«BIZNESTRENER.UZ» бу – мамлакатимиз тадбиркор ва фермерлари ютуқларини кўрсатувчи кўзгу, «BIZNESTRENER.UZ» бу – хорижлик ишбилармонлар тажрибалари билан таништирувчи минбар, «BIZNESTRENER.UZ» бу – бой бўлишни истаганлар учун супер портал, «BIZNESTRENER.UZ» бу – тадбиркорлар ва инвесторларни боғлаб турувчи кўприк

biznestrener.uz » Одамларни ўлим чангалидан қутқарган жониворлар
Янгилик маълумоти
  • Кўрилди: 81061
  • Муаллий: AsqarBek
  • Вақти: 4-02-2013, 14:44
4-02-2013, 14:44

Одамларни ўлим чангалидан қутқарган жониворлар

Йўналиши: ---

Одамларни ўлим чангалидан қутқарган жониворлар

Биз инсонга садоқатли, дўст тутинган дельфинлар, отлар, итлар ҳақида кўп эшитганмиз. Уларнинг кўрсатган жасоратлари,   қаҳрамонликлари ҳам таҳсинга сазовор, албатта. Аммо бу каби жониворлар хонакилаштирилган, қўлда ўргатилганлиги учун уларнинг одамларга қилган яхшиликлари, вафодорлигига унча ажабланмаймиз. Бироқ ваҳший, ёввойи ҳайвонларнинг бу борадаги қаҳрамонликларига нима дейсиз? Қуйида инсонларни мудҳиш ҳолатлардан қутқарган, ўз ҳимоясига олган ана шундай воқеалардан айримларини келтириб ўтамиз.

 

 

 


1. ҚИЗЧА АРСЛОНЛАР ҲИМОЯСИДА
Бу воқеа 2005 йилда бўлиб ўтганди. Ўшанда ғойиб бўлган кениялик 12 ёшли қизча бир ҳафтадан бери қидирилаётган эди. Уни зўрлаб турмушга узатиш учун ёлланган ўғрилар ўғирлаб кетишганди. Етти кундан сўнг қизча уч арслон орасида пайдо бўлди. Бу қандай содир бўлгани ноаён, фақат шу маълум эдики, гаровдаги қизалоқ тутқунликдан кўра йиртқичлар орасида ўзини эркин тутаётганди. Кейинчалик аниқлик киритилишича, йиртқичлар ўрмон оралаб бораётган одам ўғриларига дуч келишгач, қароқчилар қизалоқни қолдириб, орқаларига қарамай қочишган. Арслонлар қизалоқнинг кўз ёшларини кўриб, юрагида раҳм-шафқат уйғонган бўлса ажаб эмас. Ёввойи ҳайвонлар орасида бир кун ҳимояда бўлган қизча полициячилар келишгач, ўз оиласига қайтган.

2. ГОРИЛЛА 3 ЁШЛИ БОЛАНИ ҚУТҚАРДИ
Барчага маълумки, ҳайвонот боғида ёввойи ҳайвонлар чегараланган махсус «гўша»ларда сақланади. Улар ўз ҳудудларини бошқалардан қизғаниб, содиқлик билан асрайдилар, биров яқинлашгудек бўлса, ғазаб отига минишади.

1996 йил 18 август санасида Брукфилд шаҳридаги (Иллинойс, АҚШ) ҳайвонот боғида пастликда қурилган маймун «гўша»лардан бирига тепадан бехосдан уч ёшли бола йиқилиб тушади. Болакай бошидан қаттиқ жароҳат олиб, шу заҳоти ҳушини йўқотади. У қутқарилиб, тиббий ёрдам берилгунга қадар вақт чўзилиши мумкин эди. Бироқ мўъжиза юз беради. Бинти-Жуа исмли горилла ҳушсиз ётган болакайни ердан оҳиста кўтариб, махсус ўрнатилган «нарвон» орқали тепадаги чегара темир тўсинларига яқинлашади ва уни одамларга узатади. Полиция ва ҳайвонот боғи ишчилари агар маймун ёрдам қўлини чўзмаганида болакайнинг аҳволи оғирлашиши мумкинлигини таъкидлашади.

3. КИТ ВА ЧЎКАЁТГАН ДАЙВЕР
Бу воқеа Хитойнинг Харбин шаҳридаги Polarland аквариумида, дайверлар мусобақаси ўтказилаётган пайтда содир бўлганди. Иштирокчилар аквалангсиз олти метр чуқурликдаги китлар сузаётган бассейнга (муз ҳароратидаги сувда) етиб олишлари керак эди. Қатнашувчилардан бири 26 ёшли Янг Юн маррага кам масофа қолганда бирдан оёғи томирлари тортишиб, ҳаракатдан тўхтайди. Сониялар ўтиб, чўка бошлайди. Ўлим ҳолати кузатилаётганини сезган оқ рангли кит Мила дарҳол ёрдамга келади. У Янг Юннинг оёғидан тишлаб, тепага кўтарилади. Шу тариқа Янг ўлим чангалидан қутулади.

4. ЧЎЧҚА ЭМАС, ВАФОДОР ИТ
Дастлаб чўчқача Лулуни бека Йо Энга тақдим этишганида у бу жониворни хушламай, уйига олиб кетишни истамаганди. Бунинг ўрнига унинг онасини беришларини, уни сўйиб, пасха байрамига дастурхонга тортишини айтди. Лулунинг ўзига хослиги, баъзи сифатларини айтиб мақташгач, рози бўлди.
Йо Энни ҳар замонда юрак тутқаноғи безовта қиларди. Бу гал ҳам шу ҳол содир бўлгач, Лулу ёрдам сўраш учун «хрю-хрю»лаб кўчага чиқди. Кўп ўтмай одамларни эргаштириб келди. Яна бир ҳол. У то эшикни ёпишни ўргангунга қадар дала ҳовлида қўриқчилик қилиб юрарди. Кунларнинг бирида бу «ҳунар»ни ўргангач, бемалол кўчага чиқадиган бўлди. Афсуски, бу жониворга қимматга тушди. Чунки бир куни уйига қайтса, бекаси полда беҳуш чўзилиб ётган экан. Лулу дарҳол кўчага чиқиб, одамларни бошлаб келиш учун ёрдамга шошилди ва уддасидан чиқди. Бу сафар ҳам у ўз бекасининг ҳаётини асраб қолди. Шундан кейин фақат дала ҳовлида айланиб юрадиган бўлди. Уни ўз бекасидан ташқари қўни-қўшнилар, қариндошлар ҳам яхши кўриб қолишди. Тез-тез жемли пончик билан сийлайдиган бўлишди.
Ана шунақа, Лулу чўчқа эмас, нақ вафодор итнинг ўзи!
 
5. ҚУЁН КЎРСАТГАН ЖАСОРАТ
Қуёндек беозор, ёқимтой жонивор бўлмаса керак. Афсуски, уни ҳайвонлар ичидаги энг қўрқоқ мавжудот деб камситамиз. Буни қарангки, ҳатто бу «қўрқоқ» жониворлар ҳам жасорат кўрсатишга ўзларида куч топа олишар экан. Худди ана шундай воқеалардан бири Англияда истиқомат қилаётган Симон Стеггал исмли йигит ҳаётида рўй берди. Бир куни у диванда ҳордиқ чиқариб ўтирганди. Унинг хотини Виктория ҳам шу яқин атрофда эди, аммо эри ишлаб чарчагани учун дамини олсин, деган ўйда уни ўз ҳолига қўйганди. Бу уйда шу билан бирга Дори исмли қуён ҳам яшаётганди. Ана шу жонивор хўжайинида нохушлик рўй бераётганини сезиб қолади. Кейин сакраб диванга кўтарилади-да, беҳуш ётган Симоннинг кўкраги устига чиқиб, у ёқдан-бу ёққа юради, хўжайинининг лабларига тумшуғини тутади, бир-икки ялайди ҳам. Бу ҳолга тасодифан нигоҳи тушган Виктория югуриб келади. Чиндан ҳам эри Симон беҳуш ётганига гувоҳ бўлади. У анчадан буён қандли диабет касаллиги билан хаста эди. Бу касаллик уни ҳолдан тойдириб, «кома»га туширгани маълум бўлади.
Беозор жонивор қуён Дори ўз хўжайинининг тузалиб оёққа туриб кетишига сабабчи бўлганлиги ҳақидаги хабар тезда шаҳарга ёйилади.

 

 

Ҳурматли мехмон, Сиз рўйхатдан ўтмасдан сайтимизга кирдингиз.
Лекин ўз фикр ва изоҳларингизни рўйхатдан ўтмасдан ҳам қолдиришингиз мумкин.
Орқага Олдинга