«BIZNESTRENER.UZ» бу – мамлакатимиз тадбиркор ва фермерлари ютуқларини кўрсатувчи кўзгу, «BIZNESTRENER.UZ» бу – хорижлик ишбилармонлар тажрибалари билан таништирувчи минбар, «BIZNESTRENER.UZ» бу – бой бўлишни истаганлар учун супер портал, «BIZNESTRENER.UZ» бу – тадбиркорлар ва инвесторларни боғлаб турувчи кўприк

biznestrener.uz » "Темир хоним"
Янгилик маълумоти
  • Кўрилди: 76921
  • Муаллий: Admin
  • Вақти: 23-02-2013, 23:45
23-02-2013, 23:45

"Темир хоним"

Йўналиши: ---

"Темир хоним"
 Дунёга "Темир хоним” номи билан машҳур бўлган Буюк Британия сиёсатчиси, собиқ бош вазир Маргарет Тэтчерни бутун  дунё билади. Маргарет Хилда Робертс 1925 йил 13 октябрда Англиянинг унчалик катта бўлмаган Грантем шаҳарчасидаги  дўкондор оиласида дунёга келди. Унинг отаси Алфред Робертс тижоратчи бўлишига қарамай, билим олиш учун тинимсиз  изланарди. Билимга ташналик, ижтимоий ҳаётга, сиёсатга, дунё воқеаларига қизиқиш унда ниҳоятда кучли бўлган. 1943  йилдаги сайлов жараёнларида фаол қатнашган Алфред Робертс Грантем шаҳри ҳокими лавозимига сайланади. Ҳали 18 ёшга  ҳам тўлмаган Маргарет отасининг ёнига кирди. Унга ҳамдард, ҳамфикр бўлди ва ўз қонида сиёсатга ташналик ҳисини жуда барвақт англаб етди. Отаси уни ин­тизомли, билимдон, бир сўзли ва қатъий фикрли қилиб тарбиялади.

Маргарет Оксфорд университетининг нуфузли коллежларидан бирида кимё фани бўйича таҳсил олди. Ўқув юртида у аъло баҳоларда ўқиди, бироқ уни кимёдан ҳам кўпроқ Оксфорд университетидаги консерваторлар ассоциациясининг фаолияти қизиқтирарди. Аксарият тала­балар лейбористларга хайрихоҳ эмасдилар. Бу ҳол ёш қиз қалбидаги курашчанлик туйғуларининг янада алангаланишига туртки бўлди. Кун сайин унинг тушунчалари ойдинлашиб, дунёқараши кенгая борди.

Отаси ҳамиша қизига: "Ўзгалар устидан ҳукм чиқариш учун инсон, энг аввало, ватани, халқи, оила­си ва ўз эътиқодига содиқ бўлиши керак”лигини уқтирарди. Кейинчалик Маргарет Тэтчер: "Мен ижтимоий ва сиёсий ҳаётда нимагаки эришган бўлсам, ҳаммасига қаттиққўл ва талабчан отамнинг шарофати билан эришдим” дея тан олганди.

Маргаретнинг ҳаётида муҳим ўрин тутган яна бир муҳим омил — машҳур иқтисодчи Фон Хаекнинг "Қулликка қарши йўл” деб номланган китоби эди. Бу китобда олим биринчилардан бўлиб давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётда тутган ўрни, унинг ҳар қандай шароитда инсон фа­ровонлиги ва мамлакат тараққиёти учун хизмат қилиши кераклигини таҳлил қилиб берган эди.

Университетни тамомлагач, Маргарет пластмасса ишлаб чиқарувчи фирмада ишлай бошлади. Бироқ сиёсий ҳаётга интилиш туйғуси унга сира тинчлик бермасди. У бўлажак парламент сайловларида ўз кучини синаб кўришга қарор қилди. Шу сабабдан ишдан қўли бўшади дегунча сайловчилар ҳузурига ошиқарди.

1948 йилдаги партия конференцияларининг бирида Маргарет Робертс бизнесмен Денис Тэтчер билан танишиб қолади. Конференция тугагач, Денис ёқимтой қизни ўзининг "Ягуари”да шаҳарга олиб бориб қўйишни таклиф қилди. Йўлда Робертс биринчи хотини билан ажрашгани, унинг исми ҳам Маргарет бўлганини сўзлаб беради. Бу ҳодиса фақат бир марта эмас, улар турмуш қургунла­рига қадар яна бир сайлов жараёни айланиб келгунча такрорланади... 1951 йилнинг 13 декабрида уларнинг тўйи бўлиб ўтади. Энди мисс Робертс миссис Маргарет Тэтчерга айланади.

1950-1951 йиллар Маргарет ҳаётида ниҳоятда қизғин кураш даври бўлди. У бу вақтда муваффақиятга эришгани йўқ, бироқ жуда катта тажриба тўплайди. Ана шундай пайтларда бўлажак бош вазирга отасининг: "Сен партияни шунчаки бошқаришга эмас, балки уни ўз ғояларинг билан суғоришга ҳаракат қил. Чунки қироллар ва қироличалар ҳам дунёга устун бўлмаган. Тарих бамисоли тегирмон тоши. Айланиб тураверади. Бироқ озодликни асраб қолиш ва уни келгуси асрларга софлигича инъом этмоқ ҳар қандай раҳбарнинг ҳам қўлидан келавермайди” деган ўгитлари далда берди.

Денис Тэтчер Маргаретга жуда муносиб умр йўлдош бўлди. У хотинидан ўн ёш катта эди. Шунинг учунми, Денис хотинининг барча интилишлари, дунёқараши ва мақсадларини қадрларди. Унинг ўзи ҳам консерваторлар партиясига Маргаретдан анча илгари аъзо бўлган эди. Эрининг ёрдами билан Маргарет моддий қийинчиликлардан батамом халос бўлди. 1953 йили Тетчерлар қўшалоқ фарзанд кўришди. Бир-биридан ширин Марк ва Кэролларнинг онаси энди нима қилишини билмай боши қотди. Ана шундай қийин пайтда Денис ёрдамга келди. У Маргаретга ўқишини давом эттириб болалигидан орзу қилган мутахассислик – солиқ юристи бўлишига кўмаклашди.

1959 йили орзиқиб кутилган кунлар келди. Маргарет Тэтчер Британия парламентининг аъзоси этиб сайланди. Икки йилдан сўнг Нафақа ва суғурта ишлари вазирлигига таклиф қилинди. Кейин Маориф вазирлигига ишга ўтди. Булар бўлажак ислоҳотчининг жуда бой ва кенг қиррали тажриба тўплашига ёрдам берди.

Маргарет Тэтчер сиёсатга шунчаки ишқибоз эмас, содиқ ва изланувчан инсон сифатида консерваторлар орасида поғонама-поғона обрў қозона борди. 1975 йили ўтказилган сайловларда Маргарет Тэтчер консерваторлар партиясининг етакчиси ва Британия аёллари ичида биринчи бўлиб бош вазир даражасига кўтарилди. Тэтчерлар Лондондаги Даунинг-стрит кўчасида жойлашган 10-уйга – бош вазир қароргоҳига кўчиб ўтдилар. Бош вазир мамлакатда кучли ва барқарор сиёсат ўрнатиш, дунё мамлакатларининг талаб ва эҳтиёжларини қондира оладиган мукаммал саноатни ривожлантириш ҳамда халқнинг билим даражасини юксалтиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Тэтчер даврида сиёсий жараёнлар адолатли бўлди, илмий-техникада юк­салиш рўй берди.

Маргарет Тэтчер амалга оширган ислоҳотлар халқаро майдонда ўчмас из қолдирди: оилада, жамиятда, хизмат вазифасида ҳам барчага ибрат бўла олди. Шу сабабдан ҳам "Дунёнинг энг кучли аёли” деган номга сазовор бўлди ва халқ томонидан берилган бу унвони у тўла тўкис оқлади.

1983 ва 1987 йиллардаги сайловлар Тэтчерни бош вазирликдан кетказа олмади. У кўпинча вазирларга "Аёл киши эканлигимни унутинг” дея таъкидларди. Бироқ унинг аёллигини, боз устига "Темир хоним” эканлигини ҳеч ким унутмади.

1990 йили Маргарет Тэтчер Даунинг-стритдаги 10-уйни Жон Мейжорга бўшатиб берди. Тэтчерни ўз қабулига чақирган Елизавета II "Тэтчер бошқарган Британия дунёда энг катта нуфузга эга бўлди”, деган эди. Сиёсатчилар у бошқарган ўтган асрнинг 80-йилларини "Британча қайта қуриш даври” деб атайдилар. Унга яна қандай нисбатлар берилишидан қатъи назар, у тарихда ХХ асрнинг энг ёрқин сиймоларидан бири бўлиб қолди.
Ҳурматли мехмон, Сиз рўйхатдан ўтмасдан сайтимизга кирдингиз.
Лекин ўз фикр ва изоҳларингизни рўйхатдан ўтмасдан ҳам қолдиришингиз мумкин.
Орқага Олдинга