходимлар жамоасининг катта меҳнати керак бўлади ва буларнинг барчаси асосий фаолият – етти миллион кишини қўллаб-қувватлаб турган «Фонд Форум» ишидан чалғитади, холос.

Ҳурматли мехмон, Сиз рўйхатдан ўтмасдан сайтимизга кирдингиз.
Лекин ўз фикр ва изоҳларингизни рўйхатдан ўтмасдан ҳам қолдиришингиз мумкин.